Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм бренди элчиси Софи Ибботсон билан учрашув бўлиб ўтди

16:24 01 Декабрь 2022 Сиёсат
326 0

Фото: Халқ сўзи

30 ноябрь куни Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимовнинг Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм бренди элчиси Софи Ибботсон билан учрашуви бўлиб ўтди.

Маълумот учун: Ўзбекистон ҳақида катта билимга эга бўлган С.Ибботсон 2019 йилдан буён Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм бренди элчиси ҳисобланади. У Британиянинг энг нуфузли сайёҳлик нашри бўлган «Брадт Травел» учун Ўзбекистон бўйича қўлланма муаллифидир.

Таъкидлаш керакки, Софи Ибботсон жорий йилнинг 30 ноябрь куни бошланган «Ипак йўлидаги туризм» 27-Тошкент халқаро туризм ярмаркасида спикер сифатида иштирок этиш, шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган туризм соҳасидаги энг сўнгги ислоҳотлар ва янги қурилган туристик иншоотлар билан яқиндан танишиш мақсадида юртимизга ташриф буюрди.

Учрашув доирасида Ўзбекистон хабардорлигини Буюк Британия ва Европа мамлакатларида оммалаштириш, туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда хорижий туристлар оқимини кўпайтириш, хусусан, икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш доирасидаги масалалар юзасидан музокаралар олиб борилди.

Шу билан бирга, туризм соҳасидаги халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг нуфузини ошириш, шу жумладан, Самарқанд шаҳридаги Ипак йўли халқаро туризм ва маданий мерос университетига британиялик профессорларни жалб қилиш, 2023 йилда Буюк Британия ва Европа давлатларининг етакчи сайёҳлик компаниялари ҳамда нуфузли ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этиш, Ўзбекистоннинг туристик шаҳарларига парвозларни амалга ошириш учун хорижий лоукостер авиакомпанияларини жалб қилиш, шунингдек, Самарқанд шаҳри – «Янги Ўзбекистон туризм дарвозаси» ташаббусини илгари сурган ҳолда, хорижда кенг тарғиб қилиш бўйича медиа-режа ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер