Ўзбекистоннинг бой маданияти ва туристик салоҳиятини жаҳонга тарғиб қилиш учун 100 миллиард сўм ажратилди

17:42 29 Март 2023 Сиёсат
690 0

Фото: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимиз туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Мамлакатимизда ҳозирги туризм мавсуми қисқалиги, уни узайтириш бўйича салоҳият жуда катта экани таъкидланди.

Тошкент, Жиззах вилоятларида қишки мавсумда – тоққа чиқиш, чанғи учиш майдонларини, Андижон, Самарқанд, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ёзги мавсумда – чўмилиш масканларини ташкил этиб, туристик мавсумга яна икки ой қўшиш мумкин.

Шу муносабат билан тегишли вазирликлар ва мутасаддиларга фестиваль ва маданият тадбирларини кўпайтириш, қишки, экологик туризмни ривожлантириш, қўриқхона, табиат боғлари ва табиат ёдгорликлари имкониятидан фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди.

Ички туризм бўйича муаллимлар ва тиббиёт ходимлари учун алоҳида дастурни тасдиқлаб, уларнинг юртимиз бўйлаб саёҳати ва дам олишларини ташкил қилишни бошлаш топширилди.

Бу йил мамлакатимизнинг бой маданияти ва туристик салоҳиятини жаҳонга тарғиб қилиш йили бўлиши кераклиги таъкидланди. Бунинг учун 100 миллиард сўм ажратилди.

«Ўзбекистон ташриф қоғози»ни ишлаб чиқиб, туризм брендини янгилаш, хорижий телеканалларда «Ўзбекистон ташриф қоғози»ни эфирга узатиш, АҚШ, Хитой, Араб давлатлари, Япония, Корея, Франция, Германия, Буюк Британия, Малайзия, Россия, Қозоғистон каби мамлакатларнинг йирик шаҳарлари гавжум кўчаларидаги экранларда «Ўзбекистон туризм бренди» ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш, миллиардлик обуначилари бор интернет платформаларида Ўзбекистон ҳақидаги реклама роликларини кўпайтириш топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер