Ўзбекистонлик паралимпия спортчиларида допинг аниқландими? Антидопинг агентлиги директори жавоб берди

12:49 24 Август 2021 Спорт
851 0

Хабарингиз бор, Япония пойтахти Токио шаҳрида Паралимпия ўйинлари бошланиш арафасида. Хўш, спортчиларнинг тайёргарлик жараёнида Агентлик нималарни амалга оширди? «Халқ сўзи»нинг шу каби саволларига  Ўзбекистон делегацияси бош шифокори Миллий антидопинг агентлиги бош директори Нодиржон Турсунов жавоб берди.

- Паралимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнида Агентлик томонидан қандай ишлар амалга оширилди?

- Бугун Токио-2020 Паралимпия ўйинларига старт берилади. Ўзбекистон паралимпия спорт делегацияси Японияга 20 август куни жўнаб кетади. Паралимпия спортчилари билан деярли 2 йил аввал режа асосида тайёргарлик ишлари бошланиб, барча 8 та паралимпия спорт турлари бўйича шуғулланаётган спортчилар, уларнинг мураббийлари ҳамда тиббиёт ходимлари билан 60 дан ортиқ антидопинг семинарлари, давра суҳбатлари ва маҳорат мактаблари шаклида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.

Ушбу тадбирларда 300 га яқин спортчилар, шу жумладан, Токио-2020 Паралимпия ўйинларида иштирок этиш учун лицензия олган паралимпиячиларимиз фаол жалб этилиб, иштироки таъминланганди. Антидопинг таълим семинарлари Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси негизида ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бириктирилган ўқув-машғулот базаларида амалга оширилди. Пандемия даврида спортчиларнинг саломатлиги учун хавф туғдирмаслик ҳамда қўшимча қулай шароит яратиш мақсадида семинарларнинг бир қисми онлайн вебинарлар шаклида ташкил этилди.

- Спортчилардан олинган допинг-синамалар ҳақида маълумот берсангиз.

- Антидопинг тайёргарлигимизнинг бошқа йўналиши - бу спортчилардан даврий допинг-синамаларни олиб, натижаларини ўрганишдир. Айтиб ўтиш жоизки, сўнги икки йил ичида паралимпия спортчиларимиздан 255 та допинг-синама (жами допинг-синамаларнинг умумий сонига нисбатан 42.1%) олиниб, уларнинг деярли барчасида тоза, тақиқланган моддалардан ҳоли натижалар қайд этилди.  

- Олимпиада ўйинларида Миллий антидопинг агентликларининг иштироки қай даражада бўлиши керак. Умуман бу керакми?

- Хабарингиз бор, Халқаро олимпия ва паралимпия қўмиталари ҳамда Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг қўшма баёнотига кўра, Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларидан бошлаб барча кейинги ўйинлар ҳамда йирик қитъавий ўйинларда (биз учун бу Осиё ва Параосиё ўйинлари) миллий спорт делегацияларнинг таркибига миллий антидопинг агентликларининг вакилларини киритиб ўйинларга сафарбар этиш тавсия этилган. Бундан кўзланган асосий мақсад шуки, дунёда допинг билан боғлиқ турли можаролар вақт сайин кўпайиб, ўйинларда антидопинг соҳасида спортчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тегишли мажбуриятларининг мазмуни ва моҳияти тўғрисида хабардор этиб туриш, допинг-синамалар топшириш чоғида уларга қонуний вакил ва малакали ҳамроҳ вазифасини ўтаб, спортчининг фикр-хаёли бузилмаслиги ва фақат муваффақиятли чиқишлари ҳақида бош қотиришини таъминлашдир.

Таъкидлаш лозимки, яқинда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларига АҚШ спорт делегациясининг таркибида 16 нафар, Россия - 7 нафар, Қозоғистон - 2 нафар миллий антидопинг агентлиги мутахассисларини юборишди.

Ўз навбатида Агентлигимиз учун бу каби йирик спорт мусобақаларда допинг-назорати жараёнининг ташкил этишни яқиндан кузатиб ўрганиш бўйича катта амалий маҳорат мактабидир. Чунки, сир эмас, йилдан йилга Ўзбекистон кўплаб халқаро миқёсидаги нуфузли спорт тадбирларига мезбонлик қилмоқда ва уларнинг энг йириги - ёшлар ўртасида «Тошкент-2025» Осиё ўйинларидир. Табиийки, уларни ташкил этишдаги ҳар бир жиҳати, шу жумладан, допинг назорати ҳам юқори савияда бўлиши талаб этилади.

Афсуски, Токио-2020 Олимпия ўйинларида спорт делегациясининг таркиби шакллантирилиши жараёнида бир неча бор қилган мурожаатларимизга қарамасдан, Миллий олимпия қўмитаси Агентликдан тавсия этилган биронта мутахассисни делегация таркибига киритишга имкон топмади. Бунинг акси ўлароқ, Токио-2020 Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган спорт делегациясининг таркибидан Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигининг вакили жой олди. Бу эса юқорида таъкидлаб ўтганимиздек спортчиларимизни ҳуқуқларини ҳимоя қилишда асосий омил ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?