Ўзбекистонда журналистлик фаолиятни ҳимоя қилишга масъул давлат органлари ва уларнинг ваколатлари аниқ белгиланмаган

15:43 30 Июль 2021 Жамият
394 0

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида айтиб ўтилди.

Унда қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш мақсадида қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторинг ўтказиш амалиёти йўлга қўйилиб, Сенат қўмиталари томонидан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда бошқа манфаатдор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда 20 га яқин Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ўрганиб чиқилди.

Таҳлиллар айрим қонунларда аниқ механизмларнинг акс эттирилмаганлиги, ҳаволаки нормаларнинг мавжудлиги сабабли соҳанинг асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниб келинганлиги, шунингдек, қабул қилинган айрим қонунлардаги нормаларнинг амалиётда қўлланилмаётганлиги сабабли қонунларни бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш лозимлигини кўрсатди.

Жумладан, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунида Чернобил ҳалокати ҳамда ҳарбий хизматни ўташ оқибатида III гуруҳ ногирони, деб топилган шахсларнинг пенсия таъминоти тўғрисидаги норма ўз аксини топмаган. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ходимининг айби билан тўланган ортиқча пенсия натижасида бюджетга етказилган зарар миқдори айбдор шахсдан регресс тартибида суд орқали ундирилишига оид нормалар қонунда келтирилмаган.

Шунингдек, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунда журналистлик фаолиятининг замонавий йўналишларига оид (медиамаркетинг ва бошқалар) тушунчаларнинг ҳуқуқий таърифи белгиланмаган. Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилишга масъул бўлган ваколатли давлат органлари ва уларнинг ваколатлари аниқ белгиланмаган.

Бундан ташқари, «Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида»ги Қонунда қутқарув фаолиятида муҳим аҳамият касб этувчи ҳаракатлар режалари тушунчасига таъриф берилмаган. Қутқарув ишларининг турлари кенг ва батафсил ёритилмаган. Фавқулодда вазиятларнинг классификацияси ва тоифалари белгиланмаган.

Қолаверса, «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги Қонун 1999 йилда қабул қилинган бўлиб, уни бугунги кун нуқтаи-назаридан қайта кўриб чиқиш лозимлиги, хусусан, алоқа линияси, тариф режаси, тармоқ хизматлари, телекоммуникация инфратузилмасидан биргаликда фойдаланиш, телекоммуникация инфратузилмаси каби тушунчалар ва уларнинг таърифлари берилмаганлиги қайд этилди.

Сенат қўмиталари томонидан Парламент ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда бошқа манфаатдор идора ва ташкилотлар билан биргаликда ўтказилган мониторинглар натижасида қонунларни такомиллаштириш, амалиётда учраётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган қатор таклифлар ишлаб чиқилганлиги таъкидланди.

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?