Ўзбекистонда қанча фуқаро биринчи марта Президентлик сайловида қатнашиши айтилди

08:39 18 Октябр 2021 Жамият
369 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти учрашувида Ўзбекистонда қанча фуқаро биринчи марта Президент сайловида қатнашиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» хабар берди.

Маълум бўлишича, 17 октябрь куни Ёшлар ижод саройида Ёшлар парламенти томонидан «Сайлов ёшлар нигоҳида» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтган. Унда президентлик сайловида ёшларнинг иштироки ва сайлов қонунчилиги юзасидан очиқ мулоқот ўтказилган. Шунингдек, Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, фуқароларнинг сайловдаги ҳуқуқ ва эркинликлари ҳақида тушинтиришлар берилган. Таъкидланишича, «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини янада кенгроқ таъминлашда муҳим омил бўлган.

Қайд этилишича, президентлик сайловида умумий сайловчиларнинг қарийб 7 миллиони ёшларни ташкил этса, улардан 880 мингтаси биринчи марта сайловда қатнашади. Таъкидланишича, ҳозиргача Ёшлар парламенти ёшларнинг, хусусан, илк сайловчиларнинг сайловларда иштирок этиши ва уларнинг сайлов ҳақидаги билимларини мустаҳкамлашга оид республика бўйлаб 124 та давра суҳбати, тарғибот ишлари олиб борган. Бундан ташқари, «Парламент мухлиси» лойиҳасининг сўнгги 4 та сони айнан сайлов жараёнларига, сиёсий партиялар фаолиятига бағишланган. Бундан ташқари, Ёшлар парламенти аъзолари ижтимоий тармоқларда «Биз бўлмасак ким?» хештеги остидаги челленжга старт берган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?