Ўзбекистонда Паралимпия истиқболлари муҳокама қилинди

16:54 20 Май 2021 Спорт
1213 0

Фото: Сардор МУЛЛАЖОНОВ ("Халқ сўзи")

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси ҳамкорлигида «Ўзбекистонда Паралимпия истиқболлари» мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган «Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган вазифалар, истиқболдаги режалар бўйича журналистларга батафсил маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, қарорга мувофиқ, барча турдаги спорт таълим муассасаларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун спорт бўлимларини босқичма-босқич ташкил этиш ҳамда иқтидорга эга бўлган жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни танлаб олиш, уларни спорт турларига йўналтириш, тайёрлаш ҳамда олий спорт маҳоратига эришишни таъминловчи узлуксиз ягона комплекс тизимни жорий этиш белгиланди. Шунингдек, ҳужжат билан паралимпия спорт турлари бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яратиш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларини рағбатлантириш, жисмоний ва ижтимоий мослашуви интеграциясини дастурий-услубий таъминлаш режалаштирилмоқда. Спорт таълим муассасаларида (шу жумладан, олий таълим муассасаларида) фаолият юритаётган паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш тизимини кучайтириш каби масалалар ҳам қарорда ўз ифодасини топган.

Бундан ташқари, Президент қарори билан паралимпия спорт турларини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш, услубий қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилиш мақсадида Паралимпия қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади. Ушбу қарор билан шунингдек, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Паралимпия факультети, Паралимпия қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти ҳам ташкил этилади.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб «Спорт ҳамма учун» лойиҳаси доирасида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни параспорт турлари билан кенг қамраб олиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятга интеграция қилиш мақсад қилинган.

Шунингдек, қарорга мувофиқ, ҳар йили 3 декабрь – Халқаро ногиронлар кунига бағишлаб кўзи ожизлар, заиф эшитувчилар ва ампутантлар ўртасида параспорт турлари туркумига киритилган парастол тенниси, 5х5 футбол, голбол, параенгил атлетика, парапауэрлифтинг, парабадминтон, шахмат ва бошқа спорт турлари бўйича Тошкент шаҳрида республика параспорт фестивали, шунингдек, бошқа ҳудудларда параспорт фестиваллари ташкил этилади.

Раҳим ШEРҚУЛОВ
(«Халқ сўзи»).

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер