Ўзбекистонда ўтган йили ис газидан вафот этганлар сони очиқланди

00:42 28 Январь 2022 Жамият
991 0

Жорий йилнинг 27 январь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги вакиллари фуқароларнинг ис газидан заҳарланиши бўйича умумий статистик маълумотларни тақдим этди.

2021 йилда республикада жами 74 нафар ис газидан заҳарланиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, шундан 67 нафари заҳарланган, 128 нафари вафот этган бўлса, 2022 йил 25 январь ҳолатига кўра, 16 та ҳолатда 9 киши заҳарланган, 28 киши вафот этган.

Таҳлилларга кўра, газдан заҳарланишнинг аксарият ҳолатлари қуйидагиларга боғлиқ:

фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғидан (кўмир ва ўтин) фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя қилмаслик;

ностандарт (уй қурилиши) ёки сертификатланмаган иситиш печлари ва жиҳозларидан фойдаланиш;

иситиш печлари дудбўронларини нотўғри ўрнатиш;

ҳаво алмашинуви бўлмаган хоналарни иситиш учун очиқ олов (кўмир) дан фойдаланиш;

ҳаво ўрнини босувчи шамоллатиш тешикларини ёпиш.

Таҳлил давомида экспертлар бахтсиз ҳодисалар қуйидаги сабабларга кўра содир бўлганлигини аниқлади:

электр жиҳозларини ишлатиш қоидаларини бузиш — 30%;

очиқ оловга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш — 23%;

иситиш печларини қуриш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш — 20%;

болалар томонидан эҳтиётсизлик — 9%;

чекаётган вақтда эҳтиётсизлик билан муомала қилиш — 8%;

газ ускунасидан фойдаланиш қоидаларини бузиш — 3%;

ҳаво-газ аралашмасининг чақнашлари — 16%.

Қайд этилишича, қиш мавсумида ўртача ҳар учинчи ёнғинга иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш сабаб бўлмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада уч нафар эркак ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳамда Самарқандда ўтган йили ис газидан заҳарланиб вафот этган 18 киши ҳақида маълумот берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?