“Ўзбекистонда ўсмирлар ва ёшларнинг руҳий саломатлиги мавзусида идоралараро давра суҳбати

16:48 26 Август 2022 Сиёсат
482 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Жорий йил 26 август куни Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда ўсмирлар ва ёшларнинг руҳий саломатлиги” мавзусида идоралараро давра суҳбати бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда парламент, манфаатдор вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, шу жумладан Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов, вилоят руҳий саломатлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси Ледиа Лазери, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов, ЖССТнинг Ўзбекистондаги минтақавий техник координатори Томас Хиатт иштирок этди.

Давра суҳбати Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва чора-тадбирлар, билим ва илғор халқаро тажриба алмашиш, аҳоли, айниқса, ўсмирлар ва ёшларнинг руҳий саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган илмий тадқиқотлар натижалари ва ривожланиш стратегиялари муҳокама қилиш мақсадида ўтказилди.

Маълумот учун қайд этиш лозимки, 2019 йил февраль ойида дунёнинг бошқа мамлакатлари каби Ўзбекистон ҳам аҳолига кўрсатиладиган руҳий саломатлик хизматини ривожлантириш, психиатрия ёрдами фойдмаланиш имкониятини, самарадорлиги ва сифатини ошириш, руҳий касалликларнинг ижтимоий-иқтисодий юкини камайтириш, шунингдек, кўрсатилаётган даволаш-диагностика ва тиббий-реабилитация ёрдамидан аҳолининг максимал даражада қониқишига эришиш соҳасидаги чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2019 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 13 февралдаги ПҚ–4190-сонли қарори қабул қилинди.

Тадбирда ушбу соҳа ҳам Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш миллий мақсадлари вазифаларидан бири экани ва нафақат аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда яхшилаш, балки жамиятдаги тенгсизликларни камайтириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тарғиб қилиш, адолатли ва сифатли таълим, гендер тенгликни таъминлашни ҳам ўз ичига олиши таъкидланди.

Бундан ташқари, Концепцияда изчил, кенг қамровли ва барқарор ижтимоий-иқтисодий ўсишга кўмаклашиш, руҳий касалликларга чалингани учун одамларга тамға қўйиш ва уларни камситишнинг олдини олиш, аҳолининг руҳий саломатлик масалалари бўйича хабардорлик даражасини ошириш ва одамларнинг турмуш сифатини яхшилаш билан боғлиқ бошқа муҳим масалалар ҳам назарда тутилган.

Бутун дунёда, жумладан, мамлакатимизда ҳам ўсмирлар ва ёшлар иқтисодий, ижтимоий, руҳий касалликлар, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, киберижтимоийлашув, таълим муассасалари ва жамиятда тамға қўйиш ва яккалаб қўйиш каби кўплаб муаммоларга дуч келмоқда. Умуман олганда, ҳозирда ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва руҳий саломатлик, шу жумладан депрессия, ташвиш ва фаровонлик ўртасидаги боғлиқликни кўрсатадиган муҳим тадқиқотлар мавжуд.

Давра суҳбатининг иккинчи қисмида “Оила” республика илмий-амалий маркази тадқиқот гуруҳи ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси координатори Валерий Хан “Интернет, виртуал ижтимоий тармоқлар ва ахборот технологияларининг Ўзбекистонда ўсмирлар фаровонлиги ва саломатлигига таъсири” мавзусидаги тажриба тадқиқоти натижаларини тақдим этди.

Кун тартиби доирасида илғор халқаро тажриба ва ЖССТнинг дунёдаги руҳий саломатлик бўйича глобал ҳисоботи кўриб чиқилди. Халқаро экспертлар ҳам Ўзбекистонда бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларга ўз баҳоларини бериб, ўз фикрларини билдирди. Таъкидланишича, Бутун дунёда руҳий саломатликка бўлган эҳтиёж юқори, бироқ улар етарли даражада қондирилмаяпти. ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра дунёда 10 ёшдан 19 ёшгача бўлган (2020 йил) 1,2 миллиарддан ортиқ ўсмир бор ва уларнинг 13 фоиздан ортиғи руҳий касалликка чалинган.

Бу 15-19 ёшдаги тахминан 86 млн ўсмир ва 10-14 ёшли 80 млн ўсмир руҳий касаллик билан яшашини англатади. Ўзгаришлар қайси соҳаларда кўпроқ зарурлигини ва уларни миллий миқёсда қандай қилиб энг яхши тарзда амалга ошириш мумкинлигини аниқлаш учун бутун дунё бўйлаб илғор тажрибалардан фойдаланиш зарур.

Шу билан бирга, руҳий саломатлик ва жамиятнинг ушбу муаммоларга қизиқишини оширишда, руҳий саломатликка таъсир кўрсатувчи муҳитни ўзгартиришда, руҳий саломатлик тизимини мустаҳкамлашда барча манфаатдор томонларнинг, айниқса, ёшларнинг ўзлари иштирок этиши муҳимлигига эътибор қаратилди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя, болалар ва ўсмирларни ҳимоя қилишнинг мавжуд тизимларидаги айрим умумий таркибий тўсиқларни бартараф этиш бўйича бир қатор чора-тадбирларни ўрганиш ва ишлаб чиқиш зарур.

Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Дилор Тошмуҳамедова бошчилигида ўсмирлар ва ёшларнинг руҳий саломатлигини мустаҳкамлаш ва олдини олиш бўйича келишилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш бўйича тармоқлараро техник ишчи гуруҳи тузилгани ва иш бошлагани маълум қилинди.

 

 

«Халқ сўзи»,
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер