Ўзбекистонда неча нафар ногиронлиги бўлган шахслар бор?

17:13 15 Апрель 2025 Жамият
231 0

2025 йил I чораги якунига кўра, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар сони 1 миллион 31 минг 609 нафарни ёки Ўзбекистон умумий аҳолисининг 2,7 фоизини ташкил этмоқда. Бу ҳақида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумот берди.

Билдирилишича, ногиронлиги бўлган шахсларнинг 173 минг 285 нафари 18 ёшгача бўлган болаларни, 94 минг 722 нафари – I гуруҳ, 695 минг 372 нафари – II гуруҳ ҳамда 67 минг 6 нафари – III гуруҳ ногиронлари ҳисобланади.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг 465 минг 645 нафари ёки 45 фоизи аёллар, 565 минг 964 нафари ёки 55 фоизини эркаклар ташкил қилади.

Ногиронлиги бўлганларнинг ёши бўйича энг юқори кўрсаткич 30 ёшдан пенсия ёшигача бўлганларда кузатилиб, уларнинг сони 493 минг 879 нафарни ташкил этган.

Бундан ташқари, 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан 17 минг 499 нафар шахсларга бирламчи, 41 минг 487 нафар шахсларга қайта ногиронлик белгиланган.

Сўнгги маълумотларга кўра, бирламчи ногиронлик ҳолатлари асосан қон айланиш аъзолари касалликларида кузатилиб, уларнинг сони 2 минг 808 нафарни, суяк-мушак касалликлари тизимида 1 минг 900 нафарни, туғма нуқсонларда 1 минг 724 нафарни, эндокрин касалликларида 1 минг 580 нафарни ҳамда асаб тизими касалликларида 1 минг 349 нафарни ташкил қилган.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳудудлар кесимидаги энг юқори кўрсаткичи Самарқанд вилоятида кузатилиб, 110 минг 189 нафарни ташкил этган. Қашқадарёда 108 минг 041 нафар, Фарғонада 94 минг 395 нафар, Андижонда 88 минг 470 нафар ҳамда Сурхондарёда 88 минг 470 нафар ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатга олинган.

Энг паст кўрсаткич эса Сирдарё вилоятида кузатилиб, 38 минг 123 нафарни ташкил этган. Жиззахда 44 минг 496 нафар, Навоийда 48 минг 172 нафар ҳамда Бухорода 60 минг 446 нафар ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатга олинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?