Ўзбекистонда кўзи ожиз китобхонлар учун қандай имкониятлар яратилмоқда?

07:35 30 Октябр 2020 Жамият
202 0

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида 62000 дан зиёд кўзи ожиз инсонлар истиқомат қилади. Хўш улар учун кутубхоналарда қандай қулайликлар яратилган? Бу борада Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали Ахборот-ресурс маркази директори Шахноза Тиллашайхова маълумот берди.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган «Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорда ҳам «Махсус ахборот-кутубхона муассасалари томонидан ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш учун ногиронлиги бўлган шахслар тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш мақсадида республикадаги 1, 2 ва 3-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш, рўйхатни ҳар уч йилда янгилаб бориш. Шакллантирилган рўйхат асосида 250 нафар кўзи ожиз ногиронлиги бўлган шахслар яшайдиган туман(шаҳар)ларда янги кўзи ожизлар кутубхонаси филиаллари ташкил этиш чораларини кўриш» тўғрисида алоҳида банд келтирилган. Бундан ташқари, ушбу ҳужжатда Тошкент шаҳрида янги кўзи ожизлар кутубхонасини очиш тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда кўзи ожизлар кутубхоналари фаолиятини ривожлантириш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Дастурга биноан, махсус ахборот-кутубхона муассасалари томонидан ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш учун ногиронлиги бўлган шахслар тўлиқ қамраб олиниши мақсадида республикадаги 1, 2 ва 3-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар рўйхати шакллантирилади ҳамда ҳар уч йилда янгилаб борилади. Шакллантирилган рўйхат асосида 250 нафар кўзи ожиз шахслар яшайдиган туман (шаҳар)ларда янги кўзи ожизлар кутубхонаси филиалларини ташкил этиш назарда тутилган.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган китобхонлар ўртасида «Энг фаол китобхон», «Брайл ёзувида тез ва ифодали ўқувчи китобхон», «Энг яхши китобхон оила» каби кўрик-танловларни мунтазам ва босқичма-босқич ўтказиб бориш, шунингдек, Марказий кўзи ожизлар кутубхонасида Брайл ёзувида адабиётлар чоп этиш учун типография ҳамда аудио китоблар яратиш мақсадида овоз ёзиш студиясини очиш режалаштирилган.

Қарор билан ахборот-кутубхона муассасаларига келишга имконияти йўқ фойдаланувчилар учун Интернет орқали аудио китоблардан фойдаланиш тизимини йўлга қўйиш ҳамда кўчма кутубхоналар ташкил этиш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланди.

Лекин Тошкент шаҳрида 4 мингдан ортиқ кўзи ожиз фуқаролар бўлишига қарамай ҳануз шаҳар кутубхонаси очиш ортга суриб келинган.

Учтепа туманида жойлашган шаҳардаги ягона кўзи ожизлар учун ихтисослашган Марказий кутубхона ҳамма фойдаланувчилар учун ҳам қулай эмас. Уйга китоб етказиш хизмати орқали ҳозир турли туманларда яшаётган кўзи ожиз ўқувчиларимизга Брайл ёзувидаги китобларни ҳам имкон борича етказиб беришга ҳаракат қилиняпти. Бироқ, уларни тўлиқ қамраб олиш осон эмас. Агар шаҳар кутубхонаси ва унинг туман филиаллари очилса, китобхонларга ҳам анча осон бўларди.

Ҳозир мамлакатда китобхонликка жалб қилиш бўйича жуда кўп ишлар қилиняпти. Лекин китобга ташна кўзи ожиз китобхонларчи?

Ўзбекистонда кўзи ожизлар кутубхоналари сони жами 123тага етди. Бу кутубхоналарга ўтган йил давомида Брайл ёзувидаги, 11 номдаги 1700дан ортиқ китоблар тарқатилган.

Республика бўйича кўзи ожизлар кутубхоналарининг умумий фонди 562 168та китобни, фойдаланувчилар эса 80 543 нафарни ташкил қилади.

Республика кўзи ожизлар босмахонаси томонидан таълим муассасалари учун 75 номда ўқув дарсликлар нашр қилинди. Қарши шаҳридаги «Мавҳумот оламига маълумот» тифлоахборот мажмуаси томонидан кўзи ожизлар кутубхоналарига 106 номдаги брайл адабиётлар етказиб берилди. Келгусида жамият томонидан тегишли ташкилотлар, тадбиркорлар билан ҳамкорликда мамлакатимизда кўзи ожизларнинг таълим олиш жараёнида зарур бўлган дарсликлар ва бадиий адабиётлар ададини оширишга оид хайрли ишлар кенгайтирилади”, дейди мутахассис.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?