Ўзбекистонда кимёвий ўғитларнинг зарарли таъсирини юмшатиш бўйича янги лойиҳа амалга оширилмоқда

02:42 28 Апрель 2024 Иқтисодиёт
452 0

Иллюстратив фото

Пойтахтимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Агрокимёвий таъсирларни юмшатиш стратегиясини ишлаб чиқиш орқали аҳоли саломатлиги ва сув ресурсларидан фойдаланишни такомиллаштириш» лойиҳаси бўйича кириш семинари бўлиб ўтди. Унда миллий ва халқаро экспертлар иштирок этиб, лойиҳанинг мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот беришди.

Мамлакат иқтисодиёти қишлоқ хўжалиги билан узвий боғланганлиги сабабли, экинлар ҳосилдорлигини ошириш учун кимёвий ўғитлар кенг қўлланилади. Бироқ, қишлоқ хўжалигида кимёвий ўғитлардан фойдаланиш жуда муҳим ва долзарб муаммодир. Чунки бу моддалардан интенсив фойдаланиш сув ресурсларини ифлослантириши, шу билан бирга атроф-муҳитга ва инсон саломатлигига таҳдид солиши мумкин.

Фото: "Халқ сўзи"

ФАОнинг янги лойиҳаси кимёвий ўғитлардан ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган бўлиб, кимёвий воситаларнинг сув ва ер сифати ҳамда инсон саломатлигига таъсирини баҳолаш учун кенг қамровли тадқиқотларни таклиф қилади. Лойиҳанинг амалга оширилиши сув ресурсларини самарали бошқариш, қишлоқ аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилиш ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Лойиҳани амалга ошириш жараёнида бир гуруҳ мутахассислар Ўзбекистонда агрокимёвий ўғитлардан фойдаланиш орқали уларнинг сув ва тупроқ сифатига ва аҳоли саломатлигига таъсири бўйича мавжуд маълумотларни турли ёш ва жинс вакиллари орасида чуқур таҳлил қилади. Бундан ташқари, бугунги кунда мамлакатда фойдаланилаётган кимёвий ўғитларнинг иқтисодий самарадорлиги қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш ва зараркунандалар зарарни камайтириш нуқтаи назаридан баҳоланади. Олинган натижалар асосида кимёвий воситалардан барқарор ва тежамли фойдаланиш бўйича методология ва сиёсий тавсиялар ишлаб чиқилади.

Лойиҳа доирасида кимёвий воситалардан фойдаланишни камайтиришнинг иқтисодий ва экологик фойдалари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича тадбирлар ўтказилади. Хусусан, фермерлар ва бошқа манфаатдор томонлар учун ўқув семинарлари ўтказилади, ахборот брошюралари ва онлайн ресурслар ишлаб чиқилади. Лойиҳа якунида ишлаб чиқилган тавсиялар ва услубиётлар кенг қамровли ҳисоботларда жамланади.

Лойиҳа кимёвий ўғитлардан масъулиятли ҳамда тўғри фойдаланиш нуқтаи назаридан қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган сиёсий, қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларни ўзгартириш бўйича ҳаракатлантирувчи кучга айланиши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер