Ўзбекистонда харид қилинган товарлар орқали икки ҳафта ичида беш миллиард сўмдан ортиқ нақд пул қайтариб қолинди

00:52 15 Январь 2022 Иқтисодиёт
561 0

Харид қилинган товар (хизмат)лар қийматидан 1% кешбекка эга бўлиш имконияти истеъмолчилар орасида тобора оммалашиб бормоқда.

Хусусан, мазкур тизим амалиётга жорий этилгач, дастлабки 14 кунда:

кешбек олиш учун 401 604 та ҚР-кодли чек рўйхатга олинди;

жами кешбек суммаси 5 млрд сўмдан ортиқни ташкил этди;

«Солиқ» мобил иловасида 25 мингдан ортиқ янги фойдаланувчи рўйхатдан ўтди.

Буни интизомли солиқ тўловчилар сафи кенгайиб бораётгани ҳамда онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланиш устидан жамоатчилик назорати кучайгани билан изоҳлаш мумкин.

Шу билан бирга, чеклардаги маълумотларни нотўғри кўрсатиш, ҚР-кодли чекларни бермаслик, бошқа шахсларнинг чеклари ҳисобига кешбекка эга бўлиш каби истеъмолчилар ҳуқуқларини поймол қилувчи, кешбек амалиётига салбий таъсир этаётган ҳолатларнинг юзага келаётгани кузатилмоқда. Жумладан, савдо ходимлари томонидан онлайн-НКМ чекларининг нусхаси (дубликат)ни чоп этган ҳолда харидордан аввалроқ рўйхатдан ўтказиш ҳолатлари кўп учрамоқда.

Шу боис, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида қуйидаги талаблар ўрнатилмоқда:

– ҚР-кодли чек биринчи марта СОЛИҚ мобил иловасида сканерланганда истеъмолчи томонидан киритилган телефон рақами билан маълумотлар базасида автоматик рўйхатга олинади. Қайта сканерланганда қурилма экранида чек қайси рақам орқали рўйхатга олинганини кўрсатувчи эслатма пайдо бўлади;

– ҳар бир фуқаро бир кунда битта савдо нуқтасидан 5 тагача чекни рўйхатга олиш тартиби жорий этилмоқда. 6-чек рўйхатдан ўтказилганда қурилма экранида кунлик лимит тугаганлиги тўғрисида эслатма пайдо бўлади.

ДСҚ кешбек амалиёти тўғри қўлланилишини доимий назорат қилиб бориш билан бирга, истеъмолчилар фирк-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда тизимни такомиллаштириб боради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?