Ўзбекистонда илк бор Осиё – Тинч океани минтақасидаги савдони соддалаштириш бўйича нуфузли анжуман ўтказиляпти

17:16 03 Апрель 2024 Иқтисодиёт
274 0

Фото: "Халқ сўзи"

Абдулазиз Йўлдошев/«Халқ сўзи». Самарқандда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Осиё ва Тинч океани бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ESCAP) ҳамкорлигида Осиё – Тинч океани минтақасида савдони соддалаштириш масалаларига бағишланган 11-халқаро форум бўлиб ўтмоқда.

Унда 30 дан ортиқ мамлакатдан 250 нафардан зиёд хусусий ва давлат компанияларининг масъуллари, халқаро экспертлар, ўндан ортиқ халқаро ташкилот вакиллари қатнашмоқда.

Айни пайтда савдо, транспорт-логистика, рақамлаштириш ва коммуникациялар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, электрон маълумотлар алмашинуви орқали савдони соддалаштириш ва бизнес юритишнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этиб боряпти.

— Форумининг асосий мақсади Осиё – Тинч океани минтақасида савдони соддалаштириш ва бу жараёнга ҳар бир божхона ҳамда савдо вазирлиги ходимларини жалб қилишдан иборат, — дейди Жанубий Кореялик халқаро эксперт Кижин Ким. — Иштирокчилар ўз мамлакатларидаги билим ва тажрибаларини алмашишлари ва бошқалардан ўрганишлари мумкин. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Осиё – Тинч океани минтақасидаги савдони соддалаштириш бўйича тадбир Марказий Осиё ва Ўзбекистонда илк бор ўтказиляпти. Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида дадил қадам қўймоқда. Қолаверса, Ўзбекистон савдо турларини осонлаштириш бўйича энг яхши давлат эканлиги учун ҳам биз шу ердамиз. Ўйлайманки, бу ҳаммамиз учун бирдек манфаатли бўлади.

Форумда Осиё – Тинч океани минтақасида савдосини соддалаштириш учун рақамлаштиришдан қандай фойдаланиш мумкинлигига эътибор қаратиляпти. Шунингдек, интерфаол ва информацион сессиялар ўтказилмоқда. Иштирокчилар савдони соддалаштириш ва рақамлаштиришнинг ўзига хос аҳамияти бўйича тажриба алмашиб, истиқболдаги режаларни белгилаб олиш имконига эга бўлишяпти.

Форум 5 апрелга қадар давом этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?