Ўзбекистонда Германиянинг “Knauf” компанияси учинчи заводини ишга туширди

14:31 21 Июль 2022 Жамият
362 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилоятининг «Шўрсув» саноат зонасида фаолият бошлаган корхонага қарийб 19 млн. евро ҳажмида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилиб, жаҳон бозорида бренд бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Ўзбекистон туманининг Шўрсув даҳасида қарийб 100 гектар майдонда жойлашган саноат зонасида бугунги кунда 30 дан ортиқ замонавий корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Истиқболли лойиҳалар доирасида гипсокартон, қурилиш гипси, цемент, пишиқ ғишт, керамик буюмлар, қора қоғоз, оҳак сингари қурилиш саноатида талаб юқори бўлган юзлаб турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариляпти. Тадбиркорлик фаолиятини илмий асосда ривожлантириш мақсадида ҳудудда 14 та кончилик марказлари ташкил этилган.

2022 йили туманда 26,5 млн. АҚШ доллари миқдорида экспорт фаолиятини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, 120 турдан ортиқ қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган 612 та саноат корхоналари кесимида «йўл харитаси» ишлаб чиқилган. Шунингдек, ҳудудда қулай инвестиция муҳити яратилгани туфайли Германия, Хитой сингари дунёнинг энг ривожланган давлатлари сармояси иштирокидаги корхоналар сони тобора кўпайиб бораётгани эътиборга сазовордир.

Янги корхона ишга туширилиши муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, “Knauf” компанияси ҳаммуассиси Николаус Кнауф, “Knauf” гуруҳининг бошқарувчиси Уве Кноцер, Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тило Клиннер, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, германиялик ва маҳаллий тадбиркорлар иштирок этдилар.

Тадбир қатншачилари дастлаб корхонадаги замонавий ишлаб чиқариш линиялари ҳамда ўрнатилган дастгоҳлар билан танишди. Лойиҳа қиймати қарийб 19 млн. евро бўлган ва йиллик 17 миллион квадрат метр гипсокартон листлари ҳамда 40 минг тонна қуруқ қурилиш аралашмаларини ишлаб чиқариш қувватига эга завод модулли технология асосида икки ярим йилда қуриб битказилди. Натижада бу ерда 80 та янги иш ўринлари яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва “Knauf” компанияси раҳбарияти иштирокида корхона ишга туширилишига рухсат берувчи рамзий калит босилиб, дунёга машҳур немис стандарти асосида тайёрланувчи илк маҳсулот тайёрлашга киришилди.

Хорижлик ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон ва Германия ўртасида кенг кўламли ҳамкорлик алоқалари йил сайин ривожланиб бораётгани алоҳида мамнуният билан эътироф этилди. Президентимизнинг 2019 йили Германияга расмий ташрифи, машҳур тадбиркорлар билан учрашуви самараси бўлган мазкур корхона фаолиятига муваффақият тиланди. Шу тариқа “Knauf” компаниясининг Ўзбекистондаги учинчи заводи сифатида бу ерда немис технологияси ва юқори экологик стандартларга мувофиқ сифатли қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, асосан ички бозор, бир қисмини хорижга экспорт қилиш режалаштирилган.

— Яқин истиқболда маҳсулотнинг 35 фоизини Қозоғистон, Қирғизистон, Турманистон, Афғонистон давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилмоқда, — дейди компания бошқарувчиси Уве Кноцер. — Талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, янги линиялар ишга туширилади. Компаниянинг ўқув маркази ташкил этилиб, профессионал мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Айни пайтда компания мутахассислари томонидан ҳудуднинг табиий-минерал хом ашёлари ўрганилиб, янги маҳсулот турларини ўзлаштириш, транспорт-логистика харажатларини қисқартириш, турдош корхоналар ўртасида ўзаро интеграция таъминлашига эришиш борасида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

— Малака ошириш курсида ўқиб, қисқа муддатда замонавий технологияларни бошқаришни ўргандик, — дейди корхона ишчиси Воҳиджон Муҳаммаджонов. — Тенгдошларим қаторида шундай корхонада ишлаётганимдан фахрланаман.

Корхона таъсисчиларидан бири Николаус Кнауф жаҳоннинг юзга яқин давлатларида 230 га яқин ишлаб чиқариш корхоналарига эга тадбиркорлик фаолияти давомида Фарғонадан ўзгача таассуротлар олганини завқ билан сўзлади.

— Дунё кўрган инсон сифатида Ўзбекистон, хусусан, Фарғонанинг гўзал ва бетакрор табиати, юксак деҳқончилик маданияти мени ўзига маҳлиё этди, — дейди у. — Шу боис бу юрт одамлари, табиати, шириндан-шакар меваларини ўзгача қадрлайман.

Шундай қилиб, бепоён боғлар, дала ва даштлар қўйнида муҳташам корхона ўз фаолиятини бошлади. Мамлакатимиз экспорт қудратини оширишга, пировардида халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилувчи бундай улкан лойиҳалар бардавом этишига ишончимиз комил.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер