Ўзбекистонда етиштирилаётган доривор ўсимликлар чет элга экспорт қилинмоқда

15:11 09 Сентябр 2022 Жамият
325 0

Фото: Халқ сўзи

Мамлакатимизда доривор ўсимликлар етиштириш, кўпайтириш, сақлаш, амалиётда қўллаш борасида халқ табобати замонавий тиббиётга ёндош соҳа сифатида ривожланган.

Таъкидлаш ўринлики, доривор ўсимликлар парваришида юртимизнинг табиий-иқлим шароити, биосфераси ҳам муҳим роль ўйнайди. Шу боис қадимдан юртимизда халқ табобати қадрият даражасига кўтарилган бўлиб, бугун давр талаби асосида жадал ривожланиши учун қулай шарт-шароит яратилди.

Ўзбекистонда доривор ўсимликларни етиштириш, уларни тўғри парваришлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан Тошкент вилоятига пресс-тур ташкил этилди. Унда ОАВ вакиллари Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган “Gerbofarm” хусусий корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди. Бу ерда қарийб 20 йилдан буён доривор гиёҳларни маданий ҳолда етиштириш ҳамда қайта ишлаш йўлга қўйилган. Бугунги кунда корхона ихтиёридаги 8 гектар ер майдонида талаб юқори бўлган 13 турдаги ўсимликлар, хусусан, мойчечак, наъматак, тирноқгул, тукли эрва, валериана, қалампир ялпиз, маврак кабилар экиб ўстирилмоқда.

Бу ерда барча жараён қўл меҳнати асосида амалга оширилади. Хусусан, бегона ўтлардан тозаланади, органик ўғитлар билан озиқлантирилади, гуллари ва мевалари қўл билан битта-битта йиғилади, улар махсус жойларга ёйиб қуритилади.

Қопларга жойланган хомашё омборлардан керакли миқдорда олиниб, ишлаб чиқариш цехининг саралаш бўлимига юборилади. Бу бўлимда доривор ўсимлик хомашёси бегона ўтлар, турли хил қолдиқлардан ажратилиб, майдалаш учун тегирмонхонага ўтказилади. Кейин махсус ўлчамли элаклар орқали қадоқлаш бўлимига юборилади.

Гофра қутилар «маҳсулот ва ишлаб чиқарувчи номи, манзили, церийа ва яроқлилик муддати, қутидаги маҳсулот сони» кўрсатилган махсус этикеткалар билан тамғаланиб, карантин омборхонасига жўнатилади. Маълум миқдорда тайёр бўлган дори воситаларига мувофиқлик сертификати олинганидан сўнг маҳсулотлар тайёр дорилар омборхонасига ўтказилади.

Ҳозирги кунда “Gerbofarm” хусусий корхонаси томонидан доривор ўсимликлардан 42 турдаги дори воситаси ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу дори воситаларини улгуржи дорихоналар, шифохона ва санаториялар фитобарларига етказиб беради. Корхона ўз маҳсулотларини нафақат маҳаллий ҳудудларга, Россия, Ҳиндистон каби давлатларга ҳам экспорт қилади. Доривор ўсимликларни таблетка, капсула ва фиточой ҳолида ишлаб чиқаришни бошлаган корхона 2016 йилга келиб, 1 гр, 1,5, гр, 2 граммдан фильтр пакетчаларда қадоқлашни йўлга қўйган.

“Gerbofarm” жамоаси яқин истиқболда гален препаратлар, мазь ва шу каби янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Моҳичеҳра Хамрақулова, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер