Ўзбекистонда дори воситаларининг клиник тадқиқотларини соғлом кўнгиллиларда ўтказишга рухсат берилди

01:07 23 Январь 2022 Жамият
751 0

Фото: Архив сурат

Ўзбекистонда дори воситаларининг клиник тадқиқотларини соғлом кўнгиллиларда ўтказишга қаратилган чеклов олиб ташланди. Шавкат Мирзиёев «2022-2026 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Президент фармони билан фармацевтика соҳасида қуйидагилар бекор қилинди:

донор қонини тўплаш ва унинг асосида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни хусусий тартибда амалга оширишга тақиқ;

дори воситаларининг клиник тадқиқотларини соғлом кўнгиллиларда ўтказишга чеклов;

халқаро брендлар асосида фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда мавжуд қувватлардан тўлиқ фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида таркиби бир хил бўлган дори воситаларини бир ишлаб чиқарувчи томонидан турли савдо номлари остида ишлаб чиқаришга чекловлар.

Шунингдек, 2022 йил 1 апрелдан фармацевтика маҳсулотлари харидларига ажратилиши режалаштирилган Давлат бюджети маблағлари миқдори доирасида маҳаллийлаштириладиган фармацевтика маҳсулотларини уч йил муддатга шартнома тузиш орқали кафолатли харид қилиш механизми жорий этилади. Бунда:

кафолатли харид қилиш шартномаларини тузиш бўйича танловлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан биргаликда шакллантирилган аввал республика ҳудудида ишлаб чиқарилмаган, истиқболда маҳаллийлаштириладиган субстанциялар, дори воситаларининг халқаро патентланмаган номлари (бундай ном бўлмаган тақдирда, мансуб дори воситалари гуруҳ номлари), тиббий буюмлар ва тиббий техникалар рўйхати (кейинги ўринларда – фармацевтика маҳсулотлари рўйхати) доирасида амалга оширилади;

фармацевтика маҳсулотлари рўйхати Давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг интернет сайтларида жойлаштирилади ҳамда ҳар йили янгиланиб борилади;

кафолатли харид қилиш шартномаларини имзолаш учун ғолиблар очиқ танловлар орқали аниқланади ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу танловларда давлат буюртмачиси ва бенефициар мулкдори ҳисобланади;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларга тузилаётган кафолатли харид қилиш шартномалар доирасида олдиндан бўнак тўловларини ўтказишга рухсат берилади.

2025 йил 1 январга қадар мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган технологик ва лаборатория жиҳозлари, улар учун бутловчи қисмлар ва эҳтиёт қисмлар, «тоза хоналар», сендвич-панеллар, фармацевтика ишлаб чиқариш объектларининг вентиляция тизимлари ва бошқалар божхона тўловларидан озод этилади.

Маҳаллий фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш фармацевтика тармоғини ривожлантириш комиссияси томонидан назорат қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг янги фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати чекланмаслиги айтилганди. Шунингдек, ўтган йили тарқалишига чек қўйилган қалбаки дори маҳсулотлари миқдори очиқланганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?