Ўзбекистонда болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича вакил институти жорий қилинади

16:25 20 Июль 2018 Жамият
4642 0
Фото: zamin.uz

Бугун дунёнинг 30 дан ортиқ давлатларида Болалар омбудсмани фаолият юритади. Уларнинг асосий вазифаси Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини қонунчиликка татбиқ этиш, боланинг шахси, шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатлари ҳимоясига бутун жамият ва давлатни фаол жалб этишдан иборатдир. Ўзбекистонда ҳам мазкур институтни жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этган давра суҳбатида бу ҳақда батафсил сўз юритилди. Унда ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшан Хан иштирок этди.

Мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизи ёки 10 миллиондан ортиғини айнан ёшлар ва болалар ташкил этади. Шу боис халқаро экспертлар бу ҳақда тўхталганда, “Ўзбекистон ёш, мустақил ва динамик тарзда ривожланаётган давлат” эканига алоҳида урғу беради. Бу эса, ўз навбатида, болалар ва ёшларнинг жисмоний, интеллектуал ҳамда маънавий-ахлоқий ривожланишини юқори даражада таъминлашга қаратилган тадбирларни амалга оширишни давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирмоқда.
 
“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича вакил тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳамда янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тақдимоти соҳа мутахассислари ва халқаро экспертларни ўзаро муҳокамага чорлади. 

— Бугун Ўзбекистонда болаликни ҳимоя қилиш миллий тажрибаси Конституция, кодекслар, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги каби 100 дан ортиқ қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда аксини топган, — деди ўз чиқишида қўмита раиси Акмал Саидов. — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида иш бошлайдиган Болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича вакил соҳада давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан жамоатчилик назорати ҳамда жамоатчилик бошқарувини ривожлантиради. Болалар ва ёшларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг янги шакл ва тартибларини ишлаб чиқади. Жамиятнинг энг ёш фуқаролари билан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш ҳам унинг масъулиятидаги вазифалардан. Янги қонун ёш авлод ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мукаммал миллий тизимини яратади.

Давра суҳбатида муҳокама қилинган қонун лойиҳалари ва уларнинг халқаро экспертизасида ЮНИСЕФнинг иштирокини янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?