Ўзбекистонда антикоррупция лабораториялари ташкил этилмоқда

11:03 04 Декабрь 2020 Сиёсат
838 0

Ўзбекистонда илк бор антикоррупция лабораторияларини ташкил этиш бўйича лойиҳа ишга туширилмоқда. Ушбу ташаббус «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан «Минтақавий мулоқот» (Словения) халқаро нодавлат ташкилоти кўмагида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабар берди.

Антикоррупция лабораторияларини ташкил этиш бўйича лойиҳа тақдимоти жорий йилнинг 2 декабрь куни Ўзбекистонда антикоррупция ҳафталиги доирасида ўтказилган “Давлат хизматчилари фаолиятида «ҳалоллик вакцинаси»ни жорий этиш масалалари” мавзусидаги халқаро онлайн-семинар давомида тақдимот қилинди.

Лойиҳа саккиз босқичда олиб бориладиган йирик антикоррупцион тадқиқотларни ўз ичига олади. Якуний мақсад — таълимнинг барча босқичларида, яъни мактабгача таълимдан олий таълимгача имкон қадар кўпроқ коррупция ҳолатларининг тўлиқ манзарасини ҳосил қилиш.

Маълумот учун: БМТ маълумотига кўра, коррупция жаҳон иқтисодиётига глобал ЯИМнинг 5 фоизида зарар келтиради, ҳар йили дунё бўйича пора миқдори 1 трлн долларни ташкил этади. Европа ҳамда Марказий Осиёда ҳар учинчи фуқаро коррупция уларнинг жамиятлари олдида турган жиддий муаммо деб ҳисоблайди. Ўзбекистонда коррупция нафақат унча юқори бўлмаган таълим сифатини пасайтиради, балки ОТМларнинг халқаро рейтинглардаги ўрнига ҳам салбий таъсир қилади.

Таълим аксарият фуқаролар ҳаёти давомида у ёки бу ҳолатда туташадиган соҳалардан биридир. Ота-оналар болаларини энг яхши мактабда сифатли таълим олишларини таъминлашга интилади, бироқ яхши мактаблар ҳамма хоҳловчиларга ҳам етмайди. Таълим тизими — ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бири. Айнан шунинг учун антикоррупция лабораторияларини ташкил қилиш лойиҳасининг таянч нуқтаси сифатида ушбу соҳа танлаб олинди.

Жумладан, тадқиқотнинг биринчи босқичида таълим тизимининг заиф томонларини, хусусан, болаларнинг мактабга қадам қўйиш босқичида эҳтимолий ва мавжуд коррупцион хатарларни аниқлашга чақирилади. Нега бир мактабда жой тўлмаган, бошқаларида эса ўқувчилар бир неча сменада ўқийди? Одамларни коррупция ҳаракатларини содир этишга нима ундайди? Коррупция занжири қаерда бошланадию қаерда тугайди? Вазиятни ўзгартириш учун нима қилиш керак? Ушбу саволларга жавоб топиш учун лаборатория экспертлари халқаро тажрибани ҳисобга олган, турли воситалардан фойдаланган ҳолда, республикадаги мактаблардан тўпланган маълумотларни кенг жамоатчилик, кўнгиллилар иштирокида таҳлил қилади.

Коррупция хатарлари ўтказиладиган сўров натижалари, статистик маълумотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва молиявий назорат органлари, шунингдек, мобил дастурлар орқали юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари асосида баҳоланади. Маълумотларни тўплаш ва коррупция хатарлари таҳлили доимий равишда ўтказилади, тегишли чоралар эса ҳар уч ойда ишлаб чиқилади.

Жамланган маълумотлар натижалари асосида ушбу тажрибани таълимнинг бошқа йўналишларида қўллаш режалаштирилган. Бунда ўқитувчиларни ишга қабул қилишда, дарс соатлари, синф раҳбарлигини тақсимлашда, мактаб ва синф фондига пул йиғишда, умумий таълим соҳасида давлат харидлари, абитуриентларни олий таълим муассасаларига қабул қилишда, ўқитувчи ва талаба ўртасида порахўрлик каби долзарб муаммолар инобатга олинади.

Тўпланган, таҳлил қилинган ва умумлаштирилган маълумотлар коррупция хатарлари бўйича кенг қамровли ҳисобот кўринишида таълим тизимида шаффофликни таъминлаш ва мутаносиб тавсиялар билан тақдим этилади. Шунингдек, бу каби лабораториялар соғлиқни сақлаш ва қурилиш каби бошқа соҳалардаги муаммоларга ечим топиш учун ҳам ташкил этилиши кутилмоқда.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати кенг жамоатчилик ҳамда ОАВларни коррупция ҳолатларини аниқлашда, тадқиқот натижалари бўйича қабул қилинган қарорларни мониторинг қилишда, волонтёрларни сўровлар ўтказишда фаол иштирок этишга чақиради.

Маълумот учун: Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш ҳафталиги Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, муайян вазирликлар, идоралар ва халқаро ташкилотлар томонидан ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?