Ўзбекистонда адвокатлар сони етарли эмас — депутат

10:41 12 Февраль 2021 Жамият
550 0

Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзолари ҳудудларда бўлиб, адвокатура институтининг фаолиятини таҳлилий ўргандилар.

Мазкур жараёнда адвокатура ҳанузгача одамлар ишончини қозонган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлана олмагани, адвокатларнинг ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган ва улар томонидан сифатли юридик ёрдам кўрсатилишига халақит бераётган қатор омиллар мавжудлиги аниқланди.

Биринчидан, мамлакатда адвокатлар сони етарли эмас (Ўзбекистоннинг 34 миллиондан ортиқ аҳолисига бор йўғи 4 минг нафар адвокат тўғри келмоқда). Натижада, фуқароларнинг юридик ёрдам олишга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилмаяпти, судларда ишларни юритишда тортишув принципи амалда таъминланиши чекланмоқда.

Иккинчидан, адвокатуранинг чинакам мустақиллиги тўлиқ таъминланмаган.

Учинчидан, адвокатлик касбига қабул қилиниш устидан давлат назорати механизми ҳанузгача сақланиб келиняпти;

Тўртинчидан, Адвокатлар палатасининг адвокатлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда етарлича ҳуқуқий воситаларга эга эмаслиги каби ҳолатлар мавжуд.

Бу масалада Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасига фуқаролардан ҳам адвокатура фаолиятига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масаласида келаётган таклифлар ўрганиб таҳлил қилиб борилмоқда. Хусусан, Тошкент вилояти Тошкент туманида яшовчи фуқаро М.Гилманова томонидан «Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қуйидаги ўзгартиришлар киритилишини таклиф этган.

Қонуннинг 3-моддасида олий юридик маълумотга эга бўлган ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни белгиланган тартибда олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Ўзбекистон Республикасида адвокат бўлиши мумкинлиги белгиланган бўлиб, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш гувоҳномасига эга бўлган шахслар бу фаолият тури билан шуғулланиши белгиланмасдан қолганлигини маълум қилиб, ушбу моддани «олий юридик маълумотга эга бўлган ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни белгиланган тартибда олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ва доимий яшаш гувоҳномасига эга бўлган шахслар Ўзбекистон Республикасида адвокат бўлиши мумкин» сўзларига алмаштириш, шунингдек қонуннинг 16-моддасидаги «адвокат Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда» деган нормани чиқариб ташлаш кераклиги тўғрисидаги таклифни берган.

Таъкидлаш жоиз, Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»нинг 10-бандига асосан, 2021 йилда «Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиши белгиланган. Шу боис, келиб тушаётган таклифлар қўмита томонидан ўрганиб чиқилиб, Адлия вазирлигига юборилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси «Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасига аҳолидан келиб тушаётган мурожаат ва таклифлар ҳамда амалга оширилган ўрганишлар асосида қонун лойиҳасининг концепциясига ўз таклифларини бериб бормоқда. Бу каби омиллар, албатта, қонуннинг пишиқ-пухта бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Аваз ЎРИНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ
масалалари қўмитаси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?