Ўзбекистонда 274 та кичик экобозор қурилмоқда

15:13 28 Ноябрь 2020 Жамият
112 0

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлигида ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, ижро ҳужжатлари бўйича ундирувни таъминлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходимлари, Олий суд, Бош прокуратура, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ҳамда Мажбурий ижро бюроси раҳбарлари, шунингдек, ҳудудий прокуратуралар, Департамент ва Бюро мутасаддилари иштирок этди.

Қайд этиш жоизки, Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 16 октябрь куни мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини, шунингдек қиш − баҳор мавсумида нархларнинг барқарор сақланишини таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини жамғариш ва “даладан-дастурхонга тамойилини” тўлиқ жорий этиш, нарх-навонинг асоссиз ошишини олдини олиш масалалари бўйича кечиктириб бўлмас чораларни кўриш юзасидан берилган топшириғига мувофиқ Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан мутасадди ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда муайян ишлар амалга оширилмоқда. 

Жумладан, юртимиз деҳқон бозорларида 473 та арзонлаштирилган махсус расталар ташкил этилиб, ишлаб чиқарувчининг ўз нархида маҳсулот сотиши таъминланди, зарур бўлган ҳолларда эса бевосита юк машинасидан савдо қилиш учун шароит яратиб берилди.

Ҳар бир бозорга масъул ходимлар бириктирилган ҳолда кунлик мониторинг ўтказилиб, нарх-навонинг ошиши эҳтимоли мавжуд бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи нархида интервенция қилиш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 15 мартидан шу кунга қадар 72,4 минг тонна картошка, 74,1 минг тонна пиёз, 22,6 минг тонна сабзи, 4,8 минг тонна карам, 5,8 минг тонна товуқ гўшти, 13,8 минг тонна гўшт, 63,1 млн дона тухум, 8,6 минг тонна гуруч ва 8,4 минг тонна шакар ишлаб чиқарувчилар нархида бир ҳудуддан иккинчисига интервенция қилинган.

Шунингдек, жойларда ишлаб чиқарувчилар, фермер ва деҳқонлар учун кичик экобозорларни ташкил этиш топшириғига биноан маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ҳудудларда 274 та кичик экобозорларнинг қурилиши бошлаб юборилди, 160 таси эса тўлиқ барпо этилди.

Тадбирда яна бир муҳим масала суд қарорлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Жорий йил 17 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳтарам Юртбошимиз Мажбурий ижро бюроси ўзининг барча куч ва воситаларини суд қарорларининг ижросига қаратиши ҳамда одил судловни таъминлашнинг ажралмас бўғинига айланиши лозимлигини белгилаб ўтди.

Йиғилишда таъкидланганидек, 2020 йил якунига қадар жами 5 трлн., шундан давлатга 2 трлн. сўмлик ижро ҳужжатларини ундириш бўйича режа график тасдиқланган бўлиб, шу йилнинг 1-17 ноябрь кунлари қолдиқдаги ижро ҳужжатлари бўйича қарийб 323 млрд. сўм ундирилди.

Ўтган 8 кунда эса жами 1,3 трлн. сўм, шундан давлат фойдасига 364,3 млрд. сўм ундирилиши таъминланди.

Шу билан бирга ҳудудларда ижро ҳужжатлари бўйича ундирувни таъминлашда сусткашликка йўл қўяётган Бюронинг масъул ходимлари ҳам кескин танқид остига олиниб, ўз фаолиятида асосий эътиборни давлат ундирувига қаратиши лозимлиги тушунтирилди.

Ўз ўрнида, тадбирда хатланган мол-мулкларнинг сотилиши, жиноий жарималар ҳамда солиқ қарздорлигини ундириш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш борасида аниқ топшириқлар берилди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд камчиликлар муҳокама қилиниб, вазифалар белгилаб берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?