Ўзбекистонда 193 мингдан зиёд аёлга 3,9 триллион сўм кредит ажратилди

2023 йилнинг 11 май куни Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди, унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш юзасидан қабул қилинган фармон ва қарорларида, шунингдек, 2022–2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастурда белгиланган вазифалар ижросининг бориши муҳокама қилинди.
Мажлисни Комиссия раиси, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Сенат Раиси мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фаоллигини ошириш, улар учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, айниқса, хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлаш йўлида муҳим чоралар кўрилаётганига эътибор қаратди.
Хусусан, 2022 йилда ушбу йўналишдаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш мақсадида 27 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, ижрога қаратилди.
“Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Қонун қабул қилинди. Қонун билан хотин-қизларга нисбатан амалга оширилган турли тазйиқ ва зўравонликлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Мажлисда мазкур Қонун биринчи навбатда кенг жамоатчилик ва халқаро ҳамжамият томонидан илиқ кутиб олингани ва тўлиқ қўллаб-қувватлангани таъкидланди.
Шунингдек, Хотин-қизларнинг давлат органларида фаоллигини ошириш дастури, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” резолюциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ва Миллий Режаси тасдиқланди ҳамда ижрога қаратилди.
2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди ва ижрога қаратилди.
Хотин-қизларнинг таълим олишлари асосий устувор йўналишлардан бири этиб белгиланди ва махсус тавсиянома асосида эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 1 982 нафари, беш йил меҳнат стажига эга, аммо олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизларнинг 507 нафари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинди.
Шунингдек, магистратура босқичда таълим олаётган 12 300 нафар, бакалавр йўналишида ўқиётган кам таъминланган эҳтиёжманд 2053 нафар хотин-қизнинг контракт тўловлари тўлаб берилди, 139 мингдан ортиқ талаба хотин-қизларга 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредити ажратилди.
Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига ўқитиш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, 252 мингдан зиёд аёллар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди, 623 мингдан зиёд хотин-қизлар бандлиги таъминланди, 193 мингдан зиёд аёлларга 3,9 трлн сўм кредит ажратилди.
3 млн 336 мингдан зиёд хотин-қизлар бирламчи онкоскрининг текширувидан, 1 млн 13 мингга яқин нуроний онахонлар эса чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди ва уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилди.
Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган 645 мингга яқин хотин-қизлар билан индивидуал дастур асосида ишланди ва муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилди, 12,9 мингга яқин хотин-қизларнинг уй-жой шароитлари яхшиланди, ижтимоий ҳимояга муҳтож 6 876 нафар хотин-қиз жами 7,3 млрд сўмлик реабилитация воситалари билан таъминланди.
Бошқа давлатларга чиқиб кетган 121,7 минг хотин-қиз ва уларнинг 25,9 минг вояга етмаган фарзандларининг аниқ манзилли рўйхатлари шакллантирилди. 6 096 болага васийлик ва ҳомийлик ўрнатилди, 11683 бола назоратсиз қолишининг олдини олиш чоралари кўрилди.
Мажлисда Республика комиссияси томонидан келгусида амалга ошириладиган ишлар ҳам муҳокама қилинди.
Хусусан, корхона, ташкилот ва муассасаларда гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат кенгашларини тузиш, уларнинг мутахассисларини ўқитиш, хотин-қизларни касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, меҳнат жойларида аёллар учун қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ҳудудларнинг ўсиш драйверларидан келиб чиқиб, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш вазифалари белгилаб олинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Сенатнинг қирқ бешинчи ялпи мажлиси 29 сентябрь куни чақирилади
- Чустда боғча тарбияланувчилари доридан заҳарланганмиди ёки... Вазиятга аниқлик киритилмоқда
- Ҳанжоуда Осиё ўйинларига старт берилди. Очилиш маросимидан фоторепортаж
- Астраханда VIII Каспий медиафоруми бўлиб ўтди
- Шавкат Мирзиёев Италия собиқ президенти вафоти муносабати билан таъзия йўллади
- Ҳанжоу-2022: Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ярим финалда!
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг