Ўзбекистон журналистика ва оммавий комуникациялар университети 3 ёшга тўлди

14:28 25 Май 2021 Жамият
471 0

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилганига уч йил тўлди.

Президентимизнинг 2018 йил 24 майдаги қарорига мувофиқ фаолияти йўлга қўйилган олий таълим муассасаси ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида журналистиканинг ўзига хос хусусиятлари, тарихий тараққиёти, бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий-тадқиқот ва ижодий ишлар самарадорлигини таъминлаш ҳамда ушбу соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан оширишга хизмат қилмоқда.

Шу муносабат билан олий таълим даргоҳида «Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 3 ёшда: биз босиб ўтган йўл» деб номланган конференция бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар ходимлари, оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, тадқиқотчилар ва талабалар қатнашди.

Ялпи анжуманда университет фаолияти, қўлга киритилаётган ютуқлар, галдаги вазифалар, ўқув даргоҳининг журналистика соҳаси учун кадрлар тайёрлашда тутган ўрни, бу ерда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, таълимга татбиқ этилаётган инновациялар ҳақида сўз борди.

— Янгиланаётган Ўзбекистонда ислоҳотлар жадал тус олди, — дейди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа. — Ушбу жараёнда оммавий ахборот воситалари учун ҳам етук мутахассисларни тарбиялашимиз керак. Тан олиш жоиз, фикрлар алмашинувининг сусайгани боис ўтган йиллар мобайнида соҳада малакали журналистларга талаб ортди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ҳамда қарори асосида университетимизнинг ташкил этилиши билан соҳада журналист кадрларни тайёрлашнинг янги даври бошланди. Таълим даргоҳи учун барча зарур шароитлар мужассам замонавий бинолар қад ростлади. 225 нафар талабага мўлжалланган турар жой юртимизнинг турли ҳудудларидан келиб таҳсил олаётган ёшлар ихтиёрида. Ўқув биномиз кенг ва ёруғ аудиторияларга, замон талабига мос ахборот технологиялари ва ускуналар билан жиҳозланган студияларга эга. Шу маънода жорий конференция нафақат соҳага оид долзарб масалаларни муҳокама этиш, балки ёшларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаши учун шароит яратишни ҳам кўзда тутади.

Конференциянинг иккинчи қисми шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этди. Унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда журналистиканинг ўрни, соҳада кадрларни тайёрлашда фан ва амалиёт муштараклиги, хорижий тилларни ўқитишнинг аҳамияти, замонавий матбуот, телерадиожурналистикада долзарб масалалар, бугунги медиамуҳитда ПР-коммуникацияларнинг янги трендларига доир маърузалар қилинди, муҳокама ва мунозаралар бўлиб ўтди.

Ташкил этилган маҳорат дарслари орқали соҳанинг таниқли вакиллари ёшларга ўз тажрибаларидан сўзлаб бердилар.

Тадбир якунида университет ва етакчи оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Зиёда РАҲИМБОЕВА.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?