Ўзбекистон жуда катта ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларни бошдан кечирмоқда

13:07 24 Октябр 2021 Жамият
357 0

Фото: Халқ сўзи

Бир гуруҳ халқаро кузатувчилар миссияси 9-Сурхондарё сайлов округи ва сайлов участкаларида бўлиб, жараёнларни бевосита кузатиб бормоқда. Германиялик халқаро кузатувчи Хуберт Телике ўз таассуротларини қуйидагича баён этди:

- Сурхондарё вилоятидаги бир неча сайлов участкасида бўлдим. Халқаро умумэътироф этилган нормалар ҳамда миллий қонунчилик талаблари асосида сайловга пухта ҳозирлик кўрилганига гувоҳ бўлдим. Сайлов участкаларида ҳар бир сайловчи эмин-эркин ўз хоҳиш-иродасини ифода этиб, муносиб деб билган номзодга овоз беряпти. Эътиборимни тортган жиҳат шу бўлдики, участка сайлов комиссияларида турли миллат вакилларини учратиш мумкин. Айниқса, комиссия аъзолигига аёллар фаол жалб этилгани таҳсинга муносиб.

Ўзбекистон жуда катта ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Муҳими, ислоҳотлар энг чекка ҳудудлар ҳаётини ҳам қамраб олаётир. Термиз Ўзбекистоннинг жанубдаги дарвозаси ўлароқ мамлакатни қўшни Афғонистон билан ўзаро боғлаб турибди. Мен Термиз шаҳри Хайратон божхона пости ҳамда икки давлат чегара ҳудудида ташкил этилган Карго марказини бориб кўрдим. Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолияти ҳайратимни оширди. Қўшни афғон халқи фарзандларига илму марифат улашиш, малали мутахассислар тайёрлашга доир мазкур лойиҳа дунёда муқобили йўқлиги билан ҳамманинг эътибор марказидадир.

Ўзбекистон халқининг сайлов жараёнидаги фаоллиги юртингиз одамларининг нафақат бугун, балки эртанги тараққиёт учун ҳам масъулиятини акс эттираётир. Зеро, сайлов бу демократиянинг энг мақбул ва ишончли омилидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?