Ўзбекистон ва Япония етакчилари кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқдилар

17:19 09 Июнь 2022 Сиёсат
237 0

Фото: president.uz

9 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Япония Бош вазири Фумио Кисиданинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Кўп қиррали Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва кенгайтиришга доир, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Етакчилар мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ҳамда Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги стратегик шерикликнинг 20 йиллиги билан бир-бирини самимий қутладилар.

2019 йил декабрь ойида Токио шаҳрида ўтган саммит ва олий даражадаги мунтазам мулоқотлар икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиб, уларни амалий мазмун билан бойитгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Ўзаро савдо ҳажми ортиб бормоқда – жорий йил бошидан товар айирбошлаш кўрсаткичлари икки баробарга ошди. Япония етакчи компанияларининг иқтисодиётимизга тўғридан-тўғри инвестициялари кўпаймоқда, иқтисодиётнинг юқори технологик тармоқларида кўплаб янги қўшма корхоналар ташкил этилмоқда. Энергетика қувватларини модернизация қилиш ва кенгайтириш, саноатда, шу жумладан машинасозлик ва кимё тармоқларида замонавий ишлаб чиқаришларни яратиш, меҳмонхоналар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича биргаликда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Пойтахтимизда Япониянинг биринчи Рақамли университети фаолият юритмоқда.

Давлатимиз раҳбари Япония Бош вазири ва Ҳукуматига Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди. Япониянинг JICA агентлиги ва Халқаро ҳамкорлик банки – JABIC доирасида кўрсатилган молиявий ва молиявий-техник кўмак ҳажми 7 миллиард доллардан ошгани таъкидланди.

Бундан ташқари, ҳукумат делегацияларининг жорий йилда ўтказилган сермаҳсул учрашув ва музокараларининг натижалари юқори баҳоланди.

Етакчилар инновациялар, «яшил» иқтисодиёт, рақамли технологиялар, фан ва таълим соҳаларида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва лойиҳаларни илгари суриш, маданий-гуманитар алмашинув дастурлари ва парламентлараро мулоқотни давом эттириш муҳимлигини қайд этдилар.

Осака шаҳрида ўтказиладиган «ЭКСПО-2025» бутунжаҳон кўргазмасида Ўзбекистоннинг кенг миқёсли экспозициясини ташкил этишга келишиб олинди.

Мулоқот чоғида халқаро кун тартибидаги масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Япония Бош вазири мамлакат БМТ Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлиши, Корея ярим оролини ядровий қуролдан холи ҳудудга айлантириш ва ўғирланган япон фуқароларини қайтариш масалаларида Ўзбекистон муттасил қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон Президенти Япония томонини Кумамото шаҳрида Сув саммити муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади ҳамда Япония Ҳукумати раҳбари томонидан кенг минтақамизда барқарор тараққиёт ва равнаққа эришиш мақсадида илгари сурилган Осиёда амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Бош вазир Фумио Кисида, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ишонч, яхши қўшничилик ва кенг кўламли шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги ташаббусларини ҳамда Афғонистонда бардавом тинчлик ва иқтисодий тикланишни таъминлашга кўрсатаётган кўмагини юксак баҳолади.

«Марказий Осиё + Япония» мулоқоти доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бутун салоҳиятини ишга солишдан иккала томон ҳам манфаатдор экани қайд этилди.

Суҳбат якунида Президент Шавкат Мирзиёев Бош вазир Фумио Кисидани мамлакатимизга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.

Ўзбекистон ва Япония етакчиларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқ, дўстона ва ишчан руҳда ўтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?