Ўзбекистон ва Венгрия дўстлиги Европа ҳамда Осиёни боғловчи муҳим бўғинга айланмоқда

05:25 13 Апрель 2021 Сиёсат
1246 0

Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида турибди. Бу давр ичида давлатимизда, минтақада, дунёда кўп нарсалар ўзгарди. Ҳозирги кунда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча жабҳасида кенг миқёсли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, янги Ренессанс ғояси шаклланмоқда.

Ўз навбатида, ҳозирги замон глобал ривожланиш нуқтаи назаридан мамлакатимиз замонавий халқаро муносабатлар ва сиёсатининг фаол иштирокчисига айланиб, «тез ўсиб бораётган минтақавий масъулиятли давлат» мақомига эга бўлди.

Бу ислоҳотлар, бир томондан, ижтимоий йўналтирилганлиги, кўлами, қамрови, суръати билан олдингилардан кескин фарқ қилса, иккинчи томондан, халқаро вазият тез-тез ўзгариб, зиддиятли ҳолатлар тобора кучаяётган, айниқса, пандемия туфайли жаҳонда аҳвол мураккаблашган бир даврда амалга оширилмоқда. Учинчидан, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан ички ва ташқи сиёсат соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар ривожланган Европа давлатларида ҳам жиддий эътибор уйғотмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлисга Мурожаатномасида очиқ ташқи сиёсат юритиш, ўзаро манфаатлар асосида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва халқаро майдонда мамлакатнинг нуфузини ошириш бўйича «Йўл харитаси»ни аниқ белгилаб берди. Таъкидландики, давлатнинг ташқи сиёсий концепциясини ҳар томонлама такомиллаштириш зарурияти ва «Йўл харитаси»нинг амалга оширилиши устувор йўналиш ҳисобланади. Ушбу жараёнлар доирасида Европа мамлакатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Бу борада кейинги йилларда Ўзбекистоннинг Европа давлатлари билан мулоқотлари фаоллашгани кузатилмоқда. Айниқса, шу йилнинг биргина март ойида дастлаб Европанинг кучли мутараққий давлати Германия билан, кейинроқ Венгрия билан олий даражада мулоқотлар ўтказилгани Ўзбекистон Президенти олиб бораётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг Европада юқори баҳоланаётганлигини, ишончли ҳамда масъулиятли ҳамкор сифатида қаралаётганлигини кўрсатади.

Шу маънода, март ойининг охирида Венгрия Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи ҳамда икки мамлакат ўртасида тузилган шартномалар, келишувлар мазмун-моҳияти мамлакатимиз ривожланишининг янги ўзгаришларини очиб берадиган тарихий, стратегик ва ўзаро манфаатлилиги ҳамда муҳим сиёсий воқелиги билан фарқланади. Шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликда иқтисодий алоқаларнинг устунлиги, муносабатларнинг икки босқичи кузатилади. Бундай муносабатларнинг биринчи босқичи икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг ўрнатилишидан бошланиб, 2016 йилгача бўлган даврни қамраб олса, кейинги йиллар янги босқични белгилаб беради.

Ўзаро ҳамкорликнинг янги даври

Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ дунё давлатлари билан тенг ва ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш ҳамда ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Венгрия 1991 йил 26 декабрь куни Ўзбекистоннинг мустақиллигини тан олган ва мамлакатимизнинг Европа йўналишидаги вақт синовидан ўтган ишончли шерикларидан бири ҳисобланади. Икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йил 3 март куни ўрнатилган.

Венгрия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим шериги ҳисобланади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг 2019 йил 15 октябрь куни Боку шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши саммити доирасидаги самарали учрашуви икки давлат ўртасидаги муносабатларда янги даврни бошлаб берди.

Шубҳасиз, ўзаро ҳамкорликнинг янги даври Шавкат Мирзиёевнинг президентлик даври билан боғлиқ бўлмоқда. Ўзбекистонда 2016 йилдан буён амалга оширилаётган очиқ, амалий ва прагматик ташқи сиёсат ўзаро манфаатли алоқалар ҳамда муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш ва ривожлантириш учун янги имкониятларни, механизмларни, воситаларни очди.

Янги Ўзбекистонга шу йилнинг март ойида Венгрия расмий делегациясининг амалга оширган тарихий ташрифи икки давлат ўртасида мавжуд алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда аввал эришилган келишувлар ижросини таъминлаш, янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун кучли импульс берди. Икки давлат ўртасида имзоланган ҳужжатлар кенг қамровли бўлиб, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларни қамраб олади ва бугунги тез ўзгарувчан шароитда кенг кўламда ҳамкорлик қилиш учун янги имкониятлар, шарт-шароитлар яратади. Икки давлатнинг ўзаро муносабатлари ривожига янги туртки беради. Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги алоқаларнинг муҳим омилига айланади.

Янги босқичдаги муносабатларда қуйидаги тенденциялар кузатилмоқда.

Биринчидан, Ўзбекистон ва Венгрия олий ҳамда юқори даражаларда доимий сиёсий мулоқотлар олиб бормоқда. Икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилди. Ўзаро алоқаларнинг кенгайишида парламентлараро ҳамкорлик ва икки мамлакат қонун чиқарувчи органларида ташкил этилган дўстлик гуруҳлари муҳим роль ўйнамоқда.

Иккинчидан, икки давлат ўртасидаги ўзаро алоқаларда савдо-иқтисодий муносабатлар, сармоялар олиб кириш устунлик қилмоқда. Замонавий қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва туризм соҳасидаги алоқалар кенгайиб бормоқда. Шунингдек, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Венгрия етакчи компанияларининг илғор тажрибаси ва замонавий технологияларини жорий этган ҳолда қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ҳамда уларни молиялаштиришга алоҳида эътибор кучайиб бормоқда.

Учинчидан, Венгриянинг фармацевтика компаниялари орқали Ўзбекистонга замонавий Европанинг сифатли дори-дармон ва тиббиёт жиҳозларини ишлаб чиқариш саноати кириб келди ҳамда жаҳон бозорида рақобатбардош дори-дармон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, фармацевтика саноатини янада ривожлантириш учун катта имкониятларни вужудга келтирмоқда.

Қайд этиш керакки, мамлакатимизда бугунги кунда Венгрия сармоядорлари иштирокида қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасида, меҳмонхона хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, улгуржи савдо йўналишларида 10 та корхона фаолият юритмоқда.

Венгрия Бош вазирининг расмий ташрифи доирасида икки мамлакат Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтгани, унда Венгриянинг 40 га яқин компания ва молиявий тузилмалари раҳбарлари қатнашганлиги ўзаро ҳамкорликда иқтисодий йўналиш устуворлигини тасдиқлайди.

Икки халқни боғлаган қадриятлар

Маданий гуманитар соҳадаги ришталар ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Бинобарин, таълим, илм-фан, маданият, ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор ўзбек ва венгер халқларини тарихан ўзаро яқинлаштирган, боғлаган муштарак қадриятлардир.

Венгер санъаткорлари ва илм-фан намояндалари юртимизда ўтаётган «Шарқ тароналари», Халқаро бахшичилик санъати, Халқаро ҳунармандчилик фестиваллари ҳамда улар доирасида ўтказилаётган илмий анжуманларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Ўзбекистон ва Венгрия олимлари икки давлат тарихи ҳамда маданиятини ўрганиш бўйича илмий тадқиқот ишларини олиб боришда яқиндан ҳамкорлик қилаётир.

Таълим соҳаси Ўзбекистон — Венгрия алоқаларининг истиқболли йўналиши сифатида кенгаймоқда. Бугунги кунда ушбу мамлакат таълим муассасаларида 60 нафар Ўзбекистон фуқароси таҳсил оляпти.

Албатта, икки томонлама алоқаларнинг ривожланишида тарихий маданий омиллар ҳам катта роль ўйнайди. Жумладан, венгриялик олим Вамберининг Марказий Осиёга қилган саёҳати асосида яратилган «Бухоро тарихи ёки транссаксония» ва «Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат» асарлари бугунги кунда ҳам Европада, хусусан, Венгрияда Марказий Осиё давлатлари тарихи, геосиёсий аҳамияти, маданий, тарихий, иқтисодий жараёнларга таъсир этган омилларини ўрганишда муҳим манба ҳамда қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, ушбу асарларда Марказий Осиё халқларининг яшаш тарзи, давлатчилигининг шаклланиши ва ривожланиши, диннинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ҳамда иқтисодий муносабатларнинг ўзига хослиги, одамларнинг юксак маданияти, тарбия ва таълим тизими бевосита кузатувлар ҳамда таҳлил асосида очиб берилгани уларнинг аҳамиятини янада оширади.

Ўзбекистон шаҳарлари ва қишлоқлари, шунингдек, чет мамлакатларга ҳам сафарларида Вамберига ҳамроҳлик қилган Исҳоқ Иброҳим бир умр унинг дўсти ҳамда шогирди бўлиб қолди. У шарқшунос олим Вамбери билан Хива шаҳрида XIX асрнинг 60 йилларида танишади ва Венгрияга келади. Салкам ўттиз йил Будапештда яшаб, илмий фаолият олиб боради. Венгрия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари бўлимида ишлайди, венгрияликларга ўзбек ҳамда бошқа турк тилларини ўқитади. Европанинг илмий доираларида катта обрў-эътиборга эга бўлади.

Исҳоқ Иброҳим ўзбек халқ мақоллари, эртак ва топишмоқларини венгер тилига таржима қилиб, Венгрия Фанлар академиясининг филология бўлими томонидан нашр этиладиган «Тилшунослик ахбороти»да эълон қилади. У машҳур венгер ёзувчиси Янош Ароннинг «Ажойиб оҳунинг ҳикояти» асарини ўзбек тилига ўгиради. Ушбу асар яқинда давлатимиз раҳбарининг сўзбошиси билан Тошкентда нашр этилди. Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек ва венгер халқлари ўртасидаги тарихий дўстликнинг ёрқин ифодаси бўлган ушбу китобни Венгрия Бош вазири Виктор Орбанга тақдим этди.

Шарқшунос олим, ёзувчи ҳамда таржимон Вамбери ўз эсдаликларида Исҳоқ Иброҳим ҳақида фикр билдирар экан, «У жуда тўғри ва камсуқум инсон эди. Унинг ғаразсиз ва софдил муносабати менга хавфли ва азобли сафаримда куч-қувват бағишлади», деб ёзган эди. Бу билан у нафақат хоразмлик дўстига, балки бутун ўзбек халқига ҳурмат-эҳтиромини, ишонч ҳамда меҳр-муҳаббатини ифодалайди.

Икки халқ ўртасида ана шу ҳурмат-эҳтиром, ўзаро ишонч бугун яна кенг қулоч ёзиб, мамлакатлараро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга замин бўлаётир.

Ўзаро ҳурмат, ишонч ва самара

Венгрия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида очиқ ва амалий руҳда бўлиб ўтган музокаралар натижасида икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация, шунингдек, турли вазирлик ҳамда идоралар ўртасида кўп қиррали шерикликни кенгайтиришга қаратилган 10 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди.

Улар Ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, Ташқи ишлар идоралари ўртасида 2021 — 2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги ўртасида англашув меморандуми, Меҳнат муносабатлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим, Атом энергетикаси соҳасида кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик тўғрисида, Инновациялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандумлари, Маданият соҳасида ҳамкорлик дастури, Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорвачилик соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси», Ирригация соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳадли битимлардир.

Шундай қилиб, ўзаро алоқаларнинг стратегик даражага чиқиши мамлакат ташқи сиёсатининг янги босқичдаги катта дипломатик ютуғи ҳисобланади ва икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги даврини бошлаб беради. Гап шундаки, аввало, бундай кенг қамровли ўзаро стратегик ҳамкорликка Европа давлатлари орасида биринчи бўлиб Венгрия билан эришилди. Бугунги кунда бундай муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтариш учун барча шароит яратилган.

Икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси, икки мамлакатнинг ўзига хос ўхшаш жиҳатлари, Венгриянинг Марказий Европада, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда жойлашганлиги, шунингдек, Венгрия Европа давлатлари учун Ўзбекистонга, ўз навбатида, Ўзбекистон Венгрия учун Марказий Осиё мамлакатлари бозорига кўприк вазифасини бажариш истиқболлари ҳамкорликни янги ютуқлар билан тўлдиришни кафолатлайди.

Бу ҳолат Европа давлатларида Ўзбекистонга нисбатан муносабатнинг кескин ижобий томонга ўзгарганлигини яна бир бор ифодалайди, шу билан бирга, бошқа давлатлар билан ҳам ҳамкорликни ана шундай даражага чиқаришга ўзига хос эшик очади.

Шубҳасиз, ривожланган давлатлар, айниқса, европаликларда Ўзбекистонга нисбатан ишончнинг ортганлиги юртимиз тараққиётининг янги даври учун ўзига хос ва мос хусусият бўлиб, бу мамлакатимизнинг дунёга интеграциялашувига янги импульс беради. Бу ҳолат, ўз навбатида, ўзбек — венгер муносабатларининг янги йўналишларини топишга, ишга туширишга имкониятларни янада кенгайтиради.

Венгрия Бош вазирининг сўзи билан айтганда, оқилона сиёсат ва қатъият эвазига товар айирбошлашда ўсишга эришилмоқда. Президент Мирзиёевнинг ташаббуслари билан ҳамкорликнинг янги йўналишлари очилмоқда. Бир нечта «флагман» лойиҳалар самарали амалга оширилгани учун ишбилармонлар эркинлик ва ишончни ҳис этиб, ҳаракат қилмоқда.

Демак, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи жуда самарали бўлди. Пандемияга қарамай, Венгриядан шундай катта делегациянинг Ўзбекистонга келгани икки юрт ўртасида ҳурмат, ўзаро ҳамкорлик истиқболларига ишончнинг юқори даражада эканлигидан далолатдир.

Сайфиддин ЖЎРАЕВ,
Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори,
сиёсий фанлар доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер