Ўзбекистон ва Россия етакчилари савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилдилар

14:19 30 Ноябрь 2022 Сиёсат
464 0

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Суҳбатда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Турли даражаларда фаол мулоқотлар давом этаётгани ҳамда олий даражадаги келишувларни амалга ошириш бўйича биргаликдаги сермаҳсул ишлар кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 30 фоиздан зиёдга ошди. Ўтган ойда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши муваффақиятли ўтказилди. 1-2 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида икки давлат ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг учрашуви бўлиб ўтади, унда иқтисодиётнинг устувор тармоқларидаги жорий ва истиқболли кооперация лойиҳалари кўриб чиқилади. Шунингдек, мамлакатларимиз етакчи саноат корхоналари ва компаниялари вакиллари иштирокида қатор ишбилармонлик тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.

Ҳудудлараро ҳамкорлик кенгаймоқда. Гуманитар алмашинув соҳасида учинчи Ўзбекистон-Россия таълим форумининг самарали натижалари қайд этилди.

Бундан ташқари, кўп томонлама форматдаги, шу жумладан Марказий Осиё минтақасидаги амалий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди. Етакчилар бўлажак тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон ва Россия Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқ, ишончли ва дўстона руҳда ўтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер