Ўзбекистон ва Миср парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари мавзусида давра суҳбати ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтида Ўзбекистон – Миср: парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари мавзусига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Икки давлат ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга бағишланган мазкур анжуманда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Миср Араб Республикаси парламенти билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши ҳамда «Қонунчилик муаммолари ахборотномаси» даврий нашри таҳрир ҳайъати аъзолари, Ташқи ишлар ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари масъуллари, Институт ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Миср Президенти Абдулфаттоҳ Ас - Сисининг таклифига биноан жорий йил 20–21 февраль кунлари ушбу мамлакатга расмий ташрифи алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, араб мамлакатлари, хусусан, Миср Араб Республикаси билан кўп томонлама ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бинобарин, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан шароитлар яратмоқда. Миср Араб Республикасига бўлиб ўтган ташриф якунида давлат раҳбарларининг сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган Қўшма баёноти ҳамда қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланганлиги эса бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада юқори поғонага олиб чиқади.
Шунингдек, тадбирда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асослари, Ўзбекистон – Миср парламентлараро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш йўлида миллий парламент – Олий Мажлис ҳамда унинг ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти олдида турган вазифалар, уларни амалга оширишнинг амалий механизмларини белгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жараёнда қатор экспертларнинг икки давлат ҳамкорлик алоқаларининг истиқболларига бағишланган маърузалари тингланди.
Қайд этилганидек, Мисрга ташриф доирасидаги бизнес форумининг самарали натижаларига кўра умумий қиймати 1,6 миллиард АҚШ долларига тенг 20 дан зиёд келишув имзоланди, бу эса икки мамлакат ишбилармонлари ҳамкорлиги янада ривожланишига ҳисса қўшади.
Сўз олганлар икки мамлакат ўртасида маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар равнақига эътибор қаратиб, бу борада Мисрнинг Ал-Азҳар университети ва бошқа илмий муассасалари билан Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида фаол ҳамкорлик ўрнатилгани хусусида тўхталди. Бугунги кунда халқларимиз ўртасидаги тарихан яқин алоқалардан фойдаланган ҳолда маданий-гуманитар йўналишларда ўзаро манфаатли стратегик алоқаларни ривожлантириш бўйича парламентлар ўртасида мустаҳкам дипломатик алоқалар йўлга қўйилганлиги эътироф этилди.
Маърузалардан сўнг Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан тайёрланган «Миср Араб Республикаси парламенти» тўпламининг тақдимоти ўтказилди.
Институт томонидан дунё мамлакатлари парламентлари ҳақидаги тўпламларни тайёрлаш яхши анъанага айланиб бораётгани қатнашчилар томонидан эътироф этилди. «Миср Араб Республикаси парламенти»га бағишланган янги тўплам ҳам Миср парламенти, унинг бошқарув аппарати, қўмиталари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Миср Араб Республикаси парламенти билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи ва бошқа таркибий бўлинмалари фаолиятининг ўзига хос хусусиятларига доир ўрганишлар натижаларини ўз ифода этганлиги билан иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Экспертлар мазкур тўплам хорижий мамлакатлар парламентаризми бўйича тадқиқотларни янада чуқурлаштириш зарурати билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар ривожига, конституциявий демократик тамойилларни мустаҳкамлаш ва халқ манфаатлари йўлида парламентаризм самарадорлигини ошириш мақсадида парламент фаолиятини ривожлантиришнинг эътиборга молик жиҳатлари асосида миллий тажрибани бойитишга хизмат қилишини таъкидлашди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- ЖССТ янги ҳалокатли пандемияга тайёрланишга чақирди
- 2024 йилдан янги уй сотиб олганларга ҚҚСнинг ярми қайтариб берилади
- Ўзбекистон Президенти ва Сингапур Президенти музокара ўтказдилар
- Шавкат Мирзиёевнинг Чилонзор туманига ташрифидан фоторепортаж
- Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан муҳим ташаббусларни илгари сурди
- Бухорода Кушон даврига оид девор қолдиқлари топилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг