Ўзбекистон умумий майдонининг 15 фоизи «яшил ҳудуд"га айлантирилади

20:26 08 Январь 2022 Жамият
976 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳаси муҳокама қилинди.

Йиғилишда фракция раҳбари Х.Ғаффоров халқ муҳокамасига қўйилган Стратегия лойиҳаси етти йўналишдан иборат бўлиб, унда ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг барча йўналишлари қатори экология ва атроф-муҳит муҳофазаси масалалари ҳам ўрин олганини алоҳида таъкидлади.

Тараққиёт стратегияси лойиҳасининг олтинчи йўналиши умумбашарий муаммоларни миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш мақсадида Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш, Орол денгизи қуриши салбий оқибатларини бартараф этиш йўлида қўшни давлатлар билан ҳамкорликни жадаллаштириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги «яшил» ҳудудлар майдони қўшни давлатлар кўрсаткичидан паст бўлиб, бу борада тизимли равишда ўрмонлаштириш чораларини кўриш талаб этилади. Стратегия лойиҳасининг «йўл харитаси»да давлатимиз раҳбари томонидан ўтган йили илгари сурилган «яшил макон» умуммиллий лойиҳасини ҳар йили ўтказиш орқали йилига 200 миллион туп дарахт экиш мамлакат умумий майдонининг 15 фоизини «яшил» ҳудудга айлантириш режалаштирилган.

Шунингдек, Орол денгизининг қуриган тубида кейинги 5 йилликда 2,5 миллион гектарга ўрмонлаштириш ишларининг олиб борилиши келгусида Оролбўйида инсон хавфсизлиги учун экологик мақбул ҳудуд барпо этишга замин яратади.

Қайд этилганидек, антропоген фаолият мамлакатимизда миллиардлаб тонна турли чиқиндиларни тўпланишига сабаб бўлди. Улар бугунги кунда минглаб гектар майдонни эгаллаш билан бирга, атроф-муҳитга, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш кўрсаткичларини ҳам ижобий, деб баҳолаб бўлмайди.

Стратегия лойиҳасининг «йўл харитаси»да белгиланган тадбирлар асосида чиқиндиларни йиғишни 100 фоизга, қайта ишлаш даражасини 21 фоиздан 50 фоизга етказиш назарда тутилаётгани эътиборга моликдир.

Йиғилишда Ўзбекистон Экологик партиясининг асосий мақсади атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни сақлаш орқали экологик барқарорликка эришиш эканлиги айтилиб, партия ғояларидан келиб чиққан ҳолда фармон лойиҳасига бир қатор таклифлар берилди.

Йиғилишда депутатлар мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини яратишга қаратилган муҳим қонун лойиҳаларини қизғин муҳокама қилиб, уларни қўллаб-қувватладилар.

"Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер