Ўзбекистон — Туркия: стратегик ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

22:39 30 Октябр 2024 Жамият
170 0

Бугун “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Туркиянинг “Мармара груп” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар фонди ҳамкорлигида “Туркий давлатлар ташкилоти ва Ўзбекистон — Туркия стратегик ҳамкорлиги истиқболлари” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, “Мармара груп” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар фонди экспертлари ҳамда олий таълим муассасалари тадқиқотчилари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирни “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков кириш сўзи билан очиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари сезиларли даражада фаоллашганини қайд этди.

— Туркия Ўзбекистон ташқи сиёсатида алоҳида ўринга эга бўлган мамлакат ҳисобланади, — дейди Элдор Туляков. — 2017 йилдан бери олий даражадаги мунтазам учрашув ва мулоқотлар икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасидаги ҳамкорликни ошириш баробарида, барча соҳаларда халқларимиз ўртасида ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон 2019 йилда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлди. 2022 йилда эса Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотида муваффақиятли раислик қилиши ҳамда мамлакатда мазкур ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари иштирокида саммитларнинг самарали ташкил этилганлиги Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолияти ва кўп томонлама дипломатиясида янги саҳифа очди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон — Туркия стратегик муносабатларининг истиқболлари ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик алоқаларининг жорий ҳолати ва тенденциялари муҳокама қилинди.

Тадбир якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, бу жараёнда икки мамлакат етакчи “ақл марказлари” ҳамда халқаро институтлар доирасида ҳам фаол иш олиб боришга келишиб олдилар.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?