Ўзбекистон — Туркия: олий таълим муассасалари ҳамкорлигининг янги босқичи

21:06 30 Январь 2022 Маданият
1122 0

Фото: Шавкат Акрамов

Самарқандда Ўзбекистон ва Туркия олий таълим муассасалари ректорлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирни Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Очилов кириш сўзи билан очди. Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, профессор Рустам Холмуродов Туркия делегациясига ташриф учун миннатдорлик билдириб, икки мамлакат олий ўқув юртлари учун ҳамкорликнинг янги даври бошланаётганини таъкидлади.

— Самарқанд давлат университети алоҳида эътиборга молик, — дейди Туркия Олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар. — Университет Туркиянинг етакчи Анқара, Истанбул, Эгей, Мармара университетлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Самарқанд давлат университетининг ниҳоятда салоҳиятли ва нуфузли эканлигига амин бўлдим. Университет ректори билан суҳбатлашдик. Профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйишни келишиб олдик. Тўғрисини айтганда, Ўзбекистондаги ўзгаришлар бизни қувонтирди. Ўйлайманки, бундан кейин ҳам ўзаро қардош халқлар сифатида таълим соҳаси яна кўплаб лойиҳаларни амалга оширамиз.

Ўзбекистон ва Туркия олий таълим муассасалари ректорлари ўзаро суҳбатларда икки тарафлама ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари ташкил этиш, биргаликда турли соҳалар бўйича илмий изланишлар олиб бориш юзасидан келишиб олдилар.

— Самарқанд ва Истанбул университетлари ҳамкорлиги Мирзо Улуғбек ва Али Қушчилар даврига бориб тақалади, — дейди Истанбул университети ректори, профессор Маҳмуд Ак. — Биз Самарқанд давлат университети билан тарих, аниқ фанлар ва адабиёт йўналишлари бўйича алмашинув дастурларини йўлга қўймоқчимиз. Икки университетнинг бундай яқин муносабатларни ўрнатишида ташаббус кўрсатаётган Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовга миннатдорлигимни билдираман.

Маълумотларга кўра, ўтган йили сентябрь ойида Самарқанд давлат университети куни муносабати билан ўтказилган байрам тантаналарида Туркия Олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб, истиқболдаги режалар кўриб чиқилганди. Жумладан, Ўзбекистонда ўзбек-турк университетини ташкил қилиш кўзда тутилган. Ушбу таълим маскани барпо этилгач, икки мамлакат университетлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланади.

Отабек САЪДУЛЛАЕВ,

СамДУ ахборот хизмати ходими.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер