Ўзбекистон травматологлари ютуқлари МДҲ шифокорлари томонидан эътироф этилди

16:59 18 Декабрь 2023 Жамият
209 0

Россиянинг Москва шаҳри 10 дан зиёд давлатлардан делегатлар иштирок этган «Приоров ўқишлари» Бутунроссия Х илмий-амалий конференциясига мезбонлик қилди.

Ушбу нуфузли анжуман Н.Приоров номидаги травматология ва ортопедия миллий тиббий тадқиқот маркази ҳамда Россия травматолог-ортопедлар ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Республика ихтисослаштирилган травматология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов бошчилигидаги ўзбекистонлик бир гуруҳ соҳа мутахассислари ҳам 10 га яқин маърузалари билан иштирок этди.

Хусусан, вакилларимизнинг «CОВИД-19 асорати бўлган сон суяги бошчасининг асептик некрози диагностикаси ва даволаш усуллари, «Чаноқ-сон бўғими оғир дисплазиясида эндопротезлаш», «Қарияларда сон суягининг проксимал синиқларида чаноқ-сон бўғимини эндопротезлаш тажрибаси», «Тизза бўғимининг оғир ҳолатларида эндопротезлаш» мавзуларидаги чиқишлари қатнашчиларда катта қизиқиш ўйғотди.

Эртаси куни Ҳамдўстлик давлатлари травматология ва ортопедия марказлари директорлари иштирокидаги давра суҳбатида юртимизда бу соҳада йўлга қўйилган инновацион диагностика ҳамда муолажа усулларига юқори баҳо берилди.

Жумладан, қўшни Тожикистон вакиллари ўз мамлакатида ўзбекистонлик мутахассислар томонидан ташкил этилган «Понсети мактаби» ўқув курси самарадорлигини алоҳида эътироф этди ҳамда болаларда чаноқ-сон бўғими дисплазиясида ультратовуш диагностикаси маҳорат дарсларини ўтказиш таклифини билдирди.

Шунингдек, Россия мутахассислари халқаро ҳамкорлик борасида юртимиз тажрибаси оммалаштиришга лойиқ эканлигини қайд этди.

Якунда Н.Приоров номидаги травматология ва ортопедия миллий тиббий тадқиқот маркази билан йирик бўғимларни эндопротезлашда робот технологияси, умуртқа поғонаси касалликларида перкутан эндоскопик амалиётлари бўйича ҳамкорлик қилиш юзасидан келишувга эришилди.

Бинобарин, шу куни бўлиб ўтган “Ёш олимлар конференцияси»да вакилларимиз умуртқа поғонаси бўйин қисмининг дисклараро чурраларини жарроҳлик йўли билан даволашда эндоскопик микродискэктомия усули ҳамда ревматоидли артритга чалинган беморларни медиал стабилликли протез билан тотал эндопротезлаш амалиёти борасидаги тажрибаси билан ўртоқлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?