Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири АҚШдаги ватандошлар билан учрашди

11:22 26 Сентябр 2022 Сиёсат
653 0

БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида иштирок этиш учун АҚШга ташриф буюрган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Қўшма Штатларнинг етакчи банклари, фондлари, ИТ-компаниялари, нуфузли олий ўқув юртлари ва тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган юқори малакали ватандошларимиз билан учрашув ўтказди.

Хусусан, мулоқотда «Oppenheimer» банкининг бошқарувчи директори Фарҳод Иногамбаев, «Missed.com» ва «Jafton.com» IT-компаниялар асосчиси Бобир Акилханов, «Credit Exim» холдинг компанияси директори Дилмуров Асқаров, «New York Life Insurance» суғурта компанияси ходими Дилшод Раҳмонов, «Ernst & Young» компанияси маслаҳатчиси Камол Мавлонов, «4 Oak Capital» девелоперлик компанияси асосчиси Фарҳод Мурадов, «Rx2go» логистика компанияси муассиси Эркин Саттаров, Сиракуза университети докторанти Миржахон Турдиев, Гарвард университети докторанти, «Dana Farber» саратонни даволаш институти ходими Нилуфар Қаҳҳорова, «Amazon» компаниясининг бизнес-таҳлил бўйича муҳандиси Шаҳло Хожаева, «Betaworks Ventures» жамғармаси инвестори Зафар Мирзалиев, шунингдек, «Poetica Coffee» кофе тармоғининг таъсисчиси Парвиз Муҳамадқулов иштирок этдилар.

Учрашув давомида Ўзбекистон ҳукуматининг хорижда фаолият юритаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш бўйича асосий устувор йўналишлари, улар учун Ўзбекистонда инвестиция, таълим, ижтимоий-гуманитар ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш учун яратилган шарт-шароитлар ва имтиёзлар ҳақидаги маълумотлар ватандошлар эътиборига ҳавола этилди.

Диаспорамиз аъзолари Ўзбекистон эмитентларига, шу жумладан банклар ва хусусий компанияларга техник ёрдам кўрсатишни давом эттиришга, шунингдек, Вашингтондаги институционал инвесторлар билан Ўзбекистон молия сектори вакиллари учун учрашувлар ташкил этишга тайёрлигини билдирди.

Таълим йўналиши бўйича АҚШ университетларида ўзбекистонлик ўқитувчи ва талабалари учун амалиётларни ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди. Ўзбекистон ва АҚШ тиббиёт муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, клиник тренинглар ўтказиш, даволаш протоколларини биргаликда такомиллаштириш йўллари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонлик ёшларни ИТ-мутахассислик бўйича ўқитиш, таълимда Американинг илғор тажрибасини, янги методологиялар ва амалиёт дастурларини жорий этишга ҳамда стартапларни ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув давомида Ўзбекистон Президентининг Фармони билан «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирланган «Амазон» компаниясининг бизнес-таҳлил бўйича муҳандиси Шаҳло Хожаевага ушбу юксак мукофотни топшириш маросими бўлиб ўтди. Ш.Хожаева Ўзбекистон Президентига чуқур миннатдорлик билдириб, ушбу юксак мукофот ҳукуматнинг хориждаги ватандошларга бўлган муносабатининг тўлиқ ўзгаришидан далолат беришини таъкидлади. Ушбу эътироф уни янги ташаббусларга илҳомлантириб, Ўзбекистон манфаатларини илгари суриш йўлида янада кўпроқ ва фаол ишлашга ундайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер