Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси 25-сессиясидаги нутқи

18:00 16 Октябр 2023 Сиёсат
409 0

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Ҳурматли Бош котиб жаноблари!

Ҳурматли делегация раҳбарлари!

Хонимлар ва жаноблар!

Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси 25-сессиясининг очилиш маросимида барчангизни самимий қутлашдан бахтиёрман.

Ташкилотимизнинг юбилей йиғилиши Буюк ипак йўлининг дурдонаси, Янги Ўзбекистоннинг йирик сайёҳлик маскани бўлган ушбу қадимий шаҳарда ўтказилаётгани чуқур рамзий маънога эга.

Жаҳон цивилизациялари чорраҳасида жойлашган бу бетакрор шаҳар асрлар мобайнида Шарқ ва Ғарбни ўзаро боғлайдиган, савдо, илм-фан ва маданиятнинг чинакам маркази бўлиб келган. Машҳур Римга тенгдош бўлган ушбу боқий замин улкан салтанатлар пойтахти, улуғ аллома ва мутафаккирлар, азиз авлиё зотлар камол топган юрт сифатида бизга ҳамиша ғурур бағишлайди.

“Ер юзининг сайқали” дея шуҳрат қозонган, Шарқнинг икки буюк Уйғониш даври ривожига улкан ҳисса қўшган Самарқанд бугунги кунда жаҳоннинг замонавий сайёҳлик марказларидан бирига айланиб бормоқда. Нуфузли халқаро тадбиримизнинг айнан бу азим шаҳарда ташкил этилаётгани ҳам фикримизни яққол тасдиқлайди.

Хуш келибсиз кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандга, азиз меҳмонлар!

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Маълумки, туризм соҳаси жаҳон иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган ва истиқболли тармоқларидан бири ҳисобланади. Глобаллашув жараёнлари инсонларнинг дунё бўйлаб эркин ҳаракатланишига кенг имкониятлар эшигини очди.

Бутунжаҳон туризм кенгаши маълумотларига кўра, коронавирус пандемиясидан аввал жаҳон ялпи маҳсулотининг тахминан 10 фоизи, экспортининг эса 7 фоизи сайёҳлик секторига тўғри келган.

Афсуски, пандемия ушбу тармоққа жиддий зарба берди. Натижада туризм экспорти даромадлари сезиларли даражада қисқарди, миллионлаб иш ўринлари йўқотилди.

Бутунжаҳон туризм ташкилоти ва сизлар вакиллари бўлган давлатлар ҳукуматлари томонидан олиб борилган тизимли ишлар натижасида бугунги кунда глобал туризм қайта оёққа турмоқда. Барча мамлакатларнинг биргаликдаги ҳаракатлари ва яқин ҳамкорлиги туфайли ушбу тармоқ янги муаммо ва таҳдидлар қаршисида ўзининг мослашувчан ва барқарорлигини намойиш этмоқда.

Ўтган йили дунё миқёсида салкам бир миллиард турист хорижга саёҳат қилди. Бу пандемияга қадар бўлган кўрсаткичнинг салкам 70 фоизини ташкил этди. Жорий йилда ушбу рақам янада ўсиши кутилмоқда.

Кўплаб давлатлар ҳозирги мураккаб вазиятда ўз иқтисодиётини тиклаш ва долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал этишда туризм соҳасига таянмоқда. Глобал рақобат муҳити кучаймоқда. Бу албатта бежиз эмас: соҳага киритилаётган ҳар бир доллар келгусида 3-4 баробар даромад келтиришини барчангиз яхши биласиз.

Яратилаётган ҳар бир янги иш ўрни эса бошқа тармоқларда яна 2 та иш жойини ҳосил қилишга имкон беради.

Шу маънода, туризм мамлакатларимизнинг умумий фаровонлиги ва барқарор тараққиётини таъминлашнинг муҳим омилидир, десак, муболаға бўлмайди. Айни пайтда, у жаҳон халқлари ўртасида маданий алмашувларни кучайтирадиган, бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлайдиган қудратли воситадир.

Ҳурматли форум қатнашчилари!

Биз Ташкилотимизнинг туризмни дунёнинг барча минтақаларида жадал ривожлантириш ва уни жаҳон иқтисодиёти драйверларидан бирига айлантириш йўлидаги фаол саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Унинг соҳадаги янгича ёндашувлари, хизматлар сифатини кескин ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлари ҳамда инфратузилма лойиҳаларига катта урғу бераётгани таҳсинга сазовордир.

Айниқса, Ташкилотнинг глобал кун тартибида туризмнинг асосий ўрин эгаллаши, таълим салоҳиятини ошириш, камбағалликни қисқартиришда сайёҳлик соҳаси улушини ошириш, кўп томонлама шериклик алоқаларини кучайтиришга қаратилган интилишлари барчамизнинг муштарак мақсадларимиз билан уйғундир.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Бутунжаҳон туризм ташкилоти Янги Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда ишончли ва узоқ муддатли стратегик ҳамкорига айланди.

Ўтган даврда мамлакатимиз учун хавфсиз туризм бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқилди, стартап лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шаҳарларимизда Ташкилотнинг минтақавий анжуманлари ўтказиб келинмоқда.

Яхши хабардорсизлар, биз сўнгги йилларда Ўзбекистонда кенг кўламли, ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар дастурини амалга оширяпмиз. Унда асосий эътиборни демократик жамият институтларини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни либераллаштириш, халқимизнинг турмуш даражасини юксалтиришга қаратмоқдамиз.

Олиб бораётган “очиқ эшиклар” сиёсатимизда туризм тармоғига устувор аҳамият беряпмиз.

Салкам юзта мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тизимини қўллаяпмиз. Яна 55 та давлат фуқаролари учун соддалаштирилган электрон виза тартиби жорий этилди.

Биз сайёҳлик бизнесининг барча турларини юритиш учун қулай шарт-шароитларни яратдик. Солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этдик, кредит ва молиявий ёрдамни кучайтирдик. Янги меҳмонхоналар қуриш ва халқаро брендларни жалб этиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун субсидиялар ажратилмоқда. Шу туфайли пандемия чекловларига қарамасдан, биз икки йил давомида 800 та инфратузилма лойиҳасини амалга оширдик.

Биргина Самарқанд шаҳрининг ўзида туристик инфратузилмани яхшилаш учун 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ инвестиция сифатида киритилди. Бугунги анжуманимиз ўтказилаётган “Ипак Йўли” сайёҳлик маркази ана шундай йирик лойиҳалардан биридир.

Бундан ташқари, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида туризм полицияси ташкил этилди.

“Амирсой” қишки курорти, “Афсоналар водийси”, “Зомин” ва “Чорвоқ” зоналари кўплаб хорижий сайёҳлар эътиборини тортадиган халқаро туризм масканларига айланди.

Анъанавий турмуш тарзи ва ноёб ҳунармандчиликка эга бўлган туризм қишлоқлари ташкил этилмоқда.

Сайёҳлар учун қулай шароит яратиш мақсадида меҳмонхона ўринлари сони 140 мингтага етказилди, 70 та янги сайёҳлик маршрути очилди, 6 та хусусий авиакомпания иш бошлади.

Сайёҳлик соҳасида профессионал кадрларни тайёрлашга катта эътибор беряпмиз. Ўзбекистондаги 35 та олий таълим муассасасида халқаро стандартлар асосида малакали мутахассислар тайёрланмоқда.

Самарқандда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида 19 та мамлакатдан келган талабалар таҳсил олмоқда.

Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар сони икки баробар кўпайди. Туризм экспортидан тушаётган даромад 4 баробар ўсди.

Мисол учун, сайёҳлар сони бу йил Япониядан – 5 баробар, Ҳиндистон ва Италиядан – 3,5 баробар, АҚШдан – 2 баробарга ортди.

Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда мамлакатимизга жами 7 миллион сайёҳ ташриф буюради. Ушбу кўрсаткични 2030 йилга бориб 15 миллионга, ички туризм оқимини эса 25 миллионга етказишни режа қиляпмиз.

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Кенг кўламли ишларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан алоҳида эътирофга сазовор бўлмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Бутунжаҳон туризм ташкилотининг “энг тез ривожланаётган туризм масканлари” рўйхатида, шунингдек, машҳур “Геллоп” ижтимоий тадқиқот марказининг “Сайёҳлик учун энг хавфсиз давлат” рейтингида юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатимиз АҚШнинг “National geographic traveler awards” рўйхатида “Йил янгилиги” ҳамда “Гастрономик туризм” номинациялари ғолиби бўлди.

Ўзбекистон ўтган йили “Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси”да “энг кучли саёҳат йўналиши” сифатида тан олинди.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Биз ўз олдимизга жуда катта мақсад ва режаларни қўйганмиз ва бу борада сизлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Жумладан, Туризмни комплекс ривожлантириш бўйича 2030 йилгача бўлган стратегияни ишлаб чиқмоқдамиз.

Бу борадаги асосий йўналиш сифатида замонавий туризм ва транспорт инфратузилмасини яратишга устувор аҳамият қаратамиз.

“Тошкент–Самарқанд” ва “Навоий–Бухоро” йўналишлари учун яна 6 та тезюрар поезд олиб келинади, юртимизда 600 километр қўшимча темир йўллар қурилади.

2025 йилдан бошлаб “Тошкент–Хива” тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилади, 2026 йилдан эса ушбу йўналиш Нукус шаҳригача узайтирилади.

Шунингдек, “Тошкент–Самарқанд” ва “Тошкент–Андижон” йўналишларида хусусий шериклик асосида пуллик автомагистраллар қурилади. Натижада ушбу йўналишларда манзилга етиб бориш вақти 2 баробар қисқаради.

2030 йилга қадар яна 56 та замонавий авиалайнер олиб келамиз ва авиапаркимиздаги самолётлар сонини 100 тага етказамиз. Бундан ташқари, авиақатновлар сони 4 баробар оширилади. Барча аэропортларда “очиқ осмон” режими жорий қилинади, ҳудудлардаги 6 та йирик аэропорт хусусий шериклик асосида янгиланади.

Шунингдек, катта шаҳар ва сайёҳлар кўп борадиган манзилларда 30 та йирик туризм кластерлари ташкил этилади.

Биз юртимизнинг маданий туризм салоҳиятини оширишга ҳам катта эътибор қаратамиз.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд. ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига 200 дан зиёд моддий ва 6 та номоддий объектларимиз киритилган.

“Кўҳна тарих дурдоналари” миллий дастури доирасида туристларни ўзига жалб қиладиган маданий мерос объектлари сони 800 тадан 2,5 мингтага етказилади, 745 та маданий мерос объекти реставрация қилинади, 20 та меъморий ёдгорликда “очиқ осмон остидаги музей”лар ташкил этилади.

Зиёрат туризми дастури доирасида саёҳатга келувчилар сонини ҳозиргидан уч баробар кўпроққа оширамиз. Ана шу эзгу мақсадда табаррук зиёрат масканларининг географияси кенгайтирилиб, уларнинг ягона харитаси яратилмоқда.

Самарқандда улуғ мутафаккир бобомиз Имом Бухорий ҳазратлари хотирасига бағишлаб бунёд этилаётган муҳташам меъморий мажмуа бу борадаги улкан лойиҳаларимиздан бири бўлишига ишонаман.

Минтақамиз давлатлари билан қўшма сайёҳлик йўналишларини яратиш, Марказий Осиёда транспорт-логистика имкониятларини кенгайтириш, жумладан, “Бир тур – бутун минтақа” дастурини амалга ошириш диққатимиз марказида бўлмоқда.

Мухтасар айтганда, тиббий, экологик, гастрономик, этно, экстремал ва бошқа туризм йўналишларини ривожлантириш бўйича олиб бораётган ишларимиз ҳисобидан келгусида камида 1 миллионта янги иш жойлари яратишни мақсад қилганмиз.

Ҳурматли форум қатнашчилари!

Дунё туризм индустриясининг эътиборга молик йирик тадбири – Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясининг Самарқандда ўтказилиши Марказий Осиё минтақаси учун катта тарихий воқеадир.

Ишончим комилки, ушбу анжуман Ташкилотимизга аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва унга янги шиддат бағишлашга хизмат қилади.

Алоқаларимизни ҳар томонлама чуқурлаштириш учун қуйидаги таклифларни билдирмоқчиман.

Биринчидан, глобал туризмнинг энг долзарб муаммоси – бу туристларнинг кафолатланган хавфсизлик тизимини таъминлашдир.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида кузатилаётган низо ва беқарор вазиятлар соҳа ривожига пандемиядан ҳам кўра кўпроқ салбий таъсир кўрсатмоқда.

Минг афсуски, бу жараёнлар оқибатида жозибадор ва анъанавий йўналишларда туризм салоҳияти ва сайёҳлар сони кескин пасаймоқда, хавфсиз туризм учун доимий тусга эга бўлган хатар ва таҳдидлар ортмоқда, уларнинг салбий таъсири қўшни минтақаларга ҳам тобора кенгроқ тарқалмоқда, бутунжаҳон маданий мерос объектлари ва кўҳна архитектура ёдгорликлари вайрон қилинмоқда ва ҳатто айримлари Ер юзидан йўқ бўлиб кетмоқда.

Бундай аянчли ҳолатларнинг олдини олиш учун барчамиз ҳамжиҳат ва якдил бўлиб, бор куч ва саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз керак.

Шу мақсадда, ҳозирги мураккаб вазиятни инобатга олган ҳолда, халқаро туризм соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асосларни кучайтириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқишни таклиф этаман.

Иккинчидан, иқлим ўзгаришлари тобора кучайиб бораётган даврда “яшил” туризмни ривожлантириш бўйича халқаро Ҳаракатлар дастурини қабул қилиш ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.

Шунингдек, Ташкилотимизнинг “Яшил” туризмни жорий этиш бўйича энг яхши шаҳар” номинациясини таъсис этишни таклиф қиламиз.

Ташкилот кўмагида яқинда иш бошлаган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ҳамда Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро университети ҳамкорлигида Глобал “яшил” туризм стартаплари лабораториясини яратмоқчимиз.

Биз энг яхши инновацион ечимларни яратиш мақсадида грант маблағларини ажратишга тайёрмиз. Барча аъзо давлатлар ва халқаро ташкилотларни ушбу лойиҳага қўшилишга таклиф этамиз.

Учинчидан, имконияти чекланган сайёҳлар учун қулай шароитларни янада кучайтириш ва инклюзив туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида биз Ташкилотимиз доирасида 2025 йилни “Бутун жаҳон инклюзив туризм йили” деб эълон қилиш ва махсус декларация қабул қилиш ташаббусини илгари сурамиз.

Тўртинчидан, Бутунжаҳон туризм ташкилоти ҳузурида Сайёҳлик бўйича тарихий шаҳарлар кенгашини тузиш мақсадга мувофиқдир.

Ушбу платформа маданий мерос объектларига сайёҳлар оқимини кўпайтириш, тарихий ёдгорликларни асраш бўйича энг илғор тажрибалар билан алмашиш, тавсия ва самарали ечимларни шакллантириш имконини беради.

Кенгашнинг биринчи йиғилишини қадимий Бухоро шаҳрида ташкил этишга тайёрмиз.

Бешинчидан, бугун биз Самарқандда туризм соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган ва уларнинг малакасини оширадиган, дунёда ўхшаши йўқ Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Халқаро туризм академиясини очдик.

Ишончим комилки, ушбу Академия глобал таълим хабига айланади ва жаҳон туризм саноатини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади.

Келгуси ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон иқтидорли мутахассислар учун махсус грантларни тақдим этади ва давлатларингиз вакилларини бу дастурда фаол иштирок этишга чақиради.

Олтинчидан, Ташкилотимиз билан яқин ҳамкорликда Жаҳон ёшлар туризми саммитини Тошкентда ўтказиш ҳақидаги ташаббусимизни қўллаб-қувватлайсиз, деган умиддаман.

Аминманки, ушбу форум ёшларимиз учун сайёҳликни ривожлантириш лойиҳалари ҳамда янги ғояларни яратишда муҳим ва фойдали майдонга айланади.

Еттинчидан, “Ипак йўли” брендини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Ташкилотнинг махсус халқаро мукофотини таъсис этиш ташаббусини билдирамиз.

Ушбу режани амалга оширишда биз бугун Бутунжаҳон туризм ташкилоти билан ҳамкорликда очган “Ипак йўлида туризм” тематик офиси фаол шуғулланиши мумкин, деб ҳисоблаймиз.

Яна бир масала. Эътиборингизни туризм соҳасининг фаол тарғиботчилари – журналистлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларига қаратмоқчиман.

Ташкилотимиз қўшимча платформалар яратиш орқали бу иқтидорли ва жонкуяр ижодкорларнинг катта куч ва салоҳиятини бирлаштиришда фаол роль ўйнаши лозим.

Шу муносабат билан етакчи оммавий ахборот воситалари, журналистлар ва энг яхши саёҳат блогерларини ўзида бирлаштирадиган Глобал медиа кампусинини ташкил этиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз.

Бундай медиа форумларни ҳар икки йилда бир марта Ташкилот Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессиялари доирасида ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Биринчи медиа кампусни юртимизда қабул қилишга тайёрмиз.

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Сизлар анжуман давомида Самарқанднинг қадимий тарихи, бой маданияти, унинг бетакрор гўзаллиги, халқимизнинг урф-одат ва анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўласизлар.

Бу азим шаҳар дунёнинг барча минтақаларидан ташриф буюрадиган миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб этаётган Буюк ипак йўлининг чинакам жавоҳиридир.

Сиз, азизлар, Самарқандни “Маданий туризмнинг халқаро пойтахти” деб эълон қилиш ва тегишли декларацияни қабул қилишга доир ташаббусимизни қўллаб-қувватлайсиз, деб ишонаман.

Бу юксак мақом асрлар бўйи ўз таровати ва беқиёс меросини безавол сақлаб келаётган, бағрикенглиги ва меҳмондўстлиги билан бутун дунёда шуҳрат қозонган Самарқанднинг мўътабар номига ҳар томонлама муносиб бўлар эди.

Ҳурматли дўстлар!

Ҳеч шубҳасиз, бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида қабул қилинадиган ҳужжатлар ва келишувлар глобал туризм индустриясининг жадал ривожланишига салмоқли ҳисса қўшади.

Бош Ассамблея сессияси доирасида ўтказиладиган инвестиция ва таълим форумлари жаҳоннинг барча туроператорлари, олийгоҳлар ва йирик компанияларнинг ўзаро мулоқоти учун самарали майдон бўлишига аминман.

Ушбу форумларда барча ҳудудларимиз ўзларининг бой тарихий ва маданий салоҳиятини, сайёҳлик имкониятларини тўлиқ намойиш қилади ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳалари пакетини тақдим этади.

Бу тадбирларда сизларни фаол иштирок этишга чақираман.

Барчангиз Янги Ўзбекистонни ўзингиз учун кашф этишингизга, ушбу ташриф қалбларингизда унутилмас таассуротлар қолдиришига ишонаман.

Сиз, азиз дўстларимиз учун Ўзбекистон эшиклари ҳамиша очиқ ва барчангиз биз учун доимо қадрли меҳмонсиз.

Бош Ассамблея сессиясининг ишига муваффақият ва омадлар тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?