Ўзбекистон Республикаси Президенти Россия Давлат Думаси Раиси билан учрашув ўтказди

20:02 28 Ноябрь 2022 Сиёсат
540 0

Фото: president.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат Думаси Раиси Вячеслав Володин бошчилигидаги Россия парламент делегациясини қабул қилди.

Учрашув аввалида Вячеслав Володин давлатимиз раҳбарига Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда парламентлараро мулоқотлар жадал суръат касб этгани, Ўзбекистон ва Россия ҳудудларида янги форматдаги – икки мамлакат парламентларининг палата ва қўмиталари раҳбарлари даражасида учрашувлар ўтказиш амалиёти жорий қилингани алоҳида қайд этилди.

Янги ташкил этилган Ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссия фаолияти икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда қонунчилик фаолиятини ташкил этиш соҳасида тажриба алмашишни кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий натижалари мамнуният билан қайд этилди. Жорий йилнинг бошидан буён икки томонлама товар айирбошлаш учдан бирга ошди.

Россия инвестицияларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда нефть-газ, энергетика, кон-металлургия, қишлоқ хўжалиги тармоқларида қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ишбилармонлик алоқалари изчил кенгайиб бормоқда.

Маданий-гуманитар йўналишда, энг аввало, олий ва ўрта таълим ҳамда туризм соҳаларида самарали ҳамкорлик ривожлантирилмоқда.

Россия делегацияси аъзолари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, ёшлар тарбияси, соғлиқни сақлаш салоҳиятини ошириш, шаҳар ва қишлоқлар инфратузилмасини модернизация қилиш борасида рўй берган ўзгаришларни юксак баҳолади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?