Ўзбекистон Республикаси Президенти ЕХҲТ бош котиби билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) бош котиби Хелга Шмид билан музокара ўтказди.
ЕХҲТ билан ушбу ташкилот фаолиятининг учта – иқтисодий, сиёсий ва гуманитар йўналишларнинг барчасида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Кейинги вақтда алоқалар фаоллашгани, очиқ ва конструктив мулоқот ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзаро ҳамкорликка 30 йил тўлган жорий йилнинг ўзида Ўзбекистонга ЕХҲТнинг амалдаги раиси Збигнев Рау ва ЕХҲТнинг Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссари Қайрат Абдураҳмонов ташриф буюрди. Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси, Парламент ассамблеяси ва ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги бўйича вакили билан самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Ёшлар ўртасида рақамли кўникмаларни ривожлантириш бўйича ҳамда 2026 йилгача қадар даврга мўлжалланган Террорчилик ва экстремизмга қарши курашиш стратегияси доирасида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Суҳбат давомида ЕХҲТ тузилмаларининг эксперт кўмаги, айниқса Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни давом эттириш ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш масалаларида муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Иқтисодиёт ва экология йўналишларидаги ҳамкорликни кучайтириш, «яшил» иқтисодиёт, рақамлаштириш, кичик бизнес ва экология соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.
Минтақавий ва халқаро хавфсизликнинг долзарб муаммолари муҳокама қилинар экан, қўшни Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. Афғон халқининг муҳим гуманитар эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 2023 йилдан автомобиль нархи пасайди — UzAuto Motors
- Ўзбекистон Президентининг 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан бир қатор муассасаларга ташрифи жараёнларидан «Халқ сўзи» мухбири фоторепортажи
- Европа Иттифоқи Украинага 18 миллиард евро миқдоридаги янги ёрдам пакети ажратди
- АҚШ Ғарбни Украинага қирувчи самолётлар етказиб беришга чақирмоқда
- Буюк Британия бош вазири жаримага тортилди
- Европада бир вақтнинг ўзида ҳам грипп, ҳам коронавирусни юқтирган беморлар кўпаймоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг