Ўзбекистон Республикаси Президенти Америка-Ўзбекистон савдо палатаси делегациясини қабул қилди

19:25 16 Ноябрь 2022 Сиёсат
510 0

Фото: president.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 ноябрь куни “Кўксарой” қароргоҳида Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Делегация таркибида учрашувда АҚШнинг «General Electric», «Procter and Gamble», «Coca-Cola» «CNH Industrial», «John Deere», «Zeppelin» ва «Silverleafe» компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Таркибига 38 та етакчи компания кирувчи Америка-Ўзбекистон савдо палатаси икки томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшаётгани қайд этилди.

Мамлакатларимиз корхоналари ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш юзасидан фикр алмашилди.

Энергетика, кимё тармоғи, машинасозлик, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳалари ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.

Кэролин Лэмм палата аъзоларининг юртимиздаги фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани учун АҚШ ишбилармонлар ҳамжамияти номидан давлатимиз раҳбарига ташаккур билдирди.

Америка ишбилармон доиралари вакиллари АҚШ бизнесининг ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қизиқиши ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон етакчиси раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятларини юқори баҳолаб, мамлакатимиз билан инвестициявий шерикликни кенгайтириш учун очилаётган имкониятлардан фаол фойдаланишга интилишини тасдиқлади.

Янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун 2023 йилнинг биринчи чорагида қўшма бизнес форумини ўтказишга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер