Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейи очилди

19:12 20 Январь 2022 Жамият
515 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи"

Донишмандлар қайд этганидек, тарих улуғ мураббийдир. Инсонни комилликка, ўзликни англашга ўргатадиган тарих сабоқларига тенг келадиган бошқа бирон-бир дарс йўқ. Шу маънода, ўз тарихини, ўтмишини унутган, унга эҳтиром ва эъзоз ҳиссини йўқотган миллатнинг келажаги бўлмаслиги инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

Мамлакатимизда тараққиётимизнинг янги босқичида кўп минг йиллик тарихга эга бўлган юртимиз ҳамда халқимизнинг ўтмишига холис назар ташланиб, Ўзбекистоннинг энг қадимги тарихидан бошлаб, то бугунга қадар юз берган энг муҳим воқеалар, ҳодисалар одилона ва борича талқин этиляпти.

Тарихимизнинг барча босқичини яхлит ҳолда қабул қилиб, ҳар томонлама чуқур ўрганишга киришилди. Албатта, бу йўлдаги эзгу мақсадлар рўёби учун юз минглаб нодир экспонатларни ўз ичига олган музейлар алоҳида аҳамиятга, бемисл қимматга эга.

Қувонарлиси, тарихдан сўзловчи бундай музейлар сони яна биттага кўпайди — пойтахтимизда Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейи очилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда прокуратура органлари, суд-ҳуқуқ идоралари, тегишли вазирлик ва ташкилотлар раҳбар-ходимлари, фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Маросимда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н. Йўлдошев сўзга чиқиб, музей очилиши билан барча қатнашчиларни самимий қутлади.

— Мамлакатимиз прокуратураси органларининг тарихини, бугунги ҳаётини акс эттирувчи мазкур музей 2 мингдан ортиқ экспонатларни ўзида мужассам этган, — дейди Бош прокурор Н. Йўлдошев. — Зеро, илк маротаба мустақил давлатнинг прокуратураси сифатида эътироф этилган ҳамда бу мақоми қонуний тарзда мустаҳкамланганига 30 йил бўлаётган тизимимиз миллий давлатчилигимизнинг олис тарихи билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Президентимиз ташаббуси, тизимга бўлган эътибори туфайли прокуратура органларининг бутун қиёфаси кейинги йилларда тубдан ўзгарди. Тизимимиз халқ сари юз тутди, уни ташвишга солаётган муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашадиган, «Инсон қадри учун», деган тамойилни рўёбга чиқаришга камарбаста бўладиган ишончли тузилма сифатида янги даврга қадам қўйди. Бинобарин, бу даврнинг яқин истиқболда берадиган самараларига оид ноёб экспонатлар ҳам музейдан муносиб ўрин олади. Зеро, охирги беш йилда прокуратура босиб ўтган шонли йўлнинг ўзи бир тарихдир.

Айтиш жоизки, музей экспозицияси орқали прокуратура тизимининг ана шундай узоқ йиллик фаолияти, шаклланиши, ривожланиш жараёнлари — ёрқин саҳифалар ва машаққатли даврлардан иборат бўлган тарихи ёритилган. Ўзбек давлатчилиги ва ҳуқуқининг узоқ тараққиёт йўли, Ватанимиз ҳудудида мавжуд бўлган давлатлардаги бошқарув, ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг тарихий илдизлари ва ривожланиш босқичлари ҳам далиллар асосида кўрсатиб берилган.

Экспозициянинг асосий ғояси прокуратура органлари эришган ютуқларни, бой маданий ҳамда тарихий меросини, соҳа ходимларининг ибратли ҳаёти ва фаолиятини акс эттириш, тарғиб қилиш орқали музейга ташриф буюрувчиларда Ватанга муҳаббат, касб ҳамда хизмат бурчига садоқат ҳиссини юксалтириш, фуқароларнинг прокуратура органлари, пировардида, давлатга ишонч ва ҳурматини оширишдан иборат.

Шубҳасиз, қисқа муддатларда 700 квадрат метр майдонда бунёд этилган мазкур музей келгусида янада кенгаяди, унинг экспонатлари сони ҳам ошиб, бойиб бораверади.

Раҳим ШEРҚУЛОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер