Ўзбекистон Президентининг сиёсати туфайли дунё мамлакатнинг жаҳонга юз тутаётганига гувоҳ бўлмоқда — "La Nazione"

12:17 10 Март 2021 Сиёсат
444 0

Италиянинг нуфузли «La Nazione» газетасида Флоренцияда Ўзбекистоннинг Тоскана ва Умбрия минтақаларидаги фахрий консулхонаси очилгани тўғрисида мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Материал муаллифи — журналист Катерина Чеккути фахрий консулхона жорий йил 5 март куни очилгани, "Италия — Ўзбекистон" савдо-саноат палатаси маслаҳатчиси, Флоренция ва Самарқанд ўртасида дўстлик ва биродарлик муносабатларини ўрнатиш ташаббускори Леонардо Комуччи фахрий консул этиб тайинлангани ҳақида ёзган.

«Флоренциядаги фахрий консулхонанинг асосий мақсади Италия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий ва илмий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашишдир», — дейди муаллиф.

Катерина Чеккутига кўра, бой хом ашё базаси, стратегик мавқе, иқтисодий ривожланишнинг узоқ муддатли режалари, солиқ имтиёзлари, сиёсий барқарорлик ва мунтазам ўсиб бораётган иқтисодиёт мамлакатимизни бизнес имкониятларининг жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Италиялик журналист, шунингдек, янги тайинланган фахрий консулдан интервью олган. Унинг саволларига жавоб берар экан, Леонардо Комуччи Италияда ўзбек халқи учун «таянч пункти» бўлиш унинг учун катта шараф эканини таъкидлаган.

«Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида сезиларли ютуқларга эришилди, — деди у. — Шунингдек, жиддий маъмурий ислоҳотлар амалга оширилмоқда, электрон ҳукумат такомиллашмоқда ва жадал ривожланмоқда, оммавий ахборот воситалари ва блогерларнинг мустақиллигини таъминлаш соҳасида муҳим ислоҳотлар бошланган».

Л.Комуччи оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ютуқлар ҳақидаги саволга ҳам жавоб берган. Бугунги кунда Ўзбекистонда журналистлар ва блогерлар фикрлар ва янги ўзбекона тафаккурни ифода этишда етакчилик қилмоқда, деб қайд этган у.

«Коррупцияни тубдан камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш учун «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегияси тасдиқланди. Унинг асосий мақсади ихтисослашган интернет-порталларда ҳужжатларни нашр этиш орқали фуқароларга қарор қабул қилиш жараёнлари тўғрисида барча маълумотларга эга бўлиш имкониятини тақдим этишга қаратилган», — деди Леонарда Комуччи.

Унга кўра, Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсати туфайли бутун дунё Ўзбекистоннинг жаҳонга юз тутаётганига, маъмурий, қишлоқ хўжалиги, саноат соҳаларида реал ислоҳотлар ва давлат корхоналарини хусусийлаштиришга гувоҳ бўлмоқда.

«Халқаро ҳамжамият ўз нигоҳини Ўзбекистоннинг салоҳиятига қаратиши, ислоҳотларни рағбатлантириши, уларнинг ривожланишини кузатиши ва жаҳон миқёсидаги ҳамкорлик динамикаси доирасида мамлакатга эътибор бериши керак», деб хулоса қилган муаллиф.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?