Ўзбекистон Президенти ва Франция Парламентининг қуйи палатаси раиси парламентлараро мулоқотни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни Париждаги Бурбон саройида Франция Миллий йиғини Раиси Яел Браун-Пиве билан учрашув ўтказди.
Парламентлар ўртасидаги ҳамда ижтимоий-сиёсий ҳаётни янада демократлаштириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Франция Миллий йиғини раҳбари Ўзбекистонда, шу жумладан парламентаризмни ривожлантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, гендер тенгликни илгари суриш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли демократик янгиланишларнинг боришини юксак баҳолади.
Гендер тенгликни таъминлаш жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон бу борада катта муваффақиятларга эришгани, мамлакатимизда хотин-қизлар қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият идораларида, тадбиркорлик ва ижтимоий соҳада муносиб ўрин эгаллаётгани қайд этилди.
2022 йил сентябрь ойида мамлакатимизда илк бор жаҳон парламентлари етакчи аёлларининг 14-саммити ўтказилди. Етакчи аёлларнинг ролини ошириш тўғрисида Тошкент декларацияси қабул қилинди.
Учрашувда ўлим жазосини бекор қилиш, инсон ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, экологик муаммоларни ҳал этиш тўғрисидаги нормалар ва бошқа муҳим қоидаларни мустаҳкамлаб қўйиш кўзда тутилган конституциявий ислоҳотни амалга оширишга тайёргарлик борасидаги асосий ёндашувлар муҳокама қилинди.
Парламентлараро дўстлик гуруҳининг учрашувларини ўтказиш, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши, Европа Парламенти, Парламентлараро иттифоқ, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси доирасидаги ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.
Учрашув якунида Президентимиз Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб қолдирди. Шунингдек, Франция Миллий йиғини Раисини ўзи учун қулай вақтда ташриф билан мамлакатимизга боришга таклиф этди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Буюк Британия бош вазири жаримага тортилди
- Мактабларда тил ва касб ўргатишни ривожлантириш чоралари белгиланди
- «Ватан — бамисоли қуёшга ўхшаш...»
- Буркина-Фасода ўғирлаб кетилган аёллар озод қилинди
- Транспорт вазирлари «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилишини муҳокама этишди
- АҚШ бой берилган ҳудудларни Украинага қайтаришга эришиш ниятида эканлигини маълум қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг