Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлида қандай ишлар олиб борилмоқда?

07:37 05 Сентябр 2021 Иқтисодиёт
282 0

Дунёнинг кўплаб давлатлари ушбу мураккаб масаланинг ечими устида тинимсиз бош қотириб келаётган бир даврда таҳлиллар Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлигини нафақат таъминлаш, балки мустаҳкамлаш борасида сўнгги йилларда сезиларли натижаларга эришиб келаётганлигини кўрсатмоқда.

Аслида, озиқ-овқат хавфсизлиги жуда кенг тушунча бўлиб, у энг аввало, аҳоли эҳтиёжини физиологик меъёрларга мос равишда истеъмол маҳсулотлари билан таъминлашни назарда тутади. Бироқ кейинги пайтда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши аҳоли сони ва эҳтиёжларининг ортишидан орқада қолаётгани, айниқса, қишлоқ хўжалиги ҳамда қайта ишлаш саноати ривожи учун етарли шароит мавжуд бўлмаган мамлакатларда муаммо тобора чуқурлашиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан Ислом тараққиёт банки(ИТБ) бошқарувчилар кенгашининг 46 йиллик йиғилишида ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ИТБнинг фан, технология ва инновациялар жамғармасининг салоҳияти ва имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, қишлоқ хўжалигига илғор ишланмаларни жорий қилиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, айниқса, долзарблиги таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, жумладан, кластерлар фаолияти йўлга қўйилгани, кам ҳосилли пахта ерларининг қисқартирилиб, ўрнига озиқ-овқат маҳсулотлари: дуккакли, сабзавот ва полиз экинлари экилиши, республика миқёсида барча ҳудудларнинг озиқ-овқат етиштириш бўйича тор соҳаларга ихтисослаштирилгани, аҳолининг деҳқон ва томорқа хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама рағбатлантириш, манфаатдорликни ошириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар том маънода мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Хусусан, Сурхондарё вилояти мисолида оладиган бўлсак, соҳада олиб борилган ишлар натижасида ялпи ҳудудий маҳсулотда қишлоқ хўжалигининг ҳажми 2016 йилда 4,2 трлн. сўмни, аҳоли жон бошига кўрсаткич 1,7 млн. сўмдан тўғри келган бўлса, 2020 йилда ушбу ҳажм 19,9 трлн. сўмни, аҳоли жон бошига 7,5 млн. сўмдан тўғри келиши таъминланди.

Соҳага қаратилган эътибор жумладан, ғаллачиликда ҳам ҳосилдорликнинг ўсишига замин яратди. 2016 йилда воҳада 98,0 минг гектар майдонга уруғ экилиб, 274,2 минг тонна ёки 109,8 фоизга бажарилган бўлса, 2020 йилда эса 93,0 минг гектар майдонга уруғ қадалиб, 300,3 минг тонна ғалла олиниб, режага нисбатан 103,6 фоизга бажарилган. Бу эса, 2016 йилга нисбатан 5,0 минг гектар кам экилишига қарамасдан, 26,1 минг тонна кўп буғдой етиштирилишини таъминлади.

2020 йилда вилоятдаги 756 та фермер хўжаликларга ҳамда 5 та сабзавотчилик йўналишидаги кластерларига 40372 гектар ер майдонлари ажратилди. Улар томонидан етиштирилган сабзавот маҳсулотлари 1013532 тоннага ёки 104,8 фоизга ўсганини кўриш мумкин.

Боғдорчилик соҳасида ҳам қаровсиз ерларнинг ўзлаштирилиши натижасида юқори натижаларга эришилганини алоҳида қайд этиш лозим. Вилоятдаги мавжуд яроқсиз боғ майдонлари 2016 йилда 639 гектарни ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 566 гектарга камайиб қайтадан реконструкция ва янгидан барпо қилинди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 11 декабрдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан вилоятда 2 та боғдорчилик кластерлари ташкил этилиб, уларга 1180 гектар ер майдонлари ва 35 та боғдорчилик фермер хўжаликлари бириктирилди. Натижада вилоятдаги мавжуд боғдорчиликка ихтисослашган барча хўжаликларда 2016 йилда 112188 тонна маҳсулот етиштирилган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 51231 тоннага кўпайиб, 145,6 фоизга ошди.

Маълумки, Сурхондарё узумчилик етиштириш бўйича қулай иқлим шароитига эга ҳудуд саналади. Вилоятда мавжуд узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари сони 2016 йилдагига қараганда 226 тага кўпайиб, 2020 йилда 1256 тага етди, саноатбоп узум майдонлари 456 гектарга кўпайди. Етиштирилган узум маҳсулоти қарийб 95,5 минг тоннага етказилди.

Бундан ташқари, воҳа қишлоқ хўжалигидаги устувор йўналишлардан бўлган чорвачилик соҳасида қўл урилган қатор ижобий ишлар натижасида аҳолининг гўшт ва сутга бўлган эҳтиёжлари қондириш борасида ижобий кўрсаткичларга эришилди. Чорвачилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликлар сони 4 йил ичида 1135 тага кўпайиб, 2127 тага етди. Шунингдек, уларга ажратилган ер майдонлари 5621 гектарни ташкил этди. Бу эса ўтган 2016 йилга нисбатан 184 фоизга ёки 2566 гектарга кўпдир. Бунинг натижасида барча тоифадаги чорва бош сонлари 881,5 минг бошдан 2020 йилга келиб 998 минг бошга кўпайтирилди. Натижада 2020 йилда барча тоифадаги хўжаликлар томонидан етиштирилган гўшт маҳсулоти 119 782 тоннага етказилиб, 114,6 фоизга ўсишга эришилди.

Шунингдек, паррандачилик йўналишида уларнинг сони 5,1 млн. бошга етказилган бўлса, балиқчилик йўналишида маҳсулот етиштириш даражаси 2016 йилга нисбатан 1820 тоннага ошиб, 4400 тоннага етказилди.

Дунёда шундай давлатлар борки, уларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмайди. Озиқ-овқат учун зарур маҳсулотларнинг асосий қисми четдан сотиб олинади. Aммо юқоридаги рақамлар бизда исталган озиқ-овқат маҳсулотларини қулай нархларда харид қилиш имкониятимиз борлигини, бу эса бизнинг қандай тўкинчиликда яшаётганимизни билдиради.

Албатта, маҳсулотни етиштириш билангина чегараланиб қолмасдан, уни қайта ишлаш ҳам муҳим вазифа саналади. Чунки, маҳсулот кўп ва хўп етиштирилгани билан уни сотишда фақатгина ички бозор билан чекланиб қолинса, ички бозор талабларидан ортиқча маҳсулотлар исроф бўлади ва деҳқон касодга учрайди. Пешона тери билан етиштирган маҳсулотини ички бозордан ташқари ташқи бозорга, хорижий давлатларга экспорт қилиш деҳқон учун кони фойда. Бунинг учун эса маҳсулотнинг қайта ишлаб, саралаш асосий талаб этиладиган босқич ҳисобланади.

Вилоятда ички бозор талабини қондириш учун йилига ўртача 857,7 минг тонна мева-сабзавот (сабзавот, картошка, полиз, мева-узум) маҳсулотлари талаб этилади. 2020 йилда вилоятда 1 198,2 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилган бўлиб, шундан 857,7 минг тонна ички бозорга, 140 минг тонна қайта ишлашга, 200,5 минг тонна экспортга йўналтирилди. Қишлоқ хўжалиги экспортига келадиган бўлсак, етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари асосан, Россия, Хитой, Покистон, Aфғонистон, Қозоғистон давлатларига экспорт қилиняпти.

Вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,9 баробарга ўсиб, 2021 йил якунида 6,7 трлн. сўмни ташкил этади. Ваҳоланки, бу кўрсаткич 2017 йилда 2,3 трлн. сўмга тенг эди. Бунда озиқ-овқат маҳсулотларининг саноат соҳасидаги улуши 24,5 фоизга етади.

Президентимизнинг 2017 йил 6 январдаги «2017-2018 йилларда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашни янада чуқурлаштириш ва уларни сақлаш учун қувватларни барпо этиш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2019 йил 29 июлдаги «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарорлари мазкур йўналишда ижобий натижаларга эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш қувватлари оширилиб, янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Хусусан, мева-сабзавотни қайта ишлаш даражаси 0,4 фоиздан 12,4 фоизга, узумни қайта ишлаш 4 фоиздан 7 фоизга, гўштни қайта ишлаш 0,3 фоиздан 1,1 фоизга, сутни қайта ишлаш 0,3 фоиздан 0,7 фоизга ўсиши таъминланди. 2017 йилга қадар аҳолининг энг зарур эҳтиёждаги маҳсулотлар: ун ва ёғ ишлаб чиқариш учун вилоятнинг ўзида хом-ашё мавжуд бўла туриб, қайта ишлаш даражаси 50 фоизга ҳам етмаган, бу 2021 йилга келиб 115 фоизга етказилди. 2,1 мингта янги иш ўрни, 700 млрд. сўмлик қўшимча қиймат яратилиб, бюджетга қўшимча 50 млрд. сўм тушум манбаи ҳосил қилинди. Экспорт кўрсаткичи 1,0 млн. доллардан 3,5 млн. долларга етказилди.

Хулоса қилиб айтганда, озиқ-овқат саноатида юқори кўрсаткичларга эришиб, халқимиз фаровонлиги, дастурхони тўкин бўлишини назарда тутувчи мазкур ислоҳотлар партиямиз дастурида назарда тутилган мақсад-вазифалар билан ҳамоҳангдир. Бугун ана шу режаларнинг амалий натижаларини кўраётганимиз юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўналишида тўғри йўлда эканлигимиздан далолатдир.

Ботир МАРДАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?