Ўзбекистон нотариал палатаси яқин муддатларда Иттифоққа аъзо бўлади — Халқаро нотариуслар иттифоқи делегацияси раҳбари Ричард Бок 

22:30 24 Сентябр 2021 Жамият
694 0

Фото: "Халқ сўзи"

Жорий йилнинг 22-24 сентябрь кунлари Германия нотариуслари Федерал палатасининг халқаро алоқалар бўйича бош вакили, Халқаро нотариуслар иттифоқининг халқаро нотариал ҳамкорлик бўйича комиссияси президенти Ричард Бок бошчилигидаги Халқаро нотариуслар иттифоқи делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи бўлиб ўтди.

Халқаро делегация ташрифи Нотариал палата раҳбарияти ва Бошқарув аъзолари билан учрашувдан бошланиб, меҳмонлар эътиборига Нотариал палата фаолиятидан презентация намойиш этилди. Делегация Адлия вазирлигида ҳам бўлди ва адлия вазири Русланбек Давлетов билан учрашув бўлиб ўтди. Кейин меҳмонлар Давлат хизматлари агентлиги фаолияти билан яқиндан танишдилар. 

Делегация раҳбари Ричард Бок Германияда давлат хизматлари агентлиги каби ташкилот йўқлиги ва бу тизим унда катта қизиқиш уйғотганини таъкидлади.

Делегация аъзолари, шунингдек, Самарқанд шаҳрида ҳам бўлиб, у ерда ҳудудий бошқарма ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти билан танишди. Ташқи ишлар вазирлиги, Олий суд ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасида делегация аъзолари билан учрашувлар ўтказилди.

Ташриф муносабати билан ташкил этилган Матбуот анжуманида Ричард Бок делегация томонидан жойларда ўтказилган учрашув ва ўрганишларда Ўзбекистон нотариати тизимини ижобий баҳолади.

«Насиб қилса, яқин муддатларда Ўзбекистон Нотариал палатаси Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзоликка қабул қилинади, деган умиддаман», деди Ричард Бок.

Халқаро Нотариуслар Иттифоқи (ХНИ) нодавлат ташкилоти бўлиб, лотин типидаги нотариусларнинг асосий халқаро ташкилоти ҳисобланади.

  • Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзо бўлиш миллий нотариат тизимини ривожланган давлатлар нотариат тизимлари билан бир қаторда бўлишини, нотариуслар тасдиқлаган ҳужжатлар дунё миқёсида шубҳасиз тан олинишини таъминлайди ва, шу билан бирга, Ўзбекистонни халқаро майдондаги нуфузини юксалишига, халқаро индикаторлар бўйича ўрни кўтарилишига, хорижий инвесторларнинг сармоя киритишга бўлган ишончини ошишига хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?