Ўзбекистон нима учун Финляндия таълим тажрибасини танлади? — Онлайн мулоқот бўлиб ўтди

12:59 26 Ноябрь 2020 Жамият
325 0

Жорий йилнинг 25 ноябрь куни «Финляндиянинг таълим тажрибасини ўрганиш ва уни Ўзбекистонда кенг жорий этиш» бўйича онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси томонидан Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.Мусаев, Таълим инспекцияси бошлиғи У.Ташкенбаев, Ташқи ишлар вазирлиги, Мактабгача таълим, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари мутасаддилари иштирок этган бўлса, Финляндия томонидан ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги фавқуллотда ва мухтор элчиси Лиивала Маржа хоним, Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги таълим бўйича элчиси Салл Маряна хоним, Финляндия таълим ва маданият вазирлиги ҳамда Миллий таълим агентлиги мутасаддилари қатнашди.

Қайд этиш лозимки, жорий йилнинг 30 октябрь куни муҳтарам Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мактаб таълими бўйича илғор давлатлар тажрибасини ўрганиш, хусусан Финляндия таълим тизимининг ўзига хос хусусиятлари ҳамда муваффақиятларини ўрганиш, хусусан, таълим сифатини ошириш, мактабларда ўқув юкламаси ва дарслар сонини қайта кўриб чиқиш, ўқувчиларни фақатгина ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган методика яратиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Халқаро учрашувда сўз олган Ўзбекистон Республикаси томонидан Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаев сўнгги йилларда Ўзбекистонда таълим тизимини ислоҳ қилиш масаласи айниқса долзарблик касб этиб, давлат сиёсатидаги устувор йўналишлардан бирига айланганини таъкидлар экан, бу борада Финляндиядек илғор давлат билан яқиндан ҳамкорлик қилиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ўз навбатида Финляндия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маржа Лиивала хоним аввало учрашув учун ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирар экан, бу каби тадбирлар Финляндия томони учун улкан ғурур бахш этиши ҳамда ушбу ҳамкорлик пандемия ҳолатига қарамасдан, икки томон учун ҳам ҳар тарафлама манфаатли эканлигини таъкидлади.

— Финляндия таълим соҳаси учун жуда катта маблағ ажратди, — деди у, жумладан. — Бу жараёнда юқори малакали ўқитувчилар муҳим аҳамият касб этди. Ўқитувчилик Финляндия жамиятида нуфузли касблардан бири саналади. Ёшларнинг жуда кўпчилиги ушбу касбни эгаллашга интилади. Таълим тикилган маблағлар мамлакатни ноқулай иқлимига қарамасдан, ночор давлатдан билимга асосланган иқтисодиётга эга, яшаш даражаси юқори бўлган мамлакатлардан бирига айлантирди. Ўзбекистонда ҳам ўсиб келаётган ёш авлод ижобий ўзгаришлар ва чексиз чексиз имкониятларни намойиш қилмоқда.

Лиивала хоним учрашув келажакдаги ҳамкорлик алоқалари учун муҳим аҳамият касб этиши ва амалий натижаларни тақдим этишини таъкидлади. Шунингдек, у Финляндия томони таълим тизимини такомиллаштиришда ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга ҳамда тегишли йўналишлар бўйича экспертлар ажратишга тайёрлигини ҳам билдирди.

Давлатимиз раҳбари томонидан айнан Финляндия мисол қилиб кўрсатилгани бежизга эмас. Ушбу мамлакат таълим сифатини баҳолаш бўйича ўтказилган халқаро тадқиқотлардаги ўз муваффақиятлари билан ажралиб туради. Фин ўқувчилари таълим сифатини баҳолаш бўйича тадқиқотидаги барча йўналишларда саводхонлик кўрсаткичлари бўйича энг яхши натижаларга эришиб келмоқда.

Маълумот ўрнида, Финляндиянинг асосий таълим тўғрисидаги қонунида (1998 йил) Финляндия таълимининг учта асосий мақсади белгилаб берилган: (1) ўқувчиларга ҳаётда зарур бўлган билим ва кўникмаларни бериш, (2) жамиятда ривожланиш ва тенгликни тарғиб қилиш ҳамда (3) бутун мамлакат бўйлаб таълим соҳасида тенгликни таъминлаш.

Мактабларда ҳафтасига 5 кунлик ўқиш жорий этилган. Барча мактаблар бир хил мавқега эга, болалар қобилиятига кўра турли синф ёки ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ажратиб ўқитилмайди.

Фин мактабларида бошланғич таълим 6 йил давом этади ва 3-синфгача болаларга баҳо қўйилмайди, ўқитувчилар томонидан уйга вазифа деярли берилмайди, 2017 йилдан аксарият мактаблар дарс вақтида «ручкадан воз кечишган» ва дарс жараёнида тўлиқ компьютер ва планшетлардан фойдаланилади.

Мазкур мамлакат таълим тизимидаги илғор жиҳатларни ўрганиш учун Таълим инспекцияси ва тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда тизимли ишлар бошлаб юборилди. Хусусан, Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда «Йўл харитаси» лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унда фин таълим тажрибасини ўрганиш ва уларни мамлакатимизда самарали татбиқ қилишга қаратилган вазифалар, ҳамкорлик йўналишлари, чора-тадбирлар ўз аксини топган. Пандемия муносабати билан юзага келган шароитга қарамай, финляндиялик мутахассислар билан мунтазам равишда онлайн тарздаги учрашувлар ва семинарлар ўтказиб келинмоқда. Жумладан, Финляндия миллий таълим агентлиги экспертлари иштирокида таълим тизимини ўрганиш бўйича онлайн учрашув бўлиб ўтди. Шунингдек, 18-20 ноябрь кунлари Таълим инспекцияси томонидан Хелсинки университети педагогика фанлари факультети профессори, Таълим сифатини баҳолаш маркази директори жаноб Ристо Хотулайнен билан учрашув ўтказилган эди.

Учрашувда Ўзбекистон вакилларининг Финляндия таълим тизимини жойига борган ҳолда ўрганиш, бу борада яқиндан ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев Финляндиянинг таълим соҳасидаги тажрибасини ўрганиш бўйича ишлаб чиқилган йўл харитаси бўйича батафсил маълумот берди.

— Финляндия тажрибасини ўрганиш бўйича ўзбек томонининг идоралараро ишчи гуруҳи шакллантирилади ва аниқ вазифалари белгиланди, — деди Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев. — Ишчи гуруҳ таркибига: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакиллари жалб қилинади.

Фин тажрибасини Ўзбекистонда жорий қилиш бўйича фин мутахассислари ва Финляндиядаги фаол ватандошларимиздан иборат эксперт гуруҳини ташкил этиш ва улар билан ҳамкорлик ўрнатиш 2020 йил декабрь – 2021 йил февраль ойларида амалга оширилади. Бунда Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчихонаси кўмагида гуруҳга киритиш учун Финляндиядаги ватандошларимиз рўйхати шакллантирилади, эксперт гуруҳи аъзоларининг Ўзбекистон таълим тизими бошқарув органлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлиги йўлга қўйилади.

Финляндия тажрибасини хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда ўрганиш амалга оширилади, бунда хорижий экспертлар билан онлайн учрашувлар ўтказиш, уларнинг Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш, Финляндия томони билан келишган ҳолда 2 та фин мутахассисларини Ўзбекистонга консультант сифатида доимий фаолиятга жалб қилиш кўзда тутилган.

Учрашув якунида Финляндия таълим тажрибасини ўрганиш ва уни Ўзбекистонда жорий этиш бўйича ишлаб чиқилган йўл харитасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?