Ўзбекистон музейларига 2020 – 2022 йилларда қанча сайёҳ ташриф буюргани очиқланди

17:23 21 Июль 2022 Жамият
460 0

Ўзбекистонда сўнгги йилларда «Музейлар тўғрисида»ги қонун ижросини таъминлаш ва сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш учун бир қатор ишлар амалга оширилди. Президентимиз ташаббуси билан охирги 5 йилда 20 дан ортиқ янги музейлар фаолияти йўлга қўйилди.

Шунингдек сўнги йилларда музейларимизга ташриф буюрувчилар сони сезиларли ошди. Хусусан, 2020-2022 йиллар давомида жами 3,6 миллион санъатсеварлар музейларга келишди ва маданий меросимиздан баҳраманд бўлишди. 2019-2022 йилларда жами 221,9 млрд сўм маблағ тушган. Шундан 165,8 млрд сўми давлат бюджетидан ажратилган маблағлар, 56 млрд сўм бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобланади.

Очиқ эшиклар куни

Музейлар одамлар билан файзлидир. 2020 йил сентябрь ойидан бошлаб халқимизни музейларга янада кўпроқ жалб қилиш йўлида ўзгача ташаббусга қўл урилди — давлат музейларида ҳар ойнинг биринчи якшанбаси «Очиқ эшиклар куни» ташкил этилди. Ушбу кун барча ташриф буюрувчилар учун бепул этиб белгиланди.

Рағбат

Ҳар қандай соҳанинг ривожида рағбатлантириш катта аҳамият касб этади. Музейлар борасида ҳам шундай йўл тутилди — илмий даражага эга бўлган музей ходимларининг ойлик маоши ўртача 2,5 бараварга оширилди.

Бугунги кунда Маданий мерос агентлиги тизимида жами 104 та музей ва уларнинг филиаллари фаолият кўрсатиб келмоқда. Шундан 37 таси асосий музейлар ва 67 таси филиаллар ҳисобланади. Уларда жами 2223 нафар ходим фаолият юритмоқда.

Музейлар томонидан 2020-2022 йилларда жами 12759 та маданий тадбирлар ва кўргазмалар ўтказилган бўлиб, 379 китоб ва каталоглар нашр этилган.

Янги ва янгиланадиган музейлар

Ўзбекистон мавжуд музейлар билан чекланиб қолмоқчи эмас. Яқин келажакда юртимизда яна бир қатор музейлар очилиши, эскилари янгиланиши режалаштирилган.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2027 йилларга мўлжалланган давлат дастури қабул қилинган ва унга асосан музейлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш билан айни бир вақтда 8 та музей янгидан ташкил этилиб, 21 таси қайта ташкил этилиши белгилаб қўйилган. Шунингдек яна 9 та янги музей қурилади, 11 таси реконструкция қилинади ва 68 та музей замонавий талаблар асосида мукаммал таъмирланади.

Санъатсевар миллат

Юртимизда музейлар фаолиятини янада такомиллаштириш учун яна бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган. Янги музейлар, хусусан, нодавлат музейларни ташкил қилиш ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, республика миқёсида «Санъатсевар миллат» лойиҳасини амалга ошириш, унинг доирасида санъат галереяларини очиш, музейлар фондидаги экспонатларнинг кўчма кўргазмаларини ташкил этиш мақсад қилинган.

Янги ташаббуслар

Эътиборли томони, бундан буён ҳар йили давлат музейлари ва илмий-тадқиқот институтларига археологик ва этнографик тадқиқотларни амалга ошириш учун давлат буюртмаси тизими жорий қилинади. Ушбу ташаббус юртимиз тарихи ва бой маданий меросимизни кўпроқ ўрганиш, келажак авлодларга етиб боришини таъминлашда катта самара келтириши шубҳасиз.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер