Ўзбекистон Мусулмонлари идораси делегацияси америкалик ватандошларимиз билан учрашди

18:59 16 Ноябрь 2022 Жамият
335 0

Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ташаббуси билан Ўзбекистон Мусулмонлари идораси масъул ходимларидан иборат делегация АҚШнинг Пенсилвания, Нью-Йорк, Охайо штатларида бўлиб, у ерда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан биргаликда турли диний тадбир ва маросимларда қатнашди.

Хусусан, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакиллари Пенсилвания штатининг Филаделфия шаҳрида Исабет Ислом Академияси мажмуасида 500 дан ортиқ ватандошлар иштирокида диний суҳбат ташкил этилди. Унда масхаблар орасидаги фарқлар, «Ханафия» мазҳаби афзалликлари Ҳадис ва Қуръон оятларини келтирган ҳолда исбот ва тасдиқлари билан тушунтириб берилди. Маъруза давомида фарзанд тарбияси, оила муқаддаслиги, кон-қариндошлик ва ота-онага ҳамда яқинларига муносабат, шунингдек бошқа ҳаётда юзага келувчи бошқа ҳолатлар юзасидан диний мисоллар келтирган холда сўзлаб берилди.

Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида «Mahalla USA» ва «Ватандош» нодавлат нотижорат ташкилотлари, янги ташкил этилган «Абу-Ханифа масжиди» жамияти раҳбарлари ва фаол юртдошларимиз томонидан янги бунёд этилган «Абу-Ханифа» масжидида ҳамда Нью-Йорк шаҳридаги «Emir Palace» марказида турли диний суҳбатларда иштирок этишди. Ушбу тадбирларда мингдан ортиқ ватандошларимиз фаол қатнашиб ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Шунингдек Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон имом-хатиблари 2016 йили «Mahalla USA» нодавлат нотижорат ташкилоти ҳузурида ташкил этилган «Зиё Арт» ўқув маркази ва «Пахтакор — Нью-Йорк» клублари фаолияти билан танишди. Марказда таҳсил олаётган ёш болалар ва уларнинг ота-оналари иштирокида давра суҳбатлари ташкил этилди. Унда имом-хатиблар ёшларни миллий руҳда тарбиялаш, фарзандларнинг одоби, ахлоқи ва таълим-тарбиясига катта эътибор қаратиш зарурлигига алоҳида айтиб ўтишди.

Учрашув давомида Ватандош ташкилотлар фаоллари Америкада ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ҳамда юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштиришга тайёр эканини билдириб ўтдилар.

Уламоларимиз Охайо штатидаги Синсиннати шаҳрига сафар доирасида қурилиш ишлари бошланган «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» масжидини бориб кўрдилар ва масжид чизмаси билан танишиб, бинонинг архитектурасига оид ўзларининг таклифларини айтиб ўтдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси вакиллари ватандош ташкилотлар раҳбарлари, кўплаб юртдошларимиз билан биргаликда «Greater Cincinnati» Ислом маркази директори Ашраф Тарабилсин ҳамда имом Шайх Муса билан ҳам учрашишди. Ўз ўрнида Шайх Муса Ўзбекистон заминидан Ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб уламолар етишиб чиққанини алоҳида таъкидлади.

Тадбир давомида йиғилган ватандошларимиз бугунги кунда Ўзбекистонда муқаддас Ислом динига шунингдек хориждаги юртдошларга қаратилаётган эътибор учун мамлакат раҳбарияти ва дин уламоларига миннатдорлик билдиришди.

Шунингдек, Охайо штатида истиқомат қилаётган 600 нафарга яқин юртдошларимиз иштирокида Ислом марказида ташкил этилган диний суҳбатда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакиллари томонидан юртимизда сўнгги йиллар давомида диний соҳада амалга оширилаётган ишлар, фуқароларимизнинг диний эркинларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида фикр юритилди ва ватандошларимизни қизиттирган саволларига жавоб берилди.

Америка заминидаги самимий ва амалий руҳда ўтган учрашувларда диаспора ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, ватандошлар иштирокида ўзбекистонлик имом-хатибларини жалб қилган ҳолда турли тадбирларни ташкил этишга келишиб олинди.

Ўзбекистондан ташриф буюрган имом-хатибларнинг АҚШга ташрифи давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер