Ўзбекистон мева экспорти бўйича дунёнинг етакчи давлатларидан бирига айланмоқда

08:26 05 Август 2021 Иқтисодиёт
433 0

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш, соҳада янги, истиқболли навларни яратиш, қайта ишлаш ва унинг экспортини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, юртимизда боғдорчилик қишлоқ хўжалигининг сердаромад тармоғи бўлиб, серқуёш заминимизда етиштирилган мева ва узумлар мазаси, хуштаъмлиги ва шифобахшлиги билан машҳур.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг дастлабки беш ойида умумий қиймати 291,6 миллион АҚШ долларилик 526,9 минг тонна мева ва сабзавотлар экспорт қилинди. Жумладан, унинг 70,2 минг тоннасини мева ва резаворлар, 419,7 минг тоннасини сабзавотлар, 2,0 минг тоннасини узум, 2,8 минг тоннасини қовун-тарвуз ташкил этди. Агар мамлакатимизда пишиқчилик кеч кузгача давом этишини инобатга оладиган бўлсак, мавсум якуни бўйича рақамлар каррасига ортиши табиий, албатта.

 Ўзбек гилоси — ҳақиқий бренд

Ер билан тиллашиш, ундан бир йилда уч-тўрт маротаба ҳосил олиш ҳам — мўъжиза. Шу маънода, Ўзбекистон боғдорчилик, сабзавот-полизчилик сингари қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоқларида бой тажриба ва юксак илмий салоҳиятга эга мамлакат. Бу, айниқса, кейинги йилларда соҳа истиқболига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли янада яққолроқ намоён бўлмоқда. Натижада мева-сабзавот, узум, полиз ва картошка каби боғ ва дала неъматлари етиштириш ҳажми тобора ортиб, уларга бўлган ички эҳтиёжни тўлиқ таъминлаш баробарида, экспорт салмоғи кўпаймоқда. Жуда қисқа давр ичида ўрик, олхўри, гилос, узум, ёнғоқ, карам, шунингдек, бошқа кўплаб мева ва сабзавотлар экспорт қилиш ҳажми бўйича мамлакатимиз дунёда етакчи давлатлар сафидан мустаҳкам жой эгаллагани бунинг яққол тасдиғидир.

Бугун юртимиз гилос етиштириш ва етказиб беришда пешқадамлар сафида эътироф этиляпти. Биргина шу йилнинг январь — май ойларида қиймати 43,4 миллион AҚШ долларига тенг бўлган 27,6 минг тонна гилос экспорт қилингани шундай дейишга асос бўла олади. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу 2020 йилнинг мос давридагига нисбатан 4,3 минг тонна кўпдир.

Айни пайтда Ўзбекистон гилосини 14 та хорижий давлат импорт қилаётган бўлса, Қозоғистон, Россия, Қирғизистон, Украина, Беларусь ҳамда Польша асосий харидор саналади.

Хўш, бунга қандай эришилди?

Соҳа мутахассисларининг айтишича, аграр соҳа тубдан ислоҳ қилиниб, амалиётга замонавий илм-фан ютуқлари, интенсив агротехнологиялар қўлланилаётгани, деҳқон ва боғбонлар фаолияти ҳар томонлама рағбатлантириб келинаётгани тармоқ ривожида янги уфқларни очиб берди. Бу жараёнда паст рентабелли пахта ва ғалла майдонлари босқичма-босқич қисқартирилиб, улар ўрнида янги боғ-роғлар барпо этилаётгани, сабзавот ва полиз экинлари жойлаштирилаётгани ички ва ташқи бозорни сархил неъматлар билан тўлдиришда қўшимча имкониятларни туҳфа қилмоқда.

Узоққа бормайлик, жорий йилнинг баҳорида 63,8 минг гектар мевали боғлар, шу жумладан, 50,0 минг гектарда интенсив боғлар барпо этилди. Эътиборлиси, яратилган ушбу мевали боғларнинг 22,6 минг гектари лалми ва яйлов, 11,3 минг гектари фойдаланишдан чиққан ерлар, 10,7 минг гектари эски боғ-токзорлар, 2,8 минг гектари балл бонитети паст ерлар ҳамда 16,4 минг гектари пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар улушига тўғри келди.

Шу каби саъй-ҳаракатлар туфайли, масалан, Фарғона вилояти энг кўп гилос экспорт қиладиган ҳудудга айланди. Ушбу вилоят боғбонлари 2021 йилнинг дастлабки беш ойида хорижга 13 минг тонна гилос сотишга муваффақ бўлди. Кейинги ўринларни 4,7 минг тонналик кўрсаткич билан Наманган вилояти, 3,8 минг тонналик натижа қайд этиб Тошкент вилояти, 1,7 минг тонналик маррадан ошган Қашқадарё вилояти соҳибкорлари банд этгани диққатга сазовордир.

Хитой бозорини эгаллашимиз мумкин

Ўзбекистон учун Хитой — энг йирик бозорлардан бири. Маълумотларга қараганда, 2016 йили Хитой 5,8 миллиард долларлик мева импорт қилган. 2030 йилга бориб, фақатгина гилос, олхўри, узум ва ўрик мевалари импорти 1,8 миллиард долларгача ўсиши прогноз қилинаётир.

Марказий Осиё мамлакатларининг географик жойлашуви, иқлим шароитлари, қишлоқ жойларда етарлича меҳнат ресурслари мавжудлиги туфайли ушбу турдаги меваларни етиштиришда дунёнинг бошқа ҳудудларига нисбатан анча устунликка эга. Буларнинг барчаси ушбу минтақа мамлакатлари учун Хитой бозорига мева-сабзавотлар экспортини бир неча баробар ошириш имконини беради.

Жаҳон банки экспертлари фикрига кўра, Ўзбекистон гилос, ўрик, олхўри, узум ва ёнғоқ каби маҳсулотлар билан Хитой бозоридан мустаҳкам жой эгаллаши учун улкан салоҳиятга эга. Кейинги пайтларда ана шу салоҳиятдан унумли фойдаланиш учун соҳага давлат сиёсати даражасида устувор аҳамият қаратила бошланди. Натижада шу йилнинг кўкламида 7,1 минг гектарга анор, 4,5 минг гектарга ўрик, 5,3 минг гектарга гилос, 2,5 минг гектарга шафтоли, 2,6 минг гектарга олхўри, 16,1 минг гектарга олма, 10,2 минг гектарга ёнғоқ, 10 минг гектарга бодом ниҳоллари қадалди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассисларининг айтишича, мева-сабзавотчиликка ҳам илм-фан ютуқлари, жаҳоннинг илғор тажрибаси жадал татбиқ этилаётгани туфайли ушбу тармоқда самарадорлик ортмоқда. Бунда янги йўналиш — интенсив боғдорчилик ўзлаштирилгани айни муддао бўлаётир. Мазкур технология асосида пакана ва яримпакана боғлар барпо этиш тажрибаси дастлаб Самарқанд ва Тошкент вилоятларида синаб кўрилди. Янгилик кутилган самара бергач, у мамлакатимизнинг барча ҳудудида татбиқ этилдики, пировардида ҳосилдорлик кескин кўтарилиб, қайта ишлаш ва экспорт салоҳияти бир неча баробар ортди.

Чиндан ҳам, интенсив боғларнинг ҳосилдорлиги ниҳоятда юқори бўлиб, анъанавий усулдаги боғлардагига нисбатан 5-6 баробар кўп мева етиштириш мумкин. Ахир замонавий технологияга кўра, ҳар гектар ерга 2,5 минг тупгача кўчат экилади. Ваҳоланки, одатдаги боғларга кўпи билан 300 — 400 туп кўчат қадалади, холос. Шунингдек, пакана дарахтлардан дастлабки йилда нишона ҳосил олинса, иккинчи йилда гектаридан 10, учинчи йилда эса 20 тоннадан мева териб олинади.

Таъкидлаш керакки, дастлаб хориж технологиясига асосланган боғларда олма, беҳи, нок сингари уруғлик мевали дарахтлар ўтқазилган бўлса, эндиликда ўрик, шафтоли, олхўри, гилос каби данакли мевали дарахтлар кўчати ҳам экиляпти. Энг асосийси, бундай боғдорчилик материалларини ўзимизда етиштириш йўлга қўйилди. Бунинг ҳисобига кўчатлар импорти тобора камаймоқда.

Бугунги кунда Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Наманган вилоятларида йилига 17 миллион тупдан ортиқ вируссиз интенсив пайвандтагларни етиштириш ҳамда кўчатга бўлган ички талабнинг 60 — 70 фоизини таъминлаш имкониятига эга 6 та “In-vitro” лабораторияси фаолияти йўлга қўйилган. Бундан ташқари, 23 та интенсив кўчат етиштирувчи хўжалик ташкил этилиб, Европа давлатларидан келтирилган пайвандтаглар асосида ниҳоллар етказиб берилмоқда. Бунинг эвазига бир туп кўчат нархини ўртача 7 доллардан 3,5 долларгача пасайтиришга эришилди.

Узумни еб, боғини ҳам сўранг

Маълумотларга қараганда, охирги тўрт йилда мева-сабзавотлар экспортида узумнинг улуши икки бараварга кўпайди. Бундай натижага эришилишида ушбу давр ичида 52 минг гектар янги токзорлар ташкил этилиб, соҳага 210 миллиард сўм субсидиялар ажратилгани ҳал қилувчи аҳамият касб этгани айтилмоқда.

Бинобарин, узумчилик — боғдорчиликнинг энг сердаромад тармоқларидан бири. Содда қилиб айтганда, 1 гектар ғалла майдонида 2 киши ишлаб, кўпи билан 20 миллион сўмлик маҳсулот етиштирилса, узумчиликда, хусусан, шпалер усулида 10 нафаргача аҳолини иш билан таъминлаб, 300 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, ўртача 25 минг долларлик экспорт қилиш мумкин. Ёки бўлмаса, 1 гектар хўраки узум етиштириш учун ўртача 100 миллион сўм харажат қилиб, 4 йилдан кейин йилига 250 миллион сўм соф фойда олиш мумкин.

Афсуски, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий аҳамияти катта бўлган узумчиликка яқин-яқингача етарли даражада эътибор қаратилмагани туфайли соҳа бирмунча оқсаётганди. Айниқса, селекция ишларида жаҳон давлатларидан ортда қолиб кетяпмиз. Шу боис Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 7 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, узум бўйича Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини келгуси тўрт йилда камида 600 миллион долларга, майиз бўйича 500 миллион долларга етказиш мумкин. Чунки жаҳон бозорида хўраки узум савдоси мевалар ичида учинчи ўринда бўлиб, ҳар йили унга бўлган талаб ўртача 350 миллион долларга ўсмоқда. Ана шу бозорни эгаллаш учун саъй-ҳаракатлар аллақачон бошлаб юборилгани таҳсинга лойиқ.

Гап шундаки, ўтган йили Олтиариқ туманида ғалла майдонлари қисқартирилиб, 2 минг гектар ерда йирик токзорлар барпо этилди. Шунингдек, Фориш, ўаллаорол, Янгиобод, Чироқчи, Пайариқ, Қўшработ туманларида ҳам янги токзорлар яратилди. Эндиликда ушбу тажриба асосида 44 та туманда янги экспортбоп узум плантацияларига асос солинади.

Қувонарлиси, жаҳон бозорида харидоргир узум берадиган токзорлар яратишнинг ташкилий ва молиявий томонлари ҳал қилинган. Яъни сертификатланган янги узум плантацияларининг ҳар бир гектарига 10 миллион сўмдан субсидия берилади. Токзорлар ташкил этишни молиялаштириш учун эса банкларга 100 миллион доллар миқдорида ресурс ажратилади. Бундан ташқари, токзорларга шпалер ўрнатиш харажатларининг 30 фоизгача қисми бюджетдан қопланадиган бўлди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки токни шпалерга кўтариш ҳисобига ҳосилдорликни 2-3 баравар кўпайтириш мумкин экан. Бунинг учун зарур бўлган махсус шпалерлар эса Италия ва Туркия тажрибаси асосида ўзимизда ишлаб чиқарилаётгани боғбонлар ишини енгиллаштириши тайин. Ҳозирги кунда йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1 миллион дона бўлган 9 та корхона фаолият юритаётганини айтиш жоиз.

Ушбу саъй-ҳаракатлар замирида, аввало, боғбонларни қўллаб-қувватлаш ва узумчилик салоҳиятини кўтариш, қолаверса, юртимиз узум навларининг миллий брендини яратишни рағбатлантиришдек эзгу мақсад-муддао мужассамдир.

Экспортни оширувчи муҳим манба

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, бугунги кунда фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида мавжуд иссиқхоналарнинг умумий майдони 5,3 минг гектарга етади. Шундан 906 гектари гидропоника усулида ташкил этилган. Ушбу иссиқхоналарда 2020 йилда 352 минг тонна маҳсулот, шу жумладан, 277 минг тонна помидор, 60 минг тонна бодринг, 9 минг тонна лимон ва 7 минг тонна бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди. Шундан 118 минг тоннаси экспорт қилиниб, 83 миллион долларлик валюта тушумига эришилди.

Дарҳақиқат, қишлоқ хўжалиги экспорт салоҳиятини оширишда иссиқхона хўжаликлари энг муҳим манбалардан бири саналади. Шунинг учун янги иссиқхоналарни қуриш бўйича ташаббуслар ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Жорий йилда 746 нафар ташаббускор томонидан 2,3 минг гектар майдонда умумий қиймати 8 445 миллиард сўмлик иссиқхоналарни ишга тушириш режалаштирилган эди. Бугунги кунга қадар ушбу мақсадларга 768 миллиард сўм йўналтирилиб, 270 гектар майдонда 111 та замонавий иссиқхона фойдаланишга топширилди ва уларда 2 минг 160 та янги иш ўрни яратилди.

Замонавий иссиқхоналар ташкил этиш бўйича бу каби лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилишида, айтиш мумкинки, металл конструкциялар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилгани қўл келяпти. Айни пайтда юртимизда бунга ихтисослаштирилган 9 та завод фаолият юритаётган бўлиб, улар томонидан металл конструкциялар, кокос субстратлари, иситиш, ёритиш ва вентиляция тизимлари, шунингдек, плёнкали ва поликарбонат қопламалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларидан фойдаланиш эса иссиқхона қуриш таннархини 90 минг доллар/гектарга пасайтириш имконини бергани эътиборга лойиқ жиҳатдир.

Ер ресурсларидан унумли фойдаланиш, фермер хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги субъектлари даромадини кўтариш ҳамда сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш орқали экспорт ҳажмларини ошириш мақсадида 2021 — 2026 йилларда 6,7 минг гектар майдонда замонавий иссиқхоналар ташкил этилиши режалаштирилган.

115 та ҳудуд олмачиликка ихтисослаштирилади

Бугун юртимиз боғдорчилигида сифат ўзгаришларига эришиш йўлида кўплаб истиқболли лойиҳаларга қўл урилмоқда, янги-янги механизмлар ишга тушириляпти. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида ташкил этилган “Агросервис оператор” ДУК томонидан ҳаётга татбиқ қилинаётган шундай янгиликлардан бири шуки, республикамизнинг 10 та ҳудудида камида 4,5 минг гектар интенсив боғлар барпо қилинади. Бунинг учун Жаҳон банкининг 65 миллион доллар маблағи йўналтириляпти.

Асосийси, ушбу боғлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 1 — 5 гектардан тайёр ҳолда, маблағни узоқ муддатга (7 йилгача) бўлиб тўлаш шарти билан берилади. Бунда ташаббускордан гаров таъминоти талаб этилмайди ва уч йил давомида боғда агротехника тадбирларини тўғри ташкил этиш бўйича боғ эгаларининг малакаси оширилади.

Айни пайтда ушбу механизм асосида 2 минг 750 гектар майдонда янги боғ ва токзорларга асос солиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари томонидан дастлабки таклифлар шакллантирилди.

Шу билан бирга, 30 минг гектар ер майдонида сув тежамкор технологиялар асосида интенсив боғлар ташкил этиш саъй-ҳаракатлари бошланган. Мазкур боғларга кўчатлар шунчаки ўтқазилмайди, балки мевали дарахтларнинг ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган навлари танлаб экилади. Масалан, олманинг “Пинк леди”, “Фуджи”, “Гренни Смит”, “Скарлет Спур”, “Голден делишес”, “Жеромин”, ўрикнинг “Рубиста”, “Ледий гот”, гилоснинг “Свитхарт”, “Самба”, шафтолининг “Биг-бэнг”, “Бритни лайн”, нокнинг “Уилмс”, “Конферанце” ва олхўрининг “Атумн жент”, “Эрли квин” навлари шулар жумласидандир.

Умуман олганда, мамлакатимиздаги 44 та туманнинг 115 та ҳудуди олмачиликка ихтисослаштирилади. Пировардида олма боғларининг майдони 120 минг гектарга етказилиб, 2023 йилда улардан 3,6 миллион тонна ҳосил олинади. Етиштириладиган маҳсулотнинг 1 миллион тоннадан кўпи қайта ишлашга йўналтирилиб, мазкур йўналиш қувватларининг хом ашёга бўлган эҳтиёжи тўлиқ таъминланади. Қолган қисми эса экспорт қилинади.

Ушбу мақсад-муддаоларга эришиш эса кўп жиҳатдан белгилаб олинган устувор вазифаларнинг ўз вақтида сифатли бажарилишига боғлиқ. Зеро, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — болдек ширин мевалар етиштириш ҳажмини кескин ошириш, экспорт салоҳиятини каррасига кўтариш орқали Ўзбекистонни жаҳон озиқ-овқат бозорида етакчига айлантириш эканлигини эътибордан соқит қилмаслик даркор.

Шавкат ҲАСАНОВ,
Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали директори,
иқтисодиёт фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?