Ўзбекистон маҳалла тизими ходимлари ва фаолларига

10:25 22 Март 2023 Сиёсат
1012 0

Фото: Архив сурат

Қадрли ватандошлар!

Ҳурматли маҳалла тизими ходимлари ва фаоллари!

Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда кўпмиллатли бутун халқимизни мамлакатимизда кенг нишонланаётган муҳим сана – Маҳалла тизими ходимлари куни билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг ҳурмат-эҳтиромимни билдираман.

Миллий ўзлигимиз тимсоли бўлган маҳаллаларимиз гўзал ва бетакрор Ватанимизда тинчлик ва аҳиллик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик маконига айлангани билан албатта барчамиз фахрланамиз.

Ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган бу идоранинг нуфузини ошириш, уни чинакам халқ виждонига айлантириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида кейинги йилларда улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Бу ишлар аввало бандликни таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, хотин-қизлар, ёшлар, нуроний отахон ва онахонларимизга манзилли ёрдам кўрсатиш, фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар билан уйғун ҳолда олиб борилаётгани диққатга сазовордир.

Айниқса, барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизими кенг жорий этилиб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилгани ижобий самара бермоқда. Бунинг тасдиғини маҳаллаларда тадбиркорлик ривожланиб, янги иш ўринлари, доимий даромад манбалари яратилаётгани, барқарор ижтимоий-маънавий муҳит мустаҳкамланиб, жиноятчилик камайиб бораётгани мисолида кўриш мумкин.

Биргина ўтган йилнинг ўзида маҳалла фаоллари кўмагида юз минглаб ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминлангани, 9 минг 400 дан ортиқ маҳалланинг қарийб 3 мингтаси ёки 31 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани шундан далолат беради.

Маҳаллаларни обод қилиш, уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишларимиз мамлакатимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб, халқимиз турмуш даражаси ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, 2022 йилда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ҳамда бошқа дастурлар доирасида бюджетдан ажратилган қарийб 27 триллион сўм маблағ ҳисобидан 4 мингта маҳаллада кенг кўламли қурилиш ва ободончилик ишлари амалга оширилгани, юзлаб мактаб, боғча, тиббиёт масканлари барпо этилгани ва янгилангани, электр энергияси, ичимлик суви, табиий газ ва иссиқлик таъминоти, йўл ва транспорт тизимлари фаолияти яхшиланганини таъкидлаш лозим. 2023 йил – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да ушбу мақсадлар учун яна 5 минг 800 та маҳаллага 30 триллион сўм маблағ йўналтирилади.

Энг муҳими, юртдошларимизнинг ижтимоий фаоллиги, ўз маҳалласи, эл-юртимиз тақдири ва келажагига дахлдорлик ҳисси ортиб бормоқда. Бу борада “Ташаббусли бюджет” дастури жорий этилгани муҳим роль ўйнамоқда. Ушбу дастур доирасида илгари сурилаётган таклифлар асосида аҳоли ҳаётига тааллуқли кўпгина долзарб масалалар ўз вақтида ва самарали ҳал этилмоқда.

Азиз юртдошлар!

Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ролини янада ошириш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади. Шу мақсадда маҳалла фуқаролар йиғинига ўзи жойлашган ҳудуддаги халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари сессияларига таклифлар киритиш, кенгаш қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишда иштирок этиш ҳуқуқи берилмоқда. Шунингдек, аҳоли ўртасида эътирозларга сабаб бўлаётган ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш учун маҳалла раиси томонидан муҳокамалар ўтказиш, ҳар ойда маҳалла кенгашида тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг ахборотларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилиб, “маҳалла назорати” ва “маҳалла раиси сўрови” институтлари жорий этилади.

Бу йил тарихимизда биринчи марта тажриба тариқасида ҳар бир ҳудуддаги битта туманда “маҳалла бюджети” тизими ўрнатилиб, мол-мулк ва ер солиғининг бир қисмини маҳаллаларнинг ўзида қолдириш кўзда тутилмоқда. Бу эса маҳаллаларимиз ҳудудидаги мавжуд муаммоларни бевосита улар томонидан мустақил ҳал этилишида муҳим аҳамиятга эга. Ушбу тажрибанинг амалий натижаларига қараб, келгусида уни бутун республикамизда йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқамиз.

Бир сўз билан айтганда, маҳаллаларни фуқаролик жамиятининг таянч устунига, чинакам халқчил тузилмага айлантириш учун барча чора-тадбирларни кўрамиз.

Муҳтарам дўстлар!

Юртимизда Наврўз нафаси кезиб юрган мана шундай шукуҳли кунларда шаҳар ва қишлоқларимиз, овул ва маҳаллаларимизда умумхалқ ҳашарлари, улкан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида миллионлаб кўчатлар экилмоқда, янги боғ ва хиёбонлар барпо этилмоқда.

Бугунги тинч, эркин ва осуда ҳаётимизни қадрлаш, маҳаллаларда, бутун юртимизда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёлғиз кексалар, эҳтиёжманд оилалар, бемор ва ногирон инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича эзгу ва савоб ишлар кучайтирилмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, ана шундай олижаноб ишларга бош-қош бўлиб келаётган жонкуяр маҳалла оқсоқоллари ва фаолларига, ўзининг фидокорона меҳнати билан эл-юртимиз равнақига беқиёс ҳисса қўшаётган барча юртдошларимизга самимий миннатдорлик билдираман.

Биз маҳаллаларимизни янада обод ва фаровон этишда бундан буён ҳам сизларнинг куч-ғайратингиз, бой билим ва тажрибангиз, бунёдкорлик салоҳиятингизга таянамиз. Чунки, Янги Ўзбекистонни барпо этишда биз учун энг муҳим ва асосий пойдевор бу – халқ овози, халқ фикри устувор бўлган маҳалладир.

Сиз, азизларни бугунги байрам билан, юртимизда давом этаётган Наврўз айёми ҳамда кириб келаётган муборак Рамазон ойи билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, хонадонларингизга файзу барака, серқирра ва масъулиятли фаолиятингизда ютуқ ва омадлар тилайман.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер