Ўзбекистон маданий мероси – таниқли шарқшунос олимлар нигоҳида

15:55 25 Июль 2022 Жамият
296 0

Фото: Халқ сўзи

Аввал хабар қилинганидек, кўҳна ва гўзал Самарқандда «Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори» мавзусида VI халқаро конгресс бўлиб ўтди. Уч кун давом этган ушбу халқаро анжуман куни кеча ўз ишини якунлади.

Заминимиз азалдан илм-фан ва маданият бешиги бўлиб келган. Бу ерда яратилган маданий ва маънавий бой мерос нафақат минтақа, балки жаҳон свилизацияси тараққиётида ғоятда муҳим ўрин тутади. Аждодларимизнинг адабиёт, мусиқа, архитектура каби нафис санъат соҳаларида қолдирган беқиёс тафаккур гулшани бугунги кунда ҳам ўз оҳанрабоси билан илму маърифат аҳлини ром этиб келмоқда.

Ўзбекистоннинг маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ҳамда ўндан ортиқ халқаро ва миллий ташкилотлар кўмагида Самарқандда ташкил этилган навбатдаги халқаро конгрессда ҳам ушбу фикрлар алоҳида таъкидлаб ўтилди. Қайд этиш керакки, халқаро анжуман доирасида «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги ўнта янги китоб-альбом, шунингдек, Франция миллий кутубхонаси фондида сақланаётган ноёб қадимий қўлёзмаларнинг нашри тақдимотларининг ўтказилиши тадбирнинг асосий воқеаси бўлди.

— Мен дунёнинг турли мамлакатларида бўлиб, тарихга оид материалларни излаб топиш ва улар устида изланишлар олиб бориш билан шуғулланаман ҳамда ушбу изланишларимдан Ўзбекистоннинг бой маданий меросини тарғиб этишда фойдаланаман, — дейди Франциялик иштирокчи Шарлотта Крамер. — Париждаги музейда Мирзо Улуғбекнинг осмондаги юлдузларнинг жойлашуви ҳақидаги китобини топдик. Тушунишимизча, ушбу китоб алломанинг асосий асарларидан бири бўлган. У олимнинг келажакдаги тадқиқотлари учун ўзига хос асос бўлган. Ишончим комилки, китоб халқаро эътиборга, кенг қамровли ўрганишга лойиқ. Чунки ушбу асар тарихий ва илмий оламда астрономнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган асари сифатида асосий қўлёзма ҳисобланади.

— Ўзбек ва тожик халқлари қадимдан қон-қардош бўлиб, аҳил-иноқликда яшаб келяпти, ўз навбатида асрлар давомида икки халқ ўртасидаги маданий алоқалар ҳам ривожланиб бормоқда, — дейди тожикистонлик Шодимуҳаммаад Суфизода. —  Урф-одат ва анъаналаримиз, қадриятларимиз муштарак. Бўлиб ўтган халқаро анжуман эса ана шу алоқаларимизни янада мустаҳкамлашга, нафақат бизда, балки бошқа кўплаб давлатларда ўзбек миллий маданий меросига бўлган қизиқишни оширишга, маданий мерос объектларини дунё бўйлаб излаб топиш ва асраб-авайлашга хизмат қилади. Ўзбекистонда маданий меросни асраб-авайлашга қаратилаётган эътибор таҳсинга лойиқ.

Анжуман доирасида, шунингдек, «Халқларни бирлаштирувчи мерос», «Марказий Осиё ва Озарбайжон», «Жаҳон ҳамжамияти учун янги йўналишлар: истиқболдаги режалар», «Миллий музейлар ва тўпламлар - жаҳон ҳамжамияти диққат марказида» сингари мавзуларда давра суҳбатлари ҳам ташкил этилди. Хуллас, уч кун давомида дунёнинг қирққа яқин давлатидан келган таниқли шарқшунос олимларнинг Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари маданий меросига бағишланган юздан ортиқ маърузалари тингланди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг бой санъатига оид «Орол ва Аму қирғоқларида. Қорақалпоқ санъати», «Безак: эстетика, сеҳр, маъно» номли нашрлар тақдимотлари ҳам ўтказилди.

— Мен 40 йилдан буён Ўзбекистон, хусусан, Самарқандга келиб тураман ва бу эртакмонанд шаҳар чиндан ҳам очиқ осмон остидаги музей саналади, — дейди россиялик иштирокчи Татяна Емелианинко. — Шаҳардаги ҳар бир қадимий ёдгорликни сақлаш, асрашга давлат томонидан кучли эътибор қаратилади. Ўзбекистон музейларида сақлаб келинаётган ноёб коллекциялар бугун альбом сифатида дунёнинг турли нуқталарида нашр этилмоқда. Бу ҳам осори атиқаларни сақлаш, келгуси авлодга қолдириш ва дунёга танитишга хизмат қилади, албатта. Биласизми, ноқулай табиий ҳодисалар юз берган тақдирда ҳам альбом ва китоблар сақланиб қолинаверади. Юртингизда музейлардаги экспонантларни реставрация қилишга ҳам эътибор алоҳида эканини яхши биламан. Бу Ўзбекистонда мавжуд маданий меросни асраб авайлаш даражаси юқори эканидан далолатдир. Ана шу жиҳат кўплаб хорижлик мутахассисларнинг эътиборини тортмоқда, дейишга асос бўла олади.

Конгресс давомида халқаро экспертлар, олим ва мутахассислар мавзу доирасида ўзаро таклиф ва мулоҳазаларини баён этишди. Шу билан бирга юртимизнинг тарихий обидалари, Янги Ўзбекистонда қўлга киритилаётган ютуқлар, халқимизнинг бой ва бетакрор анъаналари, маданият ва санъатимиз билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер