Ўзбекистон крикет федерацияси ва Покистон крикет кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолади

22:47 22 Сентябр 2021 Спорт
1403 0

Фото: "Халқ сўзи"

Жорий йилнинг июль ойида Покистон Ислом Республикаси бош вазири Имрон Хон мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида Кўксаройда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида ҳужжатлар алмашинуви маросимидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида икки давлат ўртасида дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш шу жумладан, крикет спорт турини мамлакатимизда ривожлантириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилган эди.

Шундан сўнг Ўзбекистон крикет федерацияси раиси Азиз Михлиев Покистон Ислом Республикасининг Лаҳор шаҳрига хизмат сафари уюштириб, Покистон крикет кенгаши мутасаддилари билан учрашди.

Ўзаро мулоқотда Ўзбекистон крикет федерацияси ва Покистон крикет кенгаши ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон крикет федерацияси ҳамда Покистон крикет кенгаши ўртасидаги ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш борасида ҳам келишувга эришилди ҳамда Азиз Михлиев ва Покистон крикет кенгаши раиси Рамиз Рожа ўртасида мамлакатимизда крикетни интеллектуал ривожлантириш тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Ушбу меморандумга мувофиқ, эндиликда Покистон крикет кенгаши томонидан крикет бўйича ўқув-таълим ишлари амалга оширилади. Бунда асосан мураббийлар ва крикетчиларимизнинг маҳоратларини оширишга эътибор қаратилади.

Покистон крикет кенгаши томонидан махсус дастурга мувофиқ, мутахассислар юборилади ва улар томонидан босқичма-босқич ҳакамлик курслари, мураббийлик курслари, турли даражадаги амалий ва назарий ўқув-йиғинлари ўтказилади. Бундан ташқари Покистоннинг Лаҳор шаҳридаги крикет бўйича миллий маҳорат марказида турли ёшдаги жамоаларимиз учун ўқув-машғулотларини ташкил этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер