Ўзбекистон коронавирусга қарши оммавий эмлашда Россия ва Хитойда ишлаб чиқарилган вакциналардан фойдаланади

11:34 26 Февраль 2021 Жамият
6741 0

Ўзбекистон аҳолисини оммавий эмлаш мақсадида дунёнинг 12 та фармацевтика компанияси ҳамда илмий-тадқиқот марказлари билан COVID-19 гa қарши вакциналарни тезкор етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Бу ҳақда инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шаҳло Турдиқулова маълум қилди.

Қайд этилишича, коронавирусга қарши эмлашнинг халқимиз учун энг самарали ва тезкор йўллари изланмоқда.

«Жумладан, оммавий эмлашга тайёргарлик доирасида ўзбекистонлик бир гуруҳ мутахассислар «Спутник V” вакцинасини ишлаб чиқариш жараёни билан танишиш мақсадида Россия Федерациясига хизмат сафарига юборилди. Сафар давомида «Спутник V” вакцинасини Ўзбекистонга етказиб бериш ҳамда юртимиз фуқароларини мазкур вакцина билан эмлаган ҳолда Россия Федерацияда ишлашига рухсат бериш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Мамлакатимизга тақдим этилган юз доза миқдоридаги «Спутник V” вакцинасининг лаборатория текширувлари ҳамда Россияда ўтказилган учинчи босқич клиник синовлари натижалари асосида Ўзбекистон Республикасида сертификатланган ҳолда оммавий қўллашга рухсат этилди. Ҳозир Россия тўғридан-тўғри инвестиция фонди билан бир миллион доза «Спутник V” вакцинасини харид қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Мамлакатимизга коронавирусга қарши вакцина келтириш борасида барча имконият ва воситалардан фойдаланишга ҳаракат қилиняпти. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси GAVI (Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс) ташкилотининг COVAX (коронавирусга қарши эмлаш механизми) фондига аъзо давлатлар қаторига киритилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур фонд ҳисобидан юртимиз аҳолисининг йигирма фоизини коронавирусга қарши эмлаш бўйича етарли миқдорда вакцина келтириш бўйича буюртма тайёрланиб, GAVI ташкилотига тақдим этилган. CОVAX фонди дунё бўйлаб вакциналарни ишлаб чиқариш имкониятидан келиб чиққан ҳолда, шу йилнинг ярмигача мамлакатимизга 2,64 миллион доза AstraZeneca вакцинаси босқичма-босқич етказиб берилишини маълум қилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи чоғида Инновацион ривожланиш вазирлиги (Ўзбекистон) Фан ва техника вазирлиги (Хитой) ўртасида Илмий-техник ҳамкорлик бўйича қуйи қўмита фаолияти йўлга қўйилган эди. Мазкур қўмита томонидан коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқишда ҳамкорлик ўрнатиш бўйича амалий чоралар кўрилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги, Хитой Фанлар академияси Микробиология институти ва ушбу мамлакатнинг Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd компанияси ҳамкорлигида коронавирусга қарши янги рекомбинант вакцинаси бўйича тадқиқотлар олиб борилди.

Ҳамкорлик доирасида Хитойнинг Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd компанияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Вирусология илмий-тадқиқот институти ўртасида уч томонлама шартнома асосида коронавирусга қарши “ZF 2001» вакцинаси бўйича клиник тадқиқотлар ўтказиш юзасидан битим имзоланди.

Вакциналар яратилиши бўйича тўрт хил хусусиятга эга бўлади. Биринчиси, кучсизлантирилган SARS-CoV-2 вакцинаси бўлиб, организмга юборилганда вирус қайта фаоллашиши ҳамда коронавирус инфекциясини келтириб чиқариши мумкин.

Иккинчиси, м-РНК турдаги вакцина ҳимоя қобиғига ўралган коронавирус геноми фрагменти асосида яратилади. Бу янги технология бўлиб, олдин қўлланмаган. Инсон саломатлигига таъсири номаълум. -70°С ёки -80°С шароитда сақлаш лозим. Бироқ бундай имконият фақат махсус лабораторияларда мавжуд.

Учинчиси — аденовирус векторли вакциналар аденовирус асосида сунъий яратилган вирус ва коронавирус оқсилини кодловчи ген бўлагидан ташкил топган. Одам организмига коронавирус ДНК бўлаги киргач, коронавируснинг тузилиш оқсили синтезланади. Ёт ДНК бўлагининг одам геномига интеграциялашиш эҳтимоли мавжуд.

Тўртинчиси, рекомбинант оқсил вакциналари коронавирус ташқи оқсили биотехнологик усул билан синтезланиб олинади. Организмга юборилганда оқсилга нисбатан иммун жавоб ҳосил бўлади. Бошқа турдаги вакциналар билан солиштирганда, энг юқори хавфсизлик профилига эга. Сўнгги ўн йилда кенг қўлланган вакцина тури ҳисобланади. Гепатит, папиллома, пневмония, менингакокк ва бошқа хасталикларга қарши иммунитет ҳосил қилиш учун қўлланган. Сақлаш шароити ҳам мавжуд имкониятларга мос: +2°С дан +8°С гача муҳитда сақлаш мумкин.

“ZF 2001» вакцинаси рекомбинант оқсил вакциналари туркумига мансублиги ҳамда ножўя таъсирлар юзага келиши бошқа турдаги вакциналарга нисбатан камлиги инобатга олиниб, унинг клиник тадқиқотларини ҳамкорликда ўтказишга қарор қилинди. Мазкур вакцинанинг бир ва икки босқичли клиник синовлари натижаларига кўра ножўя таъсири 0,3-0,5 фоиздан кам бўлган.

Рекомбинант оқсилли “ZF 2001» вакцинаси Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази томонидан белгиланган тартибда барча хавфсизлик кўрсаткичлари синовидан ўтказилди. Унинг ижобий натижалари асосида аҳоли орасида учинчи босқич клиник синовларга рухсат берилди.

Ушбу тадқиқотлар ҳамкорликда ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd компаниясининг саккиз нафар илмий ходими ва мамлакатимиздан ўттиз нафар олим ҳамда 112 нафар тиббиёт ходими иштирокида юртимизда ўтказилмоқда.

Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, “ZF 2001» вакцинасининг учинчи босқич клиник синовлари дастлабки босқичи тиббиёт ходимлари томонидан клиник синовда қатнашувчи шахсларнинг тиббий назоратини тизимли ташкил этиш учун Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия кўнгилли хизматчиларида ўтказилиши белгиланди.

Тадқиқотларда ҳар бир кўнгилли иштирокчи 28 кун оралиғида уч дозада «вакцина/платсебо» схемасида эмланиши кўзда тутилди. Бугунги кунга қадар 6835 киши биринчи, 4064 киши иккинчи ва 254 нафар кўнгилли учинчи доза билан эмланди. Клиник синовда қатнашувчилар умумий ўн маротаба поликлиникага келиб, кўрикдан ўтиши белгиланган. Синов иштирокчиларининг биринчи эмлашдан кейин етти кун давомида, кейинги ҳар бир эмлашдан сўнг саккизинчи куни тиббий кўрикдан ўтиши таъминланмоқда. Шунингдек, ҳар уч кунда call center ходимлари телефон орқали боғланиб, кўнгиллиларнинг аҳволидан мунтазам хабардор бўлмоқда.

Бизни хурсанд қилган натижа шуки, Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd компанияси коронавирусга қарши вакцинани яратишда Ўзбекистоннинг ҳиссаси ва саъй-ҳаракатларини инобатга олиб, мамлакатимизни “ZF 2001» вакцинасини бирга яратган ҳаммуаллиф давлат сифатида эътироф этди. Ушбу янги вакцинани “ZF-UZ-Vac2001» номи билан биргаликда ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланишга розилик билдирилди.

Бугунги кунда вакцинанинг мамлакатимизда учинчи босқич синовлари муваффақиятли ўтказилаётгани ва Ўзбекистоннинг ушбу вакцинани яратиш ва ишлаб чиқаришда ҳаммуаллиф давлат этиб белгилангани инобатга олиниб, “ZF-UZ-Vac2001» вакцинасини фавқулодда вазиятларда фойдаланишга рухсат бериш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Вакцина ҳаммуаллифи сифатида тан олиниш мамлакатимизга кўплаб янги имкониятларни тақдим этади. Аввало, эмлаш воситаси юртимизда ишлаб чиқарилади. Ўзбекистоннинг бренди сифатида дунёга танилади. Минтақа аҳолисига вакцина етказиб берувчи давлат мақомига эришамиз. Шундай бўлгач, юртдошларимизни коронавирусга қарши эмлаш жаҳондаги вакцина ишлаб чиқарувчилар таклиф этган қийматдан анча арзонга тушади. Бу — пандемия ҳали-ҳамон инсониятни таҳликада тутиб турган бир пайтда дунёнинг кўплаб давлатлари ҳавас қилгулик муваффақият.

Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ишларига тайёргарлик кўриш ва уларни амалга ошириш билан боғлиқ вазифалар белгилаб олинди. Унга мувофиқ халқаро тажриба асосида хавф гуруҳига кирувчи шахслар, яъни дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 4 миллиондан зиёд аҳолини биринчи навбатда эмлаш режалаштирилмоқда. Бу тоифага 65 ёшдан юқори қариялар, тиббиёт ходимлари, сурункали касалликка чалинганлар, мактабгача ва умумтаълим муассасалари ходимлари, Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари киритилган», дея маълум қилган Шаҳло Турдиқулова.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер