Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ҳам энди журналистлар тайёрланади

17:44 27 Июнь 2022 Жамият
762 0

Фото: Халқ сўзи

Бу ҳақда олий таълим муассасасида «27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни» муносабати билан ўтказилган байрам тадбири маълумот берилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, ОАВ ходимлари ҳамда академия ўқитувчи ва ходимлари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар сўнгги йилларда юртимизда сўз эркинлигига бўлган эътибор янги даражага кўтарилганини қайд этишди. ОАВ демократик қадриятларни қарор топтириш, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етказиш, янги Ўзбекистоннинг демократик қиёфасини шакллантиришда муҳим роль ўйнаётганини таъкидлашди.

Тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.

Таъкидлаш жоизки, 2022/2023 ўқув йилида Ўзбекистон халқаро ислом академиясида илк бор бакалавриатнинг кундузги ҳамда сиртқи таълим шаклларига «Журналистика (халқаро журналистика)” ҳамда магистратура босқичининг «Журналистика (интернет журналистика)” йўналишига абитуриентлар қабули эълон қилинди. Шунинг ўзи ҳам бугунги кунда мазкур соҳа вакилларига бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораётганини кўрсатади.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бўлажак журналист кадрларга таълим беришда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси амалий ёрдам беришга тайёр эканини маълум қилди.

Тадбирда юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда ёш авлоднинг баркамол вояга етиши, халқаро стандартлар асосида таълим олиши, илм-фан, касб-ҳунар чўққиларини эгаллаши ҳамда халқимиз маънавий-маърифий юксалиши борасидаги янгиланишларни кенг жамоатчиликка самарали етказишда академия билан фаол ҳамкорлик қилиб келган бир гуруҳ ОАВ ходимлари байрам муносабати билан тақдирланди. Уларга ташаккурномалар ва эсдалик совғалари берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер